Англия Суперкубоги доирасидаги «Манчестер Сити»га қарши баҳсда икки ўйинчи «Ливерпуль»га ёрдам бера олмайди.
Клуб расмий сайти хабарига кўра, жамоа дарвозабони Алиссон Таиландда ўтган 12 июль кунги «МЮ»га қарши ўртоқлик баҳсидан (0:4) кейин жароҳати сабабли майдонга туша олмаяпти. У куни кеча жамоавий машғулотларга қайтган, аммо ўйингача тайёр бўлмайди.
Португалиялик ҳужумчи Диогу Жота ҳам «Манчестер Сити» билан ўйинни жароҳати сабабли ўтказиб юборади.
«Алиссон ва Диогуда бу ўйинда майдонга тушиш имконияти йўқ. Дарвозабонимиз АПЛ 1-тури доирасидаги «Фулҳэм»га қарши баҳсгача сафга қайтиши мумкин. Жота ҳақида ҳам шундай десак бўлади», - дейди Юрген Клопп.
Маълумот учун, «Ливерпуль» - «Манчестер Сити» учрашуви 30 июль куни соат 21:00да бошланади. АПЛ янги мавсуми старти эса 6 август кунига белгиланган.