«Манчестер Сити» ҳужумчиси Габриэл Жезус фаолиятини Испанияда давом эттириши мумкин.
Marca хабарига кўра, «Реал» клубига янги мавсум олдидан манчестерликлар ҳужумчисини сотиб олиш таклиф қилинган. Карло Анчелотти Жезусни маъқул вариант сифатида кўрмоқда ва Килиан Мбаппе трансфери амалга ошмагани учун Габриэлни Мадрид клубига олиб келиш имкониятлари кўриб чиқилишини сўраган.
Италиялик мураббий Жезус Винисиус ҳамда Родриго сингари ҳамюртлари билан яхши тандем ҳосил қила олиши ва Карим Бенземанинг ўрнини эгаллаши мумкинлигига ишонмоқда.
Аввалроқ, «Сити» бош мураббийи Пеп Гвардиола янги мавсумда ҳужум чизиғидаги асосий эътиборни Эрлинг Ҳоландга қаратиши, Жезус эса захирада қолиши ҳақида хабарлар тарқалганди.
Маълумот учун, Габриэль АПЛ якунланган мавсумида 28 ўйинда 8та гол ва 8та голли узатмага муаллифлик қилган.