Пике Лапортага: «Жаҳоннинг энг яхши ҳимоячисини «Барса»га чақиринг, у захира ўйинчисига айланади» 
Сешанба, 14 Июн
9922
Фото: Getty Images

«Барселона» ҳимоячиси Жерар Пике клуб президенти Жоан Лапорта билан учрашувда асосий таркибдаги ўрнини йўқотиш нияти йўқлигини билдирган.

Лапорта Хави билан учрашгач, испаниялик 35 ёшли ҳимоячи билан ҳам суҳбатлашиб, унинг кейинги режалари билан қизиққан.

Mundo Deportivo’нинг келтиришича, ўзаро суҳбатда Пике Лапортага яқин икки йил – шартномаси якунигача етмагунча ўз бизнеси бошқаруви билан шуғулланмаслигини ва бор эътиборини футболдаги фаолиятига қаратишига ваъда берган. Қолаверса, Жерар Каталония клуби асосий таркибидаги ўрнини йўқотиб қўймоқчи эмаслигини айтган.

«Журъатингиз етса, «Барселона»га жаҳоннинг энг яхши ҳимоячисини таклиф этинг. У захира ўйинчисига айланади», - деган Пике Лапорта билан суҳбатда.

Аввалроқ, «Барса» президенти янги футболчиларни таклиф этиш учун Жерар Пике, Серхи Бускетс ва Жоржи Альба сингари ўйинчилардан маошини қисқартиришга розилик сўрагани ҳақида хабар берилганди. 

Эслатиб ўтамиз, Жерар яқинда таниқли хонанда Шакира билан турмуши бузилгани, жуфтлик ажрашаётгани ҳақида расман маълум қилган эди.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар