«Нефтчи» мураббийлар штабидаги ўзгаришлар жамоа таркибига ҳам таъсир қилди.
Клуб жамоа сардорларидан бири бўлган Анваржон Ғофуров билан расман хайрлашди. Янги мавсум олдидан таркибга қўшилган футболчи биринчи даврадан сўнг клубни тарк этишга қарор қилди.
«Ҳозирги кунгача «Нефтчи»да фаолият юритиб келган тажрибали ҳимоячи Анваржон Ғофуров жамоамизни тарк этди.Футболчи билан тузилган ўзаро меҳнат шартномасини томонлар келишуви билан бекор қилиш орқали трансфер хуқуқисиз жамоамиз билан хайрлашди.
Анваржон Ғофуровга жамоамизга қўшган муносиб ҳиссаси учун миннатдорчилик билдириб, кейинги фаолиятига омад ва зафарлар ёр бўлишини тилаймиз», - дейилади расмий хабарда.
Шунингдек, клуб жамоани аксарият ўйинчилар тарк этиши ҳақида гап-сўзларга ҳам муносабат билдирган.
«Ижтимоий тармоқларда жамоада ўйнаб келган футболчилар клубни тарк этмоқда, деган фикрлар билдирилмоқда. Лекин биринчи даврада ҳаракатланаётган ҳар бир футболчининг камида йил якунига қадар меҳнат шартномаси мавжуд ва клубни ҳеч қайси футболчи тарк этмаган», - дея қайд этган клуб матбуот хизмати.
Аввалроқ, клубни Илҳом Мўминжонов тарк этган, унинг ўрнига Виталий Левченко бош мураббий этиб тайинланганди.