Зинченко «Арсенал»нинг асосий трансфер нишонига айланди 
Пайшанба, 14 Июль
3181
Фото: Getty Images

«Арсенал» клуби Александр Зинченко трансфери бўйича «Манчестер Сити» билан музокара ўтказмоқда.

The Atheltic хабарига кўра, «шаҳарликлар» агар молиявий талаблари бажарилса, украиналикни қўйиб юбориши мумкин. Ҳозирча бу юз бермади, аммо клублар музокарани давом эттиришмоқда.

«Арсенал» ҳимоячи Лисандро Мартинес трансферини қўлдан чиқаргач, асосий эътиборини Зинченкога қаратган. Мартинес эса «Манчестер Юнайтед»га ўтишга яқин.

Шунингдек, «канонирлар» Зинченко билан шахсий шартномани ҳам келишиб олиши лозим. 

Александр «Арсенал»нинг ҳозирги бош мураббийи Микел Артета билан «Манчестер Сити»да бирга ишлаган эди. Артета ўша пайтда Пеп Гвардиоланинг ёрдамчиси бўлган.

Ўтган мавсумда 25 ёшли футболчи «Манчестер Сити» таркибида барча мусобақаларда 28 та ўйинда майдонга тушган ва 6 та голли узатмани амалга оширган.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар