Стадион атрофидаги мухлислар, Жалолиддиновнинг «пушка»си, финалга йўлланма қувончи. Ўзбекистон — Япония баҳсидан фоторепортаж
Пайшанба, 16 Июн
3580
Фото: Tribuna.uz

U-23 Осиё Кубогида яримфинал беллашувлари бўлиб ўтди. 

«Бунёдкор» стадионида бўлиб ўтган Ўзбекистон — Япония беллашувида олимпия жамоамиз 2:0 ҳисобида ғалабага эришди. 

Учрашувнинг биринчи таймиданоқ рақибга нисбатан бироз ташаббускор ўйнаган Темур Кападзе шогирдлари дастлабки 45 дақиқа мобайнида дарвоза олдида айтарли хавфли вазиятлар ярата олмадилар. Шу билан бир қаторда, Японияга ҳам ҳужумлар уюштириш имконияти берилмади. 

Иккинчи таймга Ўзбекистон янада жанговар ва ҳужумкор тарзда чиқиб келди. Бундан ташқари, Япония ёшлари ҳам бирмунча ҳужумкор футбол кўрсата бошлади. 60-дақиқада рақибнинг ҳужумга чиқишдаги хатосидан фойдаланиб, тўпни олиб қўйган ёшларимиз тезкорлик билан қарши ҳужумга отланишди. Ўнг қанотда Улуғбек Ҳошимов 2та рақибни доғда қолдириб, Жалолиддиновга узатма берди. Жасур эса узоқ масофадан Зион Сузуки дарвозасига фантастик зарба йўллади. Дарвозабон тўпнинг чалкаш траекторияси ва зарба кучи сабабли тўпни қайтара олмади. 

Ушбу гол японларни ҳужумга кўпроқ эътибор қаратишга мажбур қилди. Ўзбекистон эса ўз омадини қарши ҳужумлардан излади. Таъкидлаш керакки, бутун учрашув мобайнида жамоамиз ҳимояси кунчиқар юрт вакилларига бирорта ўта хавфли зарба йўллаш имкониятини бермади. Дисквалификацияга учраган Абдувоҳид Неъматовнинг ўрнини эгаллаган Владимир Назаров ҳам шу куни ўта ишончли ҳаракат қилди. 

89-дақиқада Ҳусайн Норчаев Диёр Холматовнинг узатмасидан сўнг бирга-бир ҳолатга чиқиб кетди ва дарвозани осонлик билан ишғол қилди. Ушбу гол ўйинга амалда нуқта қўйиб берди. Шу тариқа, Ўзбекистон 4 йил ўтиб, яна U-23 Осиё Кубоги финалига йўлланма олди. 

Маълумот учун, 18 июнь санасида Япония 3-ўрин учун баҳсда Австралия билан куч синашса, 19 июнь куни Ўзбекистон ва Саудия Арабистони жамоалари ўртасида финал учрашуви бўлиб ўтади. 

Қуйида Ўзбекистонни финалга олиб чиққан ўйиндан фотогалереяни томоша қилишингиз мумкин. 

Суратлар муаллифи — Муҳаммаджон Ғаниев

Теглар

Ўхшаш янгиликлар