Ўзбек футболини «жонлантирган» олимпиячилар. Ўзбекистон ўзидан қиммат ва ҳали гол ўтказмаган Саудиядан реванш ололадими?
Якшанба, 19 Июн
5155

Бугун, 19 июнда ўзбекистонлик барча футбол ишқибозларининг диққат эътибори «Бунёдкор» стадиони томон қаратилади. Мамлакатимиз мезбонлигида қарийб уч ҳафта давом этган Осиё кубоги U23 финалида Ўзбекистон Саудия Арабистонига қарши саф тортади. Tribuna.uz бутун Осиё диққат марказидаги ҳал қилувчи баҳс олдидан финалчиларнинг турнирдаги йўли, трансфер нархи, энг қиммат футболчилари ва «Бунёдкор» стадиони атрофидаги воқеаларга тўхталади.

 Ўзбек футболини «жонлантирган» олимпиячилар

ЎФА Осиё кубоги U23 турнири мезбонлигини илк марта қўлга киритиб, Ўзбекистон олимпия жамоасининг ўйинлари орқали жамоатчилик эътиборини яна футболимизга қарата олди. Тан олиш лозим, Ўзбекистон миллий жамоаси ЖЧ-2022 саралаш босқичини тарихий антирекорд билан эрта тарк этгач, қизиқиш бир мунча пасайган эди. Темур Кападзе жамоаси эса ажойиб ғалабалари эвазига охирги марта ЖЧ-2018 саралаш босқичида кузатилган ажиотажни такрорлади. Ҳаттоки Ўзбекистон миллий жамоаси ўйинига бундай қизиқиш сўнгги марта 4-5 йил аввал кузатилган эди. Бу сафар эса ёшларимизнинг ҳар бир ўйини нафақат стадион ва унинг ташқарисида, балки бутун Ўзбекистон бўйлаб миллионлаб мухлислар қувончига сабаб бўлмоқда. Энди 2018 йилги Равшан Ҳайдаров жамоасининг чемпионлигини такрорлаш вақти етди.

 Японияга қарши яримфинал баҳси Тошкентда 10 мингдан ортиқ томошабинни катта экран қаршисида тўплаган бўлса, Саудия Арабистонига қарши финал нафақат пойтахтда, Самарқанд ва аксарият бошқа шаҳарларда ҳам катта экранда намойиш этилиши айтилмоқда.

 34 минг томошабин сиғимига эга «Бунёдкор» стадионига кириш чипталарининг қандай ажиотаж чиқаргани ва мухлисларнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлгани барчага маълум. Футбол – катта байрам, миллионлаб одамлар кайфияти, халқни бирлаштирувчи восита, катта куч ва гоҳида катта хатар эканини Ўзбекистон иштирокидаги аввалги ўйинлар кўрсатиб берди. Финал чиптасини сотиб олишдаги турнақатор навбатлар, чипталарнинг чайқовчилар қўлига ўтиб, ўз нархидан 10-20 баравар қиммат нархда сотилаётгани Ўзбекистон – Саудия Арабистони ўртасидаги ўйинга қизиқиш қай даражада юқорилигини кўрсатмоқда.

 Ўзбекистонни Олимпиада-2020 ва ЖЧ-2022 йўлланмасидан маҳрум этган Саудиядан реванш олинадими?

 Саудия Арабистонига қарши яқин ўтмишдаги ўйинлар ўзбек мухлиси хотирасида қувончли онлар билан эмас, фақат – алам, изтироб, асаббузарлик билан ёдда қолган. 2020 йилда айнан Саудия Арабистони олимпия жамоаси Осиё кубоги U23 яримфиналида Ўзбекистонни мағлуб этиб, Олимпиада-2020 йўлланмасидан маҳрум этганди.

 Айнан Саудия Арабистони 2021 йилда Ўзбекистон миллий жамоасини йирик ҳисобда мағлуб этиб, ЖЧ-2022 ҳал қилувчи саралаш босқичидан маҳрум этиб, бизни аутсайдерлар қаторига улоқтирди. Бугун эса ёшларимиз аламли мағлубиятлар учун ўзига хос реванш олиш имкониятига эгалар. Айнан шу авлод саудлардан устун келиб, кейинги 10 йилликдаги турли мусобақаларда бу рақибни қўрқувга сола оладиган жамоага айланиши мумкин.

 Жамоалар финалгача қандай етиб келишди?

Темур Кападзе шогирдлари финалга қадар гуруҳда – Туркманистон, Қатар, Эрон, плей-оффларда эса Ироқ ва Японияни мағлуб этиб ҳал қилувчи тўқнашувга етиб келишди. Саудияликлар эса гуруҳда – Тожикистон, Япония, БАА билан ўйнаб, плей-оффларда Вьетнам ҳамда Австралияни мағлуб этган ҳолда финалга чиқишди. Эътиборлиси, Саад Аш-Шеҳри мураббийлигидаги бу рақиб турнирда ҳали ўз дарвозасидан бирорта ҳам гол ўтказиб юборган эмас.

Ўзбекистоннинг финалгача йўли:

1-тур. Ўзбекистон – Туркманистон – 1:0

2-тур. Ўзбекистон – Қатар – 6:0

3-тур. Ўзбекистон – Эрон – 1:1

Чоракфинал. Ўзбекистон – Ироқ – 2:2 (пен: 3:2)

Яримфинал. Ўзбекистон – Япония – 2:0

 С.Арабистонининг финалгача йўли:

1-тур. Саудия Арабистони – Тожикистон – 5:0

2-тур. Саудия Арабистони – Япония – 0:0

3-тур. Саудия Арабистони – БАА – 2:0

Чоракфинал. Саудия Арабистони – Вьетнам – 2:0

Яримфинал. Саудия Арабистони – Австралия – 2:0.

 Ўзбекистон ўзидан қиммат жамоага қарши

Transfermarkt порталига кўра, Саудия Арабистони Осиё кубоги U23 турнирнинг энг қимматбаҳо 3-жамоасидир – 6,1 млн евро. Амалдаги чемпион Жанубий Корея умумий таркиби баҳоси 15,9 миллион евро билан энг қиммат жамоа саналади, Япония эса бу борада 6,5 млн евро нарх билан 2-ўринда.

 Ўзбекистон олимпия жамоасининг умумий трансфер баҳоси эса финалдаги рақибидан паст – 4,9 млн евро. Кападзе шогирдлари таркибнинг нархи бўйича Осиё кубогида 7-ўринда.

 Финалчиларнинг таркибига назар ташлайдиган бўлсак, саудияликлар ёш жиҳатдан вакилларимиздан каттароқ – ўртача 21,5 ёш. Ўзбекистон эса икки йилдан кейинги бош мақсади – Париж-2024 йўлланмаси учун бу турнирда 23 ёшлилар эмас, ўртача 20,1 ёш бўлган таркиб билан қатнашмоқда.

 Турки Ал-Аммар саудлар таркибидаги энг қимматбаҳо (900 минг евро) ўйинчи саналса, «Насаф» форварди Ҳусайн Норчаев 700 минг евро нархи билан вакилларимиз сафидаги энг қимматбаҳо футболчидир.

 Саудия Арабистони U23 жамоасининг энг қимматбаҳо 3 ўйинчиси:

1. Турки Ал-Аммар, 22 ёш – 900 минг евро

2. Фирас Ал-Бурайкан, 22 ёш – 850 минг евро

3. Сауд Абдулҳамид, 22 ёш – 850 минг евро

 Ўзбекистон U23 жамоасининг энг қимматбаҳо 3 ўйинчиси:

1. Ҳусайн Норчаев, 20 ёш – 700 минг евро

2. Абдувоҳид Неъматов, 21 ёш – 600 минг евро

3. Жасурбек Жалолиддинов, 20 ёш – 550 минг евро.

Анонс. Осиё кубоги U23. Финал

19 июнь (якшанба)

Ўзбекистон U23 – Саудия Арабистони U23

Бош ҳакам: Салмон Aҳмад Фалаҳи (Қатар)

Тошкент, «Бунёдкор» стадиони.

Ўйин бошланиш вақти: 18:00.

ТВ-трансляция: UzReportTV.

Усмон Ибодов 

Ўхшаш янгиликлар