Мальдив бош мураббийи: «Ўзбекистонга дам олиш учун келганимиз йўқ. Ўйинимизда Италия футболи элементларини кўрасиз»
Сешанба, 07 Июн
2449
Фото: Tribuna.uz

8-14 июнь кунлари оралиғида Осиё Кубоги-2023 саралаши баҳслари бўлиб ўтади. 

Ўзбекистон, Таиланд, Шри-Ланка ва Мальдив миллий жамоалари ўрин олган С гуруҳидаги баҳслар Наманганда бўлиб ўтади. 

Бугун, 7 июнь куни турниролди матбуот анжумани ўтказилди. Унда Мальдив бош мураббийи Франческо Морейро қуйидаги фикрларни билдириб ўтди.

«Бу ўйинга жуда яхши тайёргарлик кўрдик. Эртанги рақибимиз кучлилигини билардик. Улар сўнгги ўйинларда яхши натижалар қайд этишмоқда. Шу сабаб футболчиларим 100 фоиз куч билан ҳаракат қилишади. Кучли жамоаларга қарши ўйин ўзгача ҳиссиётлар беради. Кучимиз ва камчиликларимизни биламиз. Эртага мукаммал ўйин кўрсатишга уринамиз.

Доим футболчиларимга айтаман: майдонда 11га 11 ўйналади. Ғалаба қозониш учун хатолар қилмаслигимиз ва ўз ўйинимизни кўрсатишимиз керак.

Ўзбекистонга узоқ йўл босиб келдик, лекин шунчаки дам олиб кетмоқчи эмасмиз. Мальдив халқини хурсанд қилиш учун ўйнаймиз.

Ўтган 3 ой давомида мураббийлар билан рақиблар ўйинларини таҳлил қилиб чиқдик. Таиланд — ҳужумкор жамоа. Улар тўпни тез ҳаракатлантиришади ва бўш ҳудудларга очилишади. 

Футбол — жамоавий ўйин. Лекин баъзи вазиятларда индивидуал маҳорат ҳам кўп нарсани ҳал қилади. Яккакурашларда ютқазмаслигимиз керак. Агар бирга-бир курашларда ютқазсак, ўйинни ҳам бой берамиз. 

Ўзбекистон миллий жамоаси ўйинларини кузатганман. Топ-жамоа. Улар сафида Италияда ўйнайдиган ҳужумчи (Элдор Шомуродов) бор. Мезбонларни турнир давомида ҳам ўрганиб борамиз. 

Мальдивга Италиядан келдим. Ўйинимизда Италия футболи элементларини ҳам кўрасиз. Режа асосида иш олиб боряпмиз. Сўнгги ўйинни Бангладешга қарши ўтказдик ва бундан завқ олдик», — дея италиялик мутахассиснинг сўзларини келтиради Tribuna.uz мухбири.

Мальдив 1-турни 8 июнда Таиландга қарши ўтказади.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар