«Реал» учун ЕЧЛни ютиш — худди ишга бориб келишдек гап». Қаҳрамон Асланов финал ҳақида
Якшанба, 29 Май
8315

Tribuna.uz колумнисти Қаҳрамон Асланов «Ливерпуль» — «Реал» (0:1) ўртасидаги Чемпионлар Лигаси финалидан сўнг Мадрид клубининг салобати ҳақида фикр билдирди.

Ғалаба одати

«Бир пайтлар Димитар Бербатов «Тоттенҳэм»дан «Манчестер Юнайтед»га ўтиб, илк марта АПЛда чемпион бўлганида, роса хурсанд бўлганини ёзганди. Сакраган, ирғишлаган, уйига бориб, ҳаммомда яланғоч ашула айтган — бу кайфият уни эрталабгача тарк этмаган. Мана шу кўтаринки алфозда у эртаси куни, Каррингтонга, яъни «МЮ» базасига киради. Байрам ахир.

Аммо қараса, одатий кунлардан бири. Гиггз ечиниш хонасида хотиржам бутсасини тозалаб ўтирибди, Скоулз машғулот олдидан дарвозага зарба беришни машқ қиляпти, Фергюсон кимдир билан гаплашиб ўтирибди. Бербатов учун бу — мутлақо янги даража, муносабат, ҳолат эди. Ғалаба одати.

Ўйин тугагач, «Реал» футболчилари — Бензема, Модрич, Кроос, Марсело ва бошқаларнинг ғалабани хотиржамлик билан нишонлаётганини кўриб, ўшани эсладим ҳозир. Ахир қанақа драматик ўйинлар, оғир йўл бўлганди-ку шу ергача. Билмадим, менимча, бошқа ҳар қандай жамоа ўзини бу қадар оддий тута олмасди. Чемпионлар Лигасини ютдинглар, ало?!

«Реал»нинг салобати ҳам шунда эмасми? Чемпионлар Лигасини ютиш худди ишга бориб келишдек гап...»

Ўйин ҳақида

«Аввалги босқичларда «Реал» ҳисобда олдинга чиқиб олгач, «ПСЖ» ҳам, «Челси» ва «Сити» ҳам у қадар кўп имкониятга эга бўлмаганди. Аксинча, бу жамоалар синиб қолган, ўйини қовушмаганди.

Финалда бундай бўлмади. «Ливерпуль» ҳисобни тенглаштириш учун етарли имкониятга эга бўлди: 1.15 XG - ўртача 2 голга яраша ўйнади. Куртуа эса, умумий 9 сэйв билан ЕЧЛ финаллари рекордини ўрнатди.

Сабаби, «Реал», айниқса, тизимли жамоаларга қарши хаос яратиш ва юқори савиядаги ижрочилар тажрибаси ёрдамида ўша хаосни голларга айлантириш билан шуғулланди. Айниқса, ҳисобни ушлаш керак бўлганда бу қўл келади.

«Ливерпуль» ҳам қисман тизимли жамоа, лекин шу билан бирга хаос сценарийси, тўпнинг тезликда у жамоадан бунисига ўтиши, майдон марказисиз футболда ҳам кучли. Клопп «Манчестер Сити»га қарши аввалги ўйинларида бу устунликдан фойдаланарди.

«Реал»га қарши, айниқса, тўп ўтказилгач, инглизлар ўша услубга ўтишди — янги «Ливерпуль»нинг юзлари Тиаго ва Диас ўрнига эски ливерпулчилар, хусусан Фирминонинг тушиши ҳам шундан дарак, менимча.

Шунинг учун ҳам «Ливерпуль» кўп вазият яратди, «Реал»нинг сценарийси доирасида ҳам кучли бўла олди. Шунчаки, Куртуа ва Каземиронинг ўта зўр ўйини, Винисиуснинг ягона вазиятдан фойдаланиши, аксарият ливерпулчилар ўз даражасидан пастроқ ўйин кўрсатгани беллашув тақдирини ҳал қилди.

Қисқаси, «Реал»нинг энг тушунарли ва мантиқан асосли ғалабаси».

Теглар

Ўхшаш янгиликлар