УЕФАда янги қоидалар: «Молиявий фэйр-плэй» ўрнига иш ҳақи чекловлари. Нима ўзгаради?
Сешанба, 28 Июн
4127

Қарийб бир ярим йил давом этган пандемия, унинг ортидан Суперлига машмашалари УЕФА учун ҳам қайсидир маънода огоҳлик қўнғироғи бўлгани шубҳасиз. Натижада, клубларга қўйиладиган молиявий талаблар, жумладан fair play қоидаларида ҳам ислоҳотлар амалга ошмоқда. Қисқаси, футбол даромадларининг умумий харажатлардан устун бўлиши асосий йўналиш сифатида олинган аввалги тизим бекор қилиниб, унинг ўрнига асосан клубларнинг трансфер харажатлари ва маошларни чеклаш билан боғлиқ қатор талаблар пайдо бўлмоқда.

Футбол иқтисодиётидаги энг яхши нашрлардан бири SwissRamble содда тил билан ушбу ўзгаришларни баён қилиб берди. Хўш, асосий ўзгаришлар нимадан иборат?

Биринчидан, «молиявий фэйр-плэй» тушунчаси энди йўқ. Янги норма «Молиявий барқарорлик қоидалари» деб аталади. Бу тасодиф эмас. УЕФАдаги аввалги қоидалар ўйин ҳаққонийлигини таъминламасди, албатта, янгилари ҳам тўлиқ буни амалга ошира олмайди. «Рақобат тенгсизлигини фақат молиявий қоидалар ёрдамида бартараф этишнинг иложи йўқ. Бу муаммони бошқа ўлчовлар билан уйғун шаклда ечиш лозим. Айнан шунинг учун биз номни ўзгартирдик. Fair Play барчага тенг шароитларни тақдим этиш, деган маънони англатиб қолаётганди», – дея тушунтирди УЕФА директори Андреа Траверсо.

Иккинчидан, энди уч йиллик даврдаги максимал зарар лимити аввалгидек 30 миллион евро эмас, 90 миллион еврога оширилди. Аслида расман лимит 60 миллион еврони ташкил қилади, шу шартдаки, клуб эгаси 5 миллион евродан ортиқ зарарни ўз ёнидан қоплаб, таъсис этса. Агар клуб яхши молиявий ҳолатда бўлса, уч йилда яна 30 миллион, яъни ҳаммаси бўлиб 90 миллион евро зарар билан чиқишга «рухсат берилади».

Аммо энди инфратузилма, ёшлар ва аёллар футболига қилинган харажатлар ҳам инобатга олинади. Аввалги қоидада бундай сарфлар ҳисоботдан четда қоларди.

Учинчидан, УЕФА энди қарздорликлар учун клубларни жазоламайди. Ҳатто 2021 йилда бўлгани каби, «Барселона», «Челси» ёки «Тоттенҳэм»нинг миллиардлик қарзларини ҳам. Зеро янги қоидалар клуб эгаларини клубга қарз беришга эмас, сармоя киритишга ундайди.

Тўртинчидан, янги қоидаларнинг асосий мезони шундан иборатки, энди клублар трансфер ва агентларга харажатлар ҳамда маошлар учун даромаднинг 70 фоизини ишлата олади, холос. Албатта, футболчиларни сотишдан келадиган фойдани ҳам ишлатиш мумкин. Бу қоида еврокубокда қатнашадиган иш ҳақи ведомости 30 миллион евродан ошган клублар учун тааллуқлидир. УЕФА топ-клублар ушбу лимитга мослашиши қийин эканини тушунган ҳолда, чегараларни босқичма-босқич киритмоқда – 2023/24 йиллар мавсумида 90 фоиз, 2024/25 йиллар мавсумида 80 фоиз ва 2025/26 йилги мавсумдан бошлабгина 70 фоизга туширилади.

Бунда маош деганда фақат эркак жамоалар таркиби, мураббий, бундан ташқари, истеъфолардан сўнг тўланадиган компенсациялар инобатга олинади. Одатда, бу тўловлар клублардаги умумий маошларнинг камида 90 фоизини ташкил қилади.

Дарвоқе, 70 фоизлик чеклов аввал ҳам бўлган, лекин бу қоиданинг бузилиши фақат қўшимча текширувларга сабаб бўларди холос, жазо учун асос қилинмасди.

Эслатиб ўтамиз, трансфер харажатлари бирданига тўлиқ сумма шаклида эмас, амортизация шаклида ҳисоботга олинади, яъни футболчининг шартнома муддатига сочиб юборилади. Масалан, бир футболчи 100 миллион еврога сотиб олиниб, у билан беш йиллик шартнома тузилса, ушбу тўланган сумма 20 миллиондан 5 йилга тақсимланади. Айтайлик, ушбу футболчи бир йилдан сўнг, 90 миллионга сотиб юборилса, клуб 10 миллион зарар эмас, 10 миллион фойда қилган бўлади. Зеро сотилиш пайтида бир йил ўтгани учун футболчининг жорий қиймати 80 миллионга тушган бўлади.

Аммо ўз навбатида, футболчилар сотилганда келиб тушадиган маблағ тўлиғича ушбу молиявий йилга ёзилади. Яъни биргина яхши трансфер билан клуб молиявий ҳолатини яхшилаб олиши мумкин.

70 фоизлик чегаралар бузилса, фарқнинг жиддийлиги ва сўнгги тўрт йилликдаги сакрашлар инобатга олинади. 10 фоиз лимитдан чиқилса, лимитдан ташқаридаги суммадан 10-25 фоиз атрофида, агар 30 фоиздан ортиқ лимитдан чиқилса, 75-100 фоизгача жаримага тортилиши мумкин.

Хўш, агар бу қоидалар ҳозир ҳам ишлаб келганда, қайси клублар қандай ҳолатда бўларди? SwissRamble буни ҳам ҳисоблаб чиқибди.

2020/21 мавсумдаги маълумотлар олинган, яъни ўшанда пандемия бўлиб, томошабинсиз ўтгани, аксарият клублар катта даромадлардан қуруқ қолганини ҳам эътиборда тутиш керак.

Фақат икки клуб – «Реал» ва «Бавария» 70 фоизлик лимит талабига жавоб бера олган. «Барселона» (109), «Интер» (104) ва «ПСЖ» (102) клублари эса лимитдан ҳам ошиб кетган (Испанияда маошлар бўйича чеклов шундоқ ҳам борлиги ва натижада каталонияликлар Мессини қўйиб юборишга мажбур бўлганини эсланг).

«Арсенал» ва «Челси»да 90 фоиздан, «МЮ», «Милан», «Ювентус» 80 фоиздан, «Атлетико», «Сити», «Ливерпул», «Боруссия» ва «Тоттенҳэм» эса, 70 фоиздан ортган. Агар 2018/19 йилги мавсум, яъни пандемиядан олдинги ҳолатга ҳам қарайдиган бўлсак, фақат тўрт клуб 70 фоизлик лимитдан чиқиб кетган холос – «Милан» (99 фоиз), «Челси» (85), «Ювентус» (72) ва «Манчестер Сити» (71).

Айтиш мумкинки, бу кўрсаткичга миллий чемпионатларнинг ТВ-шартномалари ҳам катта таъсир қилади. Масалан, 2020/21 йиллар мавсумида АПЛ клублари иш ҳақи ва трансферлар учун даромаднинг 80 фоизини сарфлашган. Испанияда бу кўрсаткич 84, Италияда 92, Францияда эса, умуман 102 фоиз (Бу ерда Франциядаги солиқ тизими, яъни у ердаги даромад солиқларининг бошқа Европа мамлакатларидан сезиларли кўплигини ҳам эътиборга олиш керак. Янги қоидалар ҳам француз клубларини қийнаб келаётган бу муаммони ечишга қодир эмас).

Фақатгина Бундеслига клублари эртагаёқ жорий этилса ҳам, янги талабларга тайёр эканини кўриш мумкин. Немис клублари даромаднинг фақат 68 фоизини юқорида кўрсатилган харажатлар учун сарфлар экан.

Қандай мақсадларда киритилаётган бўлмасин, бу тизимнинг ҳам бой ва камбағал клублар ўртасидаги фарқни катталаштиришда рол ўйнаши мумкинлиги хавфи мавжуд. Масалан, агар 2018/19 йилги мавсумдаги рақамлар билан АПЛ клубларига лимит қўйиладиган бўлса, «Манчестер Юнайтед» бир мавсумда трансфер ва маошлар учун 457 миллион сарфлай олар экан, айни шу лигада қатнашган «Ҳаддерсфилд»да бу рақам атиги 88 миллионни ташкил қилади. Фарқ сезиларли.

Яна шуни ёдда тутиш лозимки, баъзи ҳомийлик шартномаларининг бозор қийматига мос эмаслиги муаммоси тўлиқ ечимини топгани йўқ. Бу «лазейка»дан кўпинча «Манчестер Сити» ва «ПСЖ» клублари тез-тез фойдаланиб туриши маълум. Клублар «яқин» компаниялар билан ҳомийлик шартномалари тузиб, нархни атайлаб ошириб кўрсатишади ва шу тариқа даромадларни қоғозда шишириб «молиявий фэйр-плэй» қоидаларини четлаб ўтишади. Энди қоидалар кенгайтирилди – УЕФА нафақат шартнома иштирокчиларининг бошқа битимларини, балки ҳар бир келишувни қамраб олмоқчи, лекин айтиш мумкинки, буни амалга ошириш жуда қийин масала.

УЕФАнинг ўзи ҳам тан олиб айтаётганидек, янги қоидалар бой ва камбағаллар ўртасидаги масофани қисқартирмайди, аммо топ-клубларни катта қарзларга ботиб қолишдан қутқариб, ақлбовар қилмас трансферлардан тийиб туради.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар