«Бавария» Де Лигт учун деярли 70 миллион евро тўлади. Трансфер ўзини оқлайдими?
Чоршанба, 20 Июль
2825
Фото: Getty images

22 ёшли Маттейс де Лигт – «Бавария» футболчиси. Нидерландиялик марказий ҳимоячи «Ювентус»дан 67 миллион евро (яна 10 миллион эҳтимолий бонус) эвазига ўтди. Бу немис клуби тарихидаги иккинчи катта трансфер бўлиб, фақатгина Лука Эрнандес учун кўпроқ тўланган (80 миллион евро).

Де Лигт «Ювентус»да ўзини қандай намоён қилгани ва «Бавария»да ундан нимани кутиш мумкинлигини Россиянинг Sports.ru сайти колумнисти Артём Денисов таҳлил қилишга уринди

Де Лигтнинг «Ювентус»даги муваффақияти – бу ҳақиқат 

Де Лигт «Ювентус»да асосий таркибнинг «темир» ўйинчиси бўла олди. Уч мавсумнинг ҳар бирида у ўйнаган дақиқалари бўйича энг яхши бешликдан жой олди. 2021/22 йилги мавсумда эса фақат дарвозабон Войцех Шенсни ундан ҳам кўпроқ вақт майдонга тушган. 

Нидерландияликнинг Италиядаги саргузаштларини икки босқичга бўлиш мумкин. 

Биринчиси, А Сериядаги дастлабки 3-4 ой: голга олиб келган мунтазам хатолар, жой танлашдаги хатолар, қўл билан ўйнаш ҳолатлари кўплиги (де Лигтнинг айтишича, ҳатто жамоада унинг қўллари «тўп магнитлари» деб аталган).

Иккинчи босқич – кейинги 2,5 йил. Ҳимоячи аста-секин ўсиб борди, кучли томонларини ривожлантирди, заиф томонларини тўғрилашга ҳаракат қилди. 

Бошидаги муаммоларни осонгина тушунтириш мумкин. Биринчидан, «Юве» Кьеллинининг оғир жароҳати туфайли Маттейсни жамоага қўшиб олишга мажбур бўлганди. Де Лигт уни асосий таркибга босқичма-босқич жалб қилмоқчи бўлишганини тасдиқлаганди: «Режа шундай эди: Кьеллини ва Бонуччи майдонга тушишади, мени эса таркибга секин-аста жалб қилишади. Дарҳол жангга ташлашларига қарши эмасман, аммо бу жиддий синов бўларди». 

Иккинчидан, де Лигт янги тизимга мослашиши лозим эди. Унинг собиқ жамоаси «Аякс»да ҳимоя чизиғи юқорироқда жойлашганди. Ҳимоячи ўз позицияси ҳақида қайғурмасдан, рақиб жарима майдонига дадил борарди. Эредивизия даражасида Маттейс дуэлларда муросасиз тарзда устунлик қилди. 

Маурицио Сарри «Ювентус»да зонавий ҳимояни йўлга қўйди: ўйинчилар маконни ҳимоя қилади, рақиб футболчисини эмас. Сарри кўрсатмаларининг ўзига хослиги шундаки, у марказий ҳимоячилардан дарвоза ҳудудида қолишни талаб қилади – чунки, рақиб йўллаган тўпни тўсиб қолиш имконияти бўлади. Шу туфайли, де Лигт янги ҳимоявий моделга тезда мослаша олмади. 

«Ювентус» мураббийларидан бири Жованни Мартусcиелло илк қийинчиликларни шундай изоҳлади: «Де Лигт шериклари билан ҳамнафас ўйнаш борасида ортда қолмоқда ва ҳали ҳам позицияда хатоларга йўл қўймоқда». 

Футболчи бу эътирозларни тушунди: «Биз зоналарда ўйнаяпмиз, бундан олдин фақат яккахон ўйнаганман. Янги прессинг моделига ва янги талабларга кўникишим керак, қачон ҳимояга қайтиш ва қачон ҳужумга ўтишни тушуниб олишим лозим». 

Сарри Маттейс билан шахсан ишлади ва уни тезда мослаштира олди. Натижада, нидерландиялик футболчини камроқ алдаб ўта бошладилар, дриблингчиларга қарши муваффақиятли ҳаракатлар 20 фоизга ошди. Йўқотишлар ва қоидабузарликлар сони сезиларли даражада камайди. Йилдан йилга тўпни рақибдан илиб олишлар сони ортди. Босим остида узатмалар сони камайди, у тўп билан тезроқ ишлай бошлади. Де Лигт ўзининг ҳаво дуэлидаги кўрсаткичларини яхшилади. 

Де Лигтнинг ўйин портрети: тажовузкор услубни яхши кўради ва жамоадошларига кўп кўрсатма беради 

Де Лигтнинг тараққиёти оддий ўйинчидан дунёнинг энг яхши футболчисигача бўлган космик сакраш эмас. У маълум бир ролда ривожланди ва универсал машинага айланмади. Шахсий дуэлларда ҳаракат қилувчи тажовузкор марказий ҳимоячи – нидерландияликнинг кучли томонлари. 

«Қора меҳнат жуда муҳим. Одамлар уни ифлос иш дейишади, лекин менга ёқади. Бош билан тўп қайтаришни яхши кўраман, яккакурашларда енгиб чиқишни ёқтираман. Шу нуқтайи назардан, мен эски мактаб ҳимоячисиман. Ҳозир шунчаки позицияни эгаллаб олиб, ҳудудни ёпиб турувчи футболчилар кўп. Мен буни қабул қиламан, лекин яккама-якка курашни ёқтираман. Рақиб билан курашишни. Бу услуб таваккалчилик билан боғлиқ. Шу туфайли, «Юве»да мувозанатни сақлашни ўрганяпман», дея ўз ўйинини таърифлаганди де Лигт. Унинг кумирлари: Мальдини, Барези, Неста, Каннаваро. 

Маттейс танаси билан ўйнаш борасида ҳам ўсди. Гап фақат тўп майдон ташқарисига чиқиб кетиши учун елкани тутиб бериш ҳақида эмас. Де Лигт бақувват гавдаси билан рақибини суриб чиқаришга қодир. 

Де Лигтнинг яна бир хусусияти шерикларига доимий кўрсатма бериб туришида ифодаланган етакчилик фазилатидир. 

У бошқа ҳимоячиларга кўрсатмалар беради, яримҳимоячиларни орқага қайтиш, олдинга ёки қанотларга ўтишга чақиради. Ҳаракат вектори имо-ишоралар билан кўрсатилади. 

«Ювентус» афсонаси Алессио Таккинарди ҳимоячининг сардорлик кўникмаларини баҳолаб, 1996 йилда Чемпионлар Лигасида ғолиб чиққан жамоада ҳозирги таркибдан ким йўқолиб қолмаган бўларди деган саволга қуйидагича жавоб берди: «Балки, фақат де Лигт, у руҳий жиҳатдан кучли. Ёки Пьетро Верховодни танлаган бўлардим». 

Яна бир қизиқ ҳолат – де Лигт ҳимоя марказида аниқ позицияда ўйнашга қийналмайди, унга икки оёғи билан ўйнай олиши асқотади (узатмаларнинг 25 фоизини чап оёғида амалга оширади). «Юве»да кўп нарса шерикларга боғлиқ: Бонуччи кўпроқ чапдан, Кьеллини эса ўнгдан чиқади. Ҳатто яхши ўйинчилар ҳам кўпинча оёғига «боғланган» бўлади (чапақайлар чапда, ўнгақайлар ўнгда ўйнашади). Де Лигт эса исталган вазиятда томонларни ўзгартириши мумкин. Агар фаол ҳужумчига қарши яккакурашга отланса айнан шундай қилади. 

Тўп билан ўйнашда де Лигт ҳайратда қолдирмайди. У Кьеллини, Бонуччи ва Руганига нисбатан камроқ пас беради. Тўп билан олдинга ўтишда фақат Жоржога ютқазади, аммо А Серия даражасида ажралиб турмайди. 

«Кьеллини майдонда бўлганида менда кўпроқ эркинлик бор. Тез-тез ҳужумга ўтишим, тўпни олдинга ошириб, кўпроқ босим қилишим мумкин. Бонуччи билан бошқача ўйнаш керак – у узоқ пасларни ёқтиради. Мен иккала сценарийда ҳам ўзимни қулай ҳис қиляпман. Мен ҳимоя қила оламан ва ҳужумга ўта оламан», деганди Маттейс. 

«Бавария»да нима бўлади, тўпсиз ўйинга мослаша оладими? 

«Бавария»нинг марказий ҳимоячилари билан таққосланса, де Лигт вертикал узатмаларни камроқ узатади ва тезкор ҳужумларни камроқ ташкил қилади. 

Албатта, жамоаларнинг услуби ўхшаш эмас («Бавария» тўпга кўпроқ эгалик қилади ва энг юқори ҳимоя чизиғи билан ўйнайди), аммо орадаги фарқ барибир тубсизлик каби кўринмоқда. 

Нагельсманн анчадан буён таркибда бундай ҳимоячи ўйнатмаганди. 2021/22 йиллар мавсумида Упамекано тўпни орқага узатиб, гол ўтказиб юборилишига сабаб бўлганди. Нагельсман уни қаттиқ койиди: «У билан гаплашаман ва шунга ўхшаш вазиятларда қандай ҳаракат қилишни ўргатаман. Упа тўпни орқага узатиш мумкин эмаслигини билади. Босим остида оддий ўйнаш керак, тўпни узатиш мумкин, лекин орқага қараб эмас». 

Дарвозабон Шенснига тўп оширишни ёқтирадиган Де Лигт титрай бошлаши мумкин. 

Нидерландияликнинг камдан кам вертикал паслари марказдан эмас, диагонал бўйлаб ён қанотларга қаратилади. Бу кенгликлардан моҳирона фойдаланувчи «Бавария»да яхши иш бериши мумкин. 

Нима бўлганда ҳам, энди де Лигт тез-тез олдинга пас бериши керак. У Эрнандес ва Упамекано кўрсаткичларига ета олмаслиги мумкин, аммо Нагельсманн тизими фақат орқага тўп оширадиган ўйинчиларни истисно қилади. Таркибга мослашиб олиш даврида тўп билан юзага келадиган хатоларга тайёр туриш керак. 

Тўпсиз ўйнашга ўрганган таркибга мослашиш қандай кечади? «Замонавий марказий ҳимоячилар – соф ҳимоячилар эмас», деган эди Нагельсманн, ҳужумга ўтиш кўникмаларига таянишига урғу бериб. Нидерландияликда эса аксинча. 

Қизиғи шундаки, 2019 йил ёзида Маттейс «Ювентус»ни танлаганида, Нидерландияда уни ҳамма ҳам тушунмаган. Кўпчилик (масалан, Луи ван Гаал) уни «Барса»га ўтишини кутишган, «Ман Сити» каби юқори ҳимоя чизиғига эга бошқа жамоалар номи ҳам тилга олинган эди. 

Маттейснинг айтишича, у 15 ёшигача ўрта чизиқда ўйнаган ва ҳужумкор яримҳимоячи бўлган. Балки айнан шу нуқтада ҳимоячи учун зарур бўлган прессинг услубини ўзлаштириб олгандир. 

Иккита марказий ҳимоячи билан бундай ҳужумкорлик жуда хавфли. Аммо учтаси билан барқарор иш бериши мумкин, бунда қолган икки марказий ҳимоячи оралиқ масофани вақтида қисқартириши лозим. 

Эҳтимол, Нагельсманн уч нафар марказий ҳимоячи схемасини танлар – немис журналистлари у ҳужумда Мане ва Гнабри билан 3-5-2 схемасидан фойдаланмоқчи экани ҳақида хабар беришди. Бу Маттейс учун яхши янгилик. Сўнгги мавсумларда «Бавария» марказий ҳимоячилари хотиржамлик билан рақиб майдонига кириб боришганини ҳисобга олсак, Нагельсманн таркибидаги де Лигтнинг дадил ҳужумлари миқдорини тасаввур қилиш қийин. 

Хулоса: «Бавария» тажовузкор марказий ҳимоячини олди, энди у жамоанинг тўпсиз ўйинига мослашиши керак. Унинг дадил ўтишлари эса фойдали бўлади. Де Лигтнинг позициядаги ўйини саволлар туғдиради, аммо диагонал паслари ҳужум механизмига мос келади, шу туфайли, ўсиш учун имконият бор. Хуллас, футболчи, мураббий ва жамоа учун қизиқарли вазифа.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар