Саудия Арабистони бу гал кучлилик қилди. Финал, мухлисларга тўлган «Бунёдкор» ва тақдирлаш маросимидан фоторепортаж
Душанба, 20 Июн
3096
Фото: Tribuna.uz

U23 Осиё Кубогида ҳал қилувчи беллашув — финал ўз якунига етди. 

Кеча, 19 июнь, «Бунёдкор» стадионида бўлиб ўтган учрашув учун мухлислар томонидан қизиқиш катта эди. Мусобақа давомида ўзининг ҳаяжонли ўйинлари билан мухлислар меҳрини қозонган Темур Кападзе жамоасига финалда стадиондан туриб мухлислик қилишни истовчилар жуда кўп эди. Финалга бўлган қизиқиш кўламини ўйин олдидан чипталар савдосида кузатилган муаммолар, «Бунёдкор» кассалари олдида юзага келган турнақатор навбатлар ҳам кўрсатиб бериши мумкин. 

Албатта, умуман олганда, мусобақа оғир ўтди, аммо яримфиналдаги ўйинларга қараб айтиш мумкинки, ҳал қилувчи беллашувга ҳар иккала жамоа ҳам ортиқча чарчоқ асоратларисиз етиб келишди. Саудия Арабистонида айтарли йўқотишлар йўқ эди. Ўзбекистон олимпиячилари сафида эса Ироққа қарши ўйиндаги қўполлиги учун ОФК Тартиб-интизом қўмитаси томонидан 3та ўйинга дисквалификация қилинган Абдувоҳид Неъматов хизматларидан фойдалана олмасдилар. Шунингдек, Иброҳим Ибрагимов ҳам жароҳат сабаб жамоасига ёрдам бера олмади. 

Учрашувнинг биринчи тайми нисбатан тенг курашлар остида кечди. Ҳар иккала тарафда ҳам биттадан анча хавфли зарба йўллаш имконияти бўлди. Ўзбекистон сафидан Ҳожимат Эркинов ҳимоячилар хатосидан сўнг зарба позициясига чиқиб келди, аммо у тепган тўп дарвозанинг анча юқорисидан ўтиб кетди. Саудияликларнинг зарбаси эса рекашет бўлиб, майдонни тарк этди. Шунингдек, биринчи тайм охирида бош ҳакам дарвозамиз томон пенальти белгилади. Аммо ВАР орқали вазият қайта кўриб чиқилгач, вазият аввалида араб футболчиларидан бири офсайдда бўлгани маълум бўлди. 

Иккинчи таймда мухлислар Ўзбекистондан фаолроқ ўйинни кутишганди. Аммо аксинча Саудия Арабистони қарши ҳужумларни кескин амалга ошириб, ҳисобни очиб олди. 49-дақиқада Аҳмад Ал-Ғамди ҳисобни очди. Ушбу вазиятда таянч яримҳимоячимиз Абдурауф Бўриев орқароқда қолиб кетди ва Ал-Ғамди Саидазамат Мирсаидовни битта ҳаракат билан чалғитиб, дарвозага зарба йўллади. Юқори чап бурчакка йўлланган зарбани Владимир Назаров ушлаб қола олмади. 

Шундан сўнг, Ўзбекистон ёшлари янада ҳужумга зўр беришди. Рақиблар эса ўз омадини қарши ҳужумлардан қидирди. Захирадан майдонга тушган Русланбек Жиянов кетма-кет ҳужумлардан бирини гол билан якунлашга эришганди, аммо у ўйиндан ташқари ҳолатда қолиб кетганди. Тезроқ гол уриб олиш мақсадида катта куч билан олдинга ташланган вакилларимиз ҳимояда рақибга бўш зоналар очиб бера бошлашди. 74-дақиқада саудияликларнинг асосий ҳужумчиси Фирас Ал-Бирайкан чап қанотдаги бўшлиқдан фойдаланиб, олдинга борди. Анча бурчакка бориб қолганига қарамай, Фирас кутилмаганда зарба беришга қарор қилди ва дарвозанинг ўнг пастки бурчагини ишғол қилди. Ушбу гол Саудия Арабистонига қўшимча хотиржамлик берди ва улар ўз ғалабаларини ҳакамнинг сўнгги ҳуштаги чалингунича ушлаб тура олишди. 

Тан олиб айтиш керакки, ушбу мусобақага келган жамоалар орасида Саудия Арабистони энг кучлиси эди. Буни Темур Кападзе ҳам бир неча бор таъкидлаган, чунки, ушбу жамоага қарши олдин ҳам бир неча бор тўқнаш келгандик. Аммо Ўзбекистон олимпиячиларининг ҳали ёш экани ва худди шу турнирнинг кейингисида ҳам иштирок этиши мумкинлиги кўнгилга таскин беради. 

Қуйида ушбу учрашув, стадиондаги атмосфера ва тақдирлаш маросимидан фотогалереяни эътиборингизга ҳавола этамиз. 

Суратлар муаллифлари — Муҳаммаджон Ғаниев ва Абдулбасит Валихонов

Ўхшаш янгиликлар