U23 Осиё Кубоги. Очилиш ўйинида Ўзбекистон дебютант Туркманистонни аранг таслим этди (фоторепортаж)
Пайшанба, 02 Июн
2073

Кеча, 1 июнь санасида Ўзбекистон мезбонлигидаги U23 Осиё Кубоги старт олди. 

«A» гуруҳининг 1-турида Ўзбекистон Туркманистонга қарши баҳс олиб борди. Ушбу беллашув очилиш ўйини мақомида ўтказилди. 

Ўзбекистон «Пахтакор» стадионига жам бўлган 20 мингдан зиёд мухлислар қўллаб-қувватлаши остида учрашувни кетма-кет ҳужумлар билан бошлади. Аммо ушбу уринишларнинг якуний палласида ҳужумчиларимизга бироз аниқлик етишмади. 

Ўз навбатида, қўшниларимиз жамоаси дарвозабони Расул Чориевнинг ҳаракатларини ҳам эътироф этиш керак. Кўплаб вазиятларда айнан дарвозабон муваффақиятли ҳужумларимизни бартараф этди. 

Иккинчи тайм ўртасида Темур Кападзе жамоанинг асосий ҳужум футболчиларини алмаштирди. Таъкидлаш жоизки, унинг ушбу қарори ўз самарасини берди. 74-дақиқада туркманистонликлар футболчиси бурчак зарбаси вақтида тўпни қўли билан ўйнади ва бош ҳакам пенальти белгилади. ВАР ҳам ушбу қарорни тасдиқлагач, 11 метрлик нуқтадан Улуғбек Ҳошимов аниқ зарба йўллади ва «оқ бўрилар»ни ҳисобда олдинга олиб чиқди. Ушбу гол якунда Ўзбекистон олимпия жамоасига ғалаба келтирди. 

1-турда 3 очко ишлаб олган Кападзе шогирдлари онлайн жадвалда 1-ўринга чиқиб олишди. Гуруҳнинг иккинчи ўйинида Эрон ва Қатарнинг дуранг ўйнагани Ўзбекистон олимпия жамоасига қўл келди. 

Маълумот учун, Ўзбекистон 2-турда Қатар олимпия жамоаси билан баҳс олиб боради. Учрашув 4 июнь, «Пахтакор» стадионида бўлиб ўтади. 

Қуйида ушбу беллашувдан фотогалереяни томоша қилишингиз мумкин. 

Суратлар муаллифи — Муҳаммаджон Ғаниев

Теглар

Ўхшаш янгиликлар