«Зенит» яримҳимоячиси Клаудиньо Россия Премьер-лигаси 2021/22 йилги мавсумининг энг яхши ўйинчиси деб топилди.
Иштирокчи клублар мураббийи ва сардорлари, ОАВлари бош муҳаррирлари ҳамда «Матч Премьер» телеканали шарҳловчилари иштирок этган сўровнома якунига кўра, Клаудиньо 86 балл билан 1-ўринни эгаллади. Иккинчи ўриндан эса 68 балл билан «Уфа» ҳужумчиси Гамид Агаларов жой олди. Учликни «Зенит» хавбеки Вильмар Барриос ёпиб берган – 40 балл.
Маълумот учун, бразилиялик ҳужумкор яримҳимоячи Клаудиньо ўтган мавсум аввалида Россия клуби сафига ўтиб, дастлабки мавсумидаёқ жамоаси билан чемпионликни қўлга киритганди.