«Бунёдкор» 7та ўйинлик ғалабасиз серияси ва «Пахтакор»нинг мағлубиятсиз сериясига нуқта қўйган учрашувдан фоторепортаж
Пайшанба, 30 Июн
2185
Фото: Tribuna.uz

Ўзбекистон Суперлигасида 13-тур учрашувлари давом этмоқда. 

Кеча турнинг марказий учрашувларидан бирида «Пахтакор» ва «Бунёдкор» жамоалари ўзаро баҳс олиб борди. Амалда, жамоалар ўртасидаги тафовут анча катталашиб кетган бўлса ҳам, ушбу ўйин «Тошкент дербиси» сифатида катта қизиқиш уйғотганди. 

Шунингдек, «Пахтакор» стадионида ўтган беллашувга мухлисларнинг қизиқиши ошишига иккала жамоа ташаббуси билан ўтказилган хайрия сабаб бўлди. Гап шундаки, тошкентликлар қарама-қаршилигида чипталар савдосидан тушадиган пул «Пахтакор» ва Ўзбекистон миллий жамоаси афсонавий футболчиси, марҳум Николай Ширшовнинг оиласига ўтказиб берилиши маълум қилинди. 

Ўйиннинг биринчи тайми «Пахтакор» устунлигида ўтди. 18-дақиқада «шерлар» яримҳимоячиси Аббос Файзуллаев қанотдан узатилган тўпни боши билан дарвозага жойлаб, ҳисобни очди. Ушбу вазиятда Аббоснинг ҳимоячилар орасидан учиб чиқиб зарба беришини кутмаган Суҳроб Султонов ожиз қолди. 

22-дақиқада марҳум Николай Ширшовни хотирлаб, стадиондаги кам сонли мухлислар ва майдон четидагилар қарсак чалиб, афсонага ҳурмат намойиш этди. 

Иккинчи таймни Карпенко таркиб ва ўйин услубидаги ўзгаришлар билан бошлади. Ушбу янгиланишлар фойда бериб, 51-дақиқада Жасур Ҳакимов ҳисобни тенглаштирди. Иброҳим Гбадамоси томонидан ўнг қанотдан узатилган тўп бутун бошли «Пахтакор» ҳимоясини кесиб ўтди, аммо уларнинг бирортаси тўп йўлига тўғаноқ бўлишни уддалай олмади. 

Шундан сўнг, «қалдирғочлар» ҳимояга катта эътибор қарата бошлади. Ўз навбатида, «Пахтакор» ҳам ҳужумларни гол билан якунлашда қийинчиликка дуч келди. 81-дақиқада рақиб ҳимоясидаги бўшлиқдан фойдаланган Умарали Раҳмоналиев ҳисобни «Бунёдкор» фойдасига ўзгартирди. Ушбу вазиятда рекашет Қувватовни чалғитиб қўйди. 

Ўтказиб юборилган голдан сўнг, «Пахтакор» ҳужумни янада кучайтирди. 86-дақиқада «Бунёдкор»нинг майдон марказидаги позицион хатосидан фойдаланган Драган Черан ўнг қанотдан очилиб бораётган Фарруҳ Сайфиевни олдинга чиқариб юборди. Миллий жамоамиз футболчиси эса бир ҳаракат билан Давронжон Эргашевни доғда қолдириб, дарвозани ишғол қилди. 

Голдан руҳланган Славче Войнески шогирдлари ҳужумга катта эътибор қаратиб, кескин қарши ҳужумлар қабул қила бошлади. 90+1-дақиқада Драган Черан ўз жарима майдони ичида Усмонали Исмоналиевнинг оёғини илиб қолди. Даставвал, бош ҳакам Ильгиз Танташев пенальти йўқ деб ҳисоблаб, ўйинни давом эттиришга кўрсатма берди. Аммо «Бунёдкор» дарвозаси олдида бурчак зарбаси белгиланиши олдидан VAR ҳакамлари уни монитор олдига чорлади ва Танташев пенальти белгилади. 11 метрлик жарима зарбасини Умарали Раҳмоналиев ижро этди. Дастлабки зарбани Қувватов қайтарган бўлса ҳам, қайтган тўпни 18 ёшли футболчи дарвозага киритишга муваффақ бўлди. 

Ушбу ҳисоб ўйин якунига қадар ўзгармай қолди. «Бунёдкор» амалдаги чемпионлар майдонида 7та ўйинлик ғалабасиз сериясига барҳам берди. «Пахтакор» эса жорий мавсум Суперлигадаги дастлабки мағлубиятини тан олишга мажбур бўлди. Энди Ўзбекистон Суперлигасида мағлубиятга учрамаган биргина «Насаф» қолди, холос. 

Қуйида ушбу учрашувдан фотогалереяни томоша қилишимиз мумкин. 

Фоторепортаж муаллифи — Абдулбасит Валихонов.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар