«Барселона» янги стратегияси билан катта таваккал қилмоқда. Шу тарзда келажагини барбод қилиши мумкин
Чоршанба, 27 Июль
15182
Фото: Getty images

«Барселона» телевизион ҳуқуқларининг бир қисмини Sixth Street инвестиция компаниясига берди. Ўтган ҳафтада клуб ТВ ҳуқуқларининг 15 фоизини 25 йил муддатга 400 млн еврога сотди. Аввалроқ, худди шу компанияга 10 фоизини 207,5 млн еврога сотганди. Демак, энди Sixth Street ТВ ҳуқуқларининг 1/4 қисмига эгалик қиладиган бўлди. 

Каталония клуби президенти Жоан Лапорта келишувни «иккинчи иқтисодий дастакнинг фаоллашуви» деб атамоқда. Унинг мақсади – клуб қарзларидан қутулиш ва молиявий аҳволни яхшилаш. 

Бироқ, янги футболчиларни рўйхатдан ўтказиш учун учинчи дастакни ҳам фаоллаштириш керак бўлади. Бунда ТВ ҳуқуқларининг 49 фоизи Barça Studios компаниясига сотилади (улар «Барселона» учун ижодий маҳсулотларни яратиш билан шуғулланади). 

Айни дамда клубга тахминан яна 100 миллион евро керак ва бу маблағ Ла Лига бошланишидан олдин қўлга киритилиши лозим. Испаниянинг Cope нашрига кўра, янги футболчилар учун «Барселона»га тўртинчи дастак ҳам керак бўлиши мумкин. Яъни пул топиш учун яна нималарнидир сотишга тўғри келади. Шу билан бирга, клуб ўзини гўё ҳамма ишлар жойида қабилида тутишда давом этмоқда. 

Лапортанинг стратегияси келажакда катта муаммоларни келтириши мумкин

Клубнинг иқтисодий масалалар бўйича директори Эдуард Ромеунинг сўзларига кўра, Лапорта ёзда жамоага қўшилган янги футболчилардан (Роберт Левандовски, Рафинья, Андреас Кристенсен, Франк Кессиэ) ташқари, қўшимча равишда трансферлар учун яна 200 миллион евро сарфламоқчи. 

«Барса» президентининг нияти жуда оддий – ҳозир ва шу ердаёқ фойда кўриш. Аммо у келажак истиқболлари ҳақида қайғурмаяпти. 

«Нега «Барселона» ҳамон Суперлига ғоясига ўралашмоқда? Бунинг жавоби аниқ! 1,4 миллиард евро қарзи бўлган ва умидсизликка тушиб қолган клуб янги футболчиларга пул сарфлаш учун келажакдаги даромад оқимларини сотмоқда. Катта клуб учун бу жуда хавфли», деди «Манчестер Юнайтед»нинг собиқ ҳимоячиси Гари Невилл. 

Унинг сўзларида жон бор. Ҳа, шуни ҳам ҳисобга олиш керакки, Лапорта ўз ҳийлалари учун қамоқдан мўъжизавий тарзда қутулиб қолган Жозеп Бартомеунинг «мероси» билан шуғулланяпти. Унга ҳавас қилиб бўлмайди. Жоан клубни ачинарли ҳолатда қабул қилиб олди. Бироқ, Лапортанинг сўнгги қарорлари бундан ҳам ёмон муаммоларга олиб бориши мумкин. Ўйлаб ўтирмасдан ҳамма нарсани ҳозир ва шу ерда сотавериш ярамайди. Агар бир неча йил ичида ТВ ҳуқуқлари қимматлашса (ҳозирча уларнинг нархи ошиб бормоқда), фойданинг бир қисми «Барселона» ғазнасига тушмайди. 

«Барселона» ҳеч кимни сотмаяпти 

Андреас Кристенсен ва Франк Кессиэ «Барселона»га эркин агент сифатида қўшилди. Бунинг ёмон томони йўқ. Роберт Левандовски учун «Бавария»га 45 миллион евро, Рафинья учун «Лидс»га 59 миллион евро тўланди. Яхши ҳам эмас, лекин нисбатан маъқул вариант. Чунки, молиявий аҳвол аянчли бўлса-да, янги футболчилар жамоага керак. Аммо, харидлар учун сарфланган маблағ сотишдан олинган маблағдан кўп бўлиши ҳозирги ҳолат учун яхши эмас. Орадаги фарқ янада ошиши мумкин, бу эса ташвишга солади. 

Френки де Йонг ва Мемфис Депай – сотиш учун асосий номзодлар. «Барса» улардан қутулмоқчидек, аммо ҳозирча бунинг иложи бўлмаяпти. 

Де Йонг «Манчестер Юнайтед»га ўтишни умуман истамаяпти. «Челси» варианти ҳам ҳавода муаллақ турибди. Яримҳимоячи уни сотишга бўлган уринишлардан хафа, аммо фаолиятини Каталонияда давом эттиришга қарши эмас. AS хабарига кўра, Хави аллақачон футболчига ўйин вақтини қисқартириш билан таҳдид қилган. Шунингдек, маошини ярмига қисқартиришга рози бўлишини талаб қилган. 

Клубнинг Френкига (ва бошқа ўйинчиларга ҳам) нисбатан хатти-ҳаракатлари жуда хунук кўринмоқда. Футболчилардан маошини қисқартириш сўралмоқда, аммо янги келганлар учун аллақачон 100 миллион евродан кўпроқ маблағ сарфлаган. 

Депай «Тоттенҳэм» таклифини рад этди. Ҳужумчи бутун мавсум давомида Левандовски ва Пьер-Эмерик Обамеянг соясида захирада ўтиришдан қўрқмаяпти. Diario Sport хабарига кўра, Мемфис совринлар учун кураша оладиган топ-клубга ўтишга рози. Аммо ҳозирча у «Барса»да. 

«Барселона» де Йонг ва Депай учун камида 100 миллион евро олишни режалаштирганди. Бу ният амалга ошмай қолиши мумкин. Френки (80+ миллион евро) ва Мемфис (20+ миллион евро) учун белгиланган дастлабки нарх пасайтирилиши керак. Бошқа клублар уларга бунчалик кўп маблағ сарфлашга тайёр эмас. Айниқса, уларнинг маоши ҳисобга олинса. «Барселона» де Йонгдан 20 млн евро қарздор, олдин мана шу муаммо ҳал қилиниши керак (16 миллион евро маоши коронавирус пандемияси туфайли кечиктирилди, 4 миллион евро бонуслар). 25 ёшли футболчи бу муаммодан клубга босим ўтказиш дастаги сифатида фойдаланмоқда ва «Манчестер Юнайтед»га ўтишни истамаяпти. 

«Де Йонг «Барселона»ни судга бериш имкониятини кўриб чиқиши ва барча футболчилар уни қўллаб-қувватлаши керак! Клуб шартномаси бор футболчилар билан тўлиқ ҳисоб-китоб қилмаяпти, аммо янги футболчиларга кўп маблағ сарфламоқда – бу ахлоқ қоидаларига ҳам, молиявий қоидаларга ҳам зид. FIFPro вазиятга аралашиб, бундай таҳқирлашга қарши чора кўриши лозим», дейди Невилл. 

«Барса» фақат де Йонгдан эмас, деярли барча футболчилардан қарздор. Ҳатто маошлар қисқартирилиши ҳам ёрдам бермаяпти. Усмон Дембеле шартномасини 2024 йилга қадар узайтирди, маоши 40 фоизга камайди. Шартномада яхши бонуслар кўзда тутилган, аммо уларга ҳали эришиш керак. Серхи Роберто шартномасини бир йилга узайтирганида, маоши 12 миллион евродан 5 миллион еврога камайишига рози бўлди. «Барселона» эса янги футболчиларни сотиб олмоқчи. 

«Барса» кимларни олишни режалаштирмоқда 

Айни пайтда асосий мақсад «Севилья» ҳимоячиси Жюл Кунде. Бунинг учун камида 50 миллион евро ва бонуслар тўлаш керак бўлади. «Барса» ҳимоячи учун курашда «Челси»ни ортда қолдиришга эришди, худди Рафинья трансферидаги каби. Шу боис, Лондон клуби аламзада бўлиб турибди. Энди каталонияликлар Сезар Аспиликуэта ва Маркос Алонсо трансфери борасида «Челси» билан келиша олмаса керак. Балки бу ҳам яхшидир. Аввалроқ, Хави ёшларга кўпроқ ишонч билдириш нияти борлигини айтганди. Шу туфайли ёши катта бу футболчилар нима учун кераклиги тушунарсиз эди. Бироқ, энди «Челси» де Йонгни ҳам олмайди.

«Барса» аллақачон Аспиликуэта ва Алонсога муқобил вариантларни топиб қўйган. Клуб Хави Галан («Сельта»), Пау Торрес («Вильярреал») ва Иньиго Мартинес («Атлетик») билан шартнома имзоламоқчи. Биринчиси учун 18 миллион евро, иккинчиси учун 40-50 миллион, учинчиси учун 50 миллион евро сўрашмоқда. Ҳозирча «Барса» фақат Торрес учун пул тўлашга тайёр, Галан ва Мартинес бўйича музокараларда нархни туширишга ҳаракат қилмоқда. Айни пайтда жамоада Жерар Пике, Эрик Гарсия ва Роналд Араухо бор. Шу боис, 31 ёшли Мартинеснинг эҳтимолий трансфери саволлар туғдирмоқда. 

«Барселона» ҳаммаси бўлиб ҳимояга 100 миллион евро сарфламоқчи. Лапортанинг «иккинчи дастаги» натижасига кўра, яна шунча маблағ ортиб қолиши керак. Каталонияликлар уни «Манчестер Сити» яримҳимоячиси Бернарду Силва трансферига сарфлашга тайёр. Бу футболчини Хави жуда яхши кўради. Шунга қарамай, Силва «Барса» учун жуда катта «луқма». Аввал де Йонгдан қутулиш керак, ҳозирча бунинг иложи бўлмаяпти. 

Клуб нима қилиши керак? 

«Барса»нинг ҳозирги стратегияси яна молиявий инқирозга олиб келиши мумкин. «Барселона» Чемпионлар Лигасида ғалаба қозонган тақдирда ҳам мукофот пуллари клубнинг трансфер харажатларини қопламайди. Ла Лигада эса «Реал»дан ўзиб кетиш вазифаси муаммоли кўринмоқда. Идеал ҳолатда клуб футболчиларни сотиб олиш ва сотиш ўртасидаги мувозанатни сақлаши керак.  

«Арсенал» йўлидан бориш варианти ҳам бор эди – ёшларга сармоя киритиш, бир неча йил давомида катта совринлар учун курашдан онгли равишда воз кечиш, тўлов балансини тартибга солиш. Ва ТВ ҳуқуқларини сотмаслик орқали. Клуб келажакда бундан жуда афсусланиши мумкин. Аммо Лапорта ҳозир ва шу ердаёқ ғалаба қозонишни истаяпти. Шунинг учун клуб имкон қадар тезроқ футболчиларни сотиш билан шуғулланиши керак. Акс ҳолда, ўз келажагини йўқ қилиши ва охир-оқибат клубни хусусий инвесторларга сотиш мумкин.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар