U23 Осиё Кубоги. Японияликлар ўзларидан 2 ёш катта БАА жамоасини таслим этди
Шанба, 04 Июн
2136
Фото: Tribuna.uz

Ўзбекистон мезбонлигидаги U23 Осиё Кубогида гуруҳ босқичининг 1-тур учрашувлари якунланди. 

Кеча, 3 июнь дастуридан ўрин олган энг қизиқарли учрашувлардан бири Бирлашган Араб Амирликлари ва Япония олимпия жамоалари ўртасида кечди. 

Ўйиннинг биринчи таймида амирлик жамоаси тўлиқ устунлик қилди. Тўп назорати ва рақиб яриммайдонидаги босим масаласида улар рақибларига ҳеч қандай имконият бермади. Аммо ушбу устунлик таблодаги ҳисоб ўзгариши учун етарли бўлмади. 

Иккинчи таймда бош мураббий Оива Гонинг кўрсатмалари ва амалга оширган ўзгаришлар таъсирида кунчиқар юрт вакиллари амирлик ёшларига қарши тенгма-тенг ҳаракат қила бошлади. Буни «Барселона U19» собиқ бош мураббийи Денис Силва шогирдларининг кўп куч йўқотганликлари билан ҳам изоҳлаш мумкин. 

Ҳисобни ҳам айнан Япония жамоаси очди: 61-дақиқада рақиб ҳимоячиси Ийд Ҳамиснинг қўпол хатосидан сўнг тўпни эгаллаб олган Юито Сузуки жарима майдони ичида совуққонлик билан ҳаракат қилиб, дарвозани ишғол қилди. 

Аммо 2 дақиқа ўтар-ўтмас БАА ҳисобни тенглаштиришга муваффақ бўлди. Ҳаволатиб жарима майдонига ташлаб берилган тўпни Ёсир Ҳассан кучли зарб билан тепди. Тўп дарвоза тўсинига тегиб, тўрга бориб тушди. 

Бирлашган Араб Амирликлари ҳисобни тенглаштирганидан руҳланиб олдинга борди. Тинимсиз ҳужумларнинг бирида жарима майдонига узатилган тўп япониялик ҳимоячи Анрие Часенинг қўлига тегиб, йўналишини ўзгартирди. Бош ҳакам пенальти белгилади. 11 метрлик нуқтага яқинлашган Абдулла Идриснинг зарбасини эса дарвозабон Зион Сузуки қайтарди. 

76-дақиқада Япониянинг яна бир кам сонли ҳужумларидан бири хавфли кўриниш олди. Чап қанотдан узатилган тўпни Мао Ҳосоя рақиб дарвозасига боши билан жойлаб қўйди. Ушбу гол  Японияга жуда муҳим ғалаба ва потенциал плей-офф йўлланмасини келтирди. Бундан кейинги баҳсларда Оива Го шогирдларига мусобақа фаворити Саудия Арабистони ва нисбатан аутсайдер бўлиб кўринаётган Тожикистон рақиблик қилади. 

Бир жиҳатни таъкидлаб ўтиш керакки, Япония ушбу мусобақага Париж-2024да қатнаша оладиган таркибини олиб келган. БААда эса бир қатор ёшлар бўлишига қарамай, таркиб ўзагини 23 ёш атрофидаги футболчилар ташкил қилади. Ушбу турнирда фақатгина Япония ва Ўзбекистон ёшлари тўлиқ таркибда Париж олимпия ўйинларида иштирок эта оладиган футболчилар билан қатнашмоқда. 

Қуйида ушбу беллашувдан фоторепортажни томоша қилишингиз мумкин. 

Фоторепортаж муаллифи — Абдулбасит Валихонов

Теглар

Ўхшаш янгиликлар