Бир ҳафтада — 20 дан ортиқ трансфер. Европа жамоаларида қандай ўзгаришлар?
Якшанба, 24 Июль
6491
Фото: ERIC ESPADA/GETTY IMAGES

Европа клублари янги мавсум учун ўз таркибини мустаҳкамлашда давом этмоқда. Бир ҳафта ичида Европада 20 дан ортиқ трансферлар амалга оширилди, улар орасида катта трансферлар ҳам бор. Масалан, Роберт Левандовски «Бавария»ни тарк этди, Пауло Дибала «Ювентус»дан кетгач, ўзига янги клуб топди, «Манчестер Юнайтед» эса янги ҳимоячи сотиб олди. Қуйида сўнгги кунларда амалга оширилган асосий трансферлар ҳақида.

Роберт Левандовски: «Бавария» → «Барселона» (45 млн евро)

Саккиз мавсум мобайнида польшалик форвард номи фақат «Бавария» билан боғлиқ эди. Бу ёзда эса Роберт вазиятни ўзгартиришни исташи ва Испания чемпионатига ўтмоқчилиги тўғрисида аниқ қилиб айтди. Клублар узоқ вақт давомида музокара олиб боришди, Левандовски эса мюнхенликлар жамоаси машғулотларига истар-истамай қатнаб турди. Якунда томонлар келишувга эришди ва 33 ёшли поляк «Барса» билан шартнома имзолади. Кўк-анорранглилар президенти Жоан Лапорта трансферни аҳамиятини юқори баҳолади ва раҳбарият клубни жаҳон элитасига қайтарганини айтди. Ўтган мавсумда Левандовски Бундеслигада 35, Чемпионлар лигасида эса 13 гол урган.

Маттейс де Лигт: «Ювентус» → «Бавария» (67 млн евро)

«Бавария» мудофаа чизиғини 22 ёшли нидерланд билан мустаҳкамлади ва бунинг учун каттагина маблағ сарфлади. Тан олиш керак, уч йил муқаддам «Ювентус» де Лигтни «Аякс»дан 85,5 млн еврога сотиб олганди. Ушбу ҳимоячи «Бавария» тарихидаги энг қимматбаҳо иккинчи трансфер бўлди. Немислар гранди бундан каттароқ маблағни Лукас Эрнандесга тўлаганди (80 млн евро). «Бавария» бош мураббийи Юлиан Нагельсман де Лигт трансферини изоҳлар экан, уни дунёдаги энг истеъдодли марказий ҳимоячилардан бири деб атади. Маттейс трансфердан икки кун ўтиб назорат баҳсида дебют голини урди ва бу ишни майдонга чиққанидан бир неча дақиқа ўтиб амалга оширди. Ўтган мавсумда у туринликлар сафида жами 42 ўйинда майдонга тушиб, уч гол уришга эришган.

Фото: TIM NWACHUKWU/GETTY IMAGES

Лисандро Мартинес: «Аякс» → «Манчестер Юнайтед» (57,37 млн евро)

«МЮ» бош мураббийи Эрик тен Ҳаг Мартинеснинг трансферидан кейинги интервьюсида ундаги кайфият ва юқори жанговар руҳни қайд этиб, у билан яқиндан таниш эканини таъкидлади. Улар ўтган мавсумда «Аякс»да бирга ишлашганди. Манкунианликлар 24 ёшли аргентиналик ҳимоячига анчагина маблағ сарфлади. Статистиклар аллақачон 175 сантиметрли Мартинес — АПЛдаги энг бўйи паст марказий ҳимоячи эканини ҳисоблаб чиқишди. Шу билан бирга, мураббий зарурат туғилганда ундан таянч яримҳимоячиси сифатида ҳам фойдаланиши мумкин.

Бремер: «Торино» → «Ювентус» (41 млн евро)

Тўрт йил олдин «Торино» ушбу бразилияликни 5,8 млн еврога сотиб олганди, энди эса қўшниларига қарийб етти баробар нархга сотмоқда. Бремер «ҳўкизлар» жамоаси сафидалигида ўтган мавсум якунларига кўра А Сериянинг энг яхши ҳимоячиси даражасигача чиқди. «Ювентус» де Лигт кетгач, марказий ҳимоячига эҳтиёж сезди ва Италия чемпионатида ўйнаш тажрибасига эга бўлган футболчини олишга қарор қилди. 25 ёшли бразилиялик ўз амплуасига нисбатан олганда анча самарали («Торино» сафидаги 110 ўйинда 13 гол). «Ювентус»нинг собиқ футболчиси, жаҳон чемпиони ва «Олтин тўп» соҳиби Фабио Каннаваро Бремернинг алоҳида устунликлари сифатида жисмоний кўрсаткичлари ва техникасини келтирган. Аммо шу билан бирга, «Ювентус» учун ўйнаш — бутунлай бошқа даража эканини қайд этган.

Фото: JUVENTUS.COM

Олександр Зинченко: «Манчестер Сити» → «Арсенал» (35 млн евро)

«Арсенал» ёзги трансферлар даврида пул сарфлаш бўйича етакчи клуб бўлиб турибди. Лондон клуби янги футболчилар учун жами 120 млн евро сарфлади. 25 ёшли Зинченко кўзда ёш билан «Манчестер Сити»ни тарк этди, у 2016 йилдан буён шу клубда тўп суриб келаётганди. Украин футболчиси «Арсенал»га ўтишини болалик орзуси ушалиши деб атади ва янги клуби билан илк машғулотларда иштирок этишга ҳам улгурди. Ўз вақтида у билан «шаҳарликлар» сафида ҳам ҳамкорлик қилган ва энди пойтахт клубини бошқараётган Микел Артета футболчидаги универсализмни, характерга эгалиги ва ажойиб инсоний фазилатларга эгалигини қайд этган. Украиналик футболчи «Арсенал» сафида «Челси»га қарши навбатдаги назорат учрашувида дебют қилишга улгурди. Ўтган мавсумда Зинченко «Сити» учун барча турнирлар доирасида 28 ўйинда майдонга тушиб, беш голга узатма берган.

Фото: STUART MACFARLANE/GETTY IMAGES

Пауло Дибала: «Ювентус» → «Рома» (эркин агент)

Аргентиналик ҳужумчи «Ювентус»ни тарк этди (у бу ерда 2015 йилдан буён ўйнаётганди), аммо Италияда қолди. Маҳаллий нашрлар узоқ вақт давомида у «Интер»га ўтиши ҳақида ёзиб келишди, аммо томонлар молиявий масалаларда барибир келиша олишмади. Дибала «Рома» билан шартнома имзолади, охирги қарорни эса Жозе Моуриньо билан гаплашганидан кейин қабул қилди. «Наполи» катта пул таклиф қилиб турган бўлса-да, мураббий 28 ёшли футболчини пойтахт клубига ўтишга кўндирди. Португалиялик мутахассис қўл остида ўйнаш учун Дибала ҳатто Чемпионлар лигасида ўйнаш имкониятидан ҳам воз кечди ва энди «Рома» билан Европа Лигасида ўйнайди. Шуни ёдда тутиш керакки, «Ювентус»даги илк уч мавсумда Дибала А Серия ўйинларида 52 гол урганди, кейинги тўрт мавсумда эса — атиги 30 гол бўлди.

Фото: ASROMA.COM

Жесси Лингард: «Манчестер Юнайтед» → «Ноттингҳем Форест» (эркин агент)

Ушбу яримҳимоячи 21 йилни «МЮ» тизимида ўтказди ва бир неча кун олдин АПЛнинг янги аъзоси билан шартнома имзолади. «Ноттингҳем» футболчининг молиявий талабларини қондирган ҳолда, «Вест Ҳэм» билан рақобатда устун келди. 29 ёшли Лингарднинг янги клубидаги маоши ҳафтасига 230 минг евро атрофида бўлади (The Guardian маълумоти). Лингард ўтган мавсумда «МЮ»да 21 ўйинда майдонга тушган, аммо у ҳар бир ўйинда ўртача 26 дақиқа майдонда бўлганди. The Athletic маълумотига кўра, «Ди-Си Юнайтед»нинг янги бош мураббийи Уэйн Руни ушбу футболчини океанортига олиб кетишни истаган, аммо футболчи Англияда қолишга қарор қилган.

Дани Алвес: «Барселона» → «Пумас» (эркин агент)

Жаҳоннинг энг совриндор футболчиси «Барселона»дан иккинчи бор кетгач, ўзига янги клуб топди. 39 ёшли ҳимоячи Мексика яшил майдонларида бир йил давомида тўп суради. Бунгача Алвес фақат Бразилия ва Европада ўйнаганди. Ўтган мавсумнинг иккинчи ярмини Дани «Барса»да ўтказди, у бу клубга беш йиллик танаффусдан кейин қайтганди. «Биламан, ҳамма менинг ёшим ҳақида гапирмоқда, барча мен билан шартнома имзолашни истаган 20 йил олдингидан фарқли ўлароқ, энди қарилигим ва ҳеч кимга керак эмаслигимни айтишмоқда. Аммо мен бундай фикрларга мутлақо қўшилмайман. Бугунги кунда менда 20 йил олдин бўлмаган тажриба бор», — деганди Алвес бир неча кун олдин.

Фото: BRENDON THORNE/GETTY IMAGES

Брайан Бробби: «РБ Лейпциг» → «Аякс» (16,35 млн евро)

Амстердам жамоаси бунгача ўз сафида ижара асосида ўйнаган 20 ёшли ҳужумчини сотиб олди. Бробби ўтган мавсумнинг биринчи ярмини Германияда ўтказиб (Бундеслигада тўққиз ўйин, гол йўқ), кейин Нидерландия чемпионатига келганди. Бу ерда форварднинг ишлари анча яхши кечди — у 11 ўйинда майдонга тушиб, етти гол уришга улгурди. Келишувга кўра, Бробби яқин беш йилни «Аякс»да ўтказади.

Жед Спенс: «Мидлсбро» → «Тоттенҳэм» (14,7 млн евро)

Ўнг қанот ҳимоячиси 2021/2022 йилги мавсумни «Мидлсбро»да бошлаб, кейин «Ноттингҳем Форест»га ижарага берилганди. У ерда англиялик жамоанинг муҳим футболчисига айланди ва жамоага юқори дивизионга қайтишда ёрдам кўрсатди. У жами 50 ўйин ўтказиб, уч гол урди ва саккизта голли узатмага муаллифлик қилди. Мавсум якунларига кўра, АПЛнинг кўплаб клублари унга қизиқиш билдиришди, якунда 21 ёшли Спенс «Тоттенҳэм»ни танлади. Лондон клуби янги мавсум арафасида таркибни кучайтирмоқда, Конте шогирдлари бу мавсумда Чемпионлар лигасида ўйнайди.

Фото: TOTTENHAM HOTSPUR/GETTY IMAGES

Бен Дэвис: «Ливерпул» → «Рейнжерс» (4,70 млн евро)

Дэвис «Ливерпул»га «Престон»дан 1,85 млн евро эвазига ўтганди. Бир ярим йил ичида у мерсисайдликлар сафида АПЛда бирорта ўйинда майдонга тушмади, аммо клуб уни Шотландия клубига яхши нархга сота олди. Дэвис 26 ёшда ва унга ўйин амалиёти керак. «Рейнжерс» унга «Ливерпул»дагидан кўра кўпроқ имконият тақдим этиши тайин. Ўтган мавсумда футболчи «Шеффилд»да ижара асосида ўйнади (Чемпионшипда 21 ўйин ва бир гол).

Бошқа трансферлар

Теглар

Ўхшаш янгиликлар