U23 Осиё Кубоги. Таиланд — Вьетнам баҳси 1-турнинг энг шиддатли ўйини номига даъвогар (фоторепортаж)
Жума, 03 Июн
1107
Фото: Tribuna.uz

Ўзбекистон мезбонлигида ўтаётган U23 Осиё Кубоги баҳслари давом этмоқда. 

1-тур доирасидан ўрин олган Таиланд — Вьетнам учрашуви мусобақада шу вақтгача ўтказилган учрашувлар орасида энг қизиқарлиларидан бири бўлди. 

Учрашувни бошлаб берувчи ҳакам ҳуштаги чалиниши билан олдинга ташланган Вьетнам олимпия жамоаси тезкор гол билан ҳисобни очишга эришди. Туан Тай Фаннинг чап қанотдан ҳаволатиб йўллаган зарбасига таиландликлар посбонининг бўйи етмади ва тўп дарвоза тўридан жой олди. Бу вақтга келиб учрашувнинг 1-дақиқаси якунланмаган эди. 

Шундан сўнг, учрашув шиддатли қарама-қарши ҳужумлар билан давом этди, аммо иш ҳадеганда зарбага етиб бормади. 28-дақиқада Таиланд олимпия жамоаси бош мураббийи Ворравут Сримака кутилмаганда 2та ўзгариш амалга оширди. Ва таъкидлаб ўтиш керакки, ушбу ўзгаришлар ўзини оқлади. Захирадан ўйинга қўшилган Бенжамин Дэвис узоқ масофадан зарба йўллаб, ҳисобни очди. Вьетнам дарвозабони Ван Тоан Нгуен тўпни ушлаб қола олмай тепага чиқариб юборди ва уни кўрмай қолди. Дарвозабон тўпнинг топиб уни қайтариб юборишга ҳаракат қилгунича копток дарвоза чизиғини кесиб ўтиб бўлганди. Ушбу вазиятга вьетнамликлар посбони жароҳат ҳам орттириб олди ва захирага олинди. Жамоалар танаффусга 1:1 ҳисоби билан йўл олишди. 

Иккинчи таймда ўйинни Таиланд олимпиячилари ташаббус билан бошлашди. Улар кўпроқ тўпни назорат қилиб, рақиб жарима майдонининг иккала қаноти орқали ўз омадларини излади. Аммо рақиб ҳимояда мустаҳкам ҳаракат қилди ва айтарли зарбага имкон бермади. Аксинча, қарши ҳужумларнинг бирида иккинчи бўлим аввалида захирадан ўйинга қўшилган Ван Труонг Нгуен ҳаводан келаётган тўпни тўхтатмасдан дарвозанинг олис бурчагига киритиб, жамоасини яна ҳисобда олдинга олиб чиқди. 

Шундан сўнг, Таиланд мажбурий равишда олдинга ташланди ва ҳимояда катта бўшлиқларни ҳам очиб қўйди. Аммо Вьетнам қарши ҳужумларни ташкиллаштиришда муаммоларга дуч келди. Натижада, тинимсиз ҳужумлар орқали Таиланд барибир мувозанатни тиклади. 90+1-дақиқада Суфанат Муэнта рақиб дарвозасини боши билан ишғол қилиб, жамоасини мағлубиятдан сақлаб қолди. 

Гуруҳнинг иккинчи учрашуви Жанубия Корея ва Малайзия ўртасида кечиб, унда кореяликлар 4:1 ҳисобида ғалабага эришди ва гуруҳ пешқадамига айланди. 

Қуйида Таиланд —Вьетнам учрашувидан фоторепортажни томоша қилишингиз мумкин:

Суратлар муаллифлари — Азимжон Воҳидов ва Абдулбасит Валихонов

Теглар

Ўхшаш янгиликлар