«Бунёдкор» ўз уйида бегонага айланиб, «Насаф»га йирик ҳисобда ютказди (фоторепортаж)
Чоршанба, 25 Май
4456
Фото: Tribuna.uz

Ўзбекистон Суперлигасида 10-тур учрашувлари ортда қолди. 

Турнинг марказий беллашувларидан бири Тошкентдаги «Бунёдкор» стадионида майдон эгалари «Бунёдкор» ва Қаршининг «Насаф» жамоалари ўртасида кечди. Учрашув бошланиши олдиданоқ «Бунёдкор» стадионида қашқадарёликлар кўпроқ бўлиши тахмин қилинганди. Аммо «аждарлар» мухлислари кутилганидан ҳам кўра каттароқ ажиотаж юзага келтиришди. 

Учрашув кутилганидек Рўзиқул Бердиев шогирдлари устунлиги билан бошланди. Шерзод Насруллаевнинг жароҳат сабаб таркибда эмаслиги туфайли чап қанот ҳимояси Ғолиб Ғайбуллаевга ишониб топширилди. Аммо Бердиев ушбу беллашувга 3та марказий ҳимоячи билан тушишни маъқул кўрди ва Ғайбуллаев ҳам чапроқда ўйнаганига қарамай, асосан, марказий ҳимоячи вазифасини бажарди. Чап қанотдан ҳужумларни қўллаб-қувватлаш эса Шароф Муҳитдиновга топширилди. Дастлабки дақиқалардан тўп назоратини қўлга олган қаршиликлар позицион ҳужумлар орқали «Бунёдкор» ҳимоясини ёриб ўтишга қийналишди. Устига-устак суньий ўйиндан ташқари ҳолатни юзага келтиришда хатога йўл қўйган «Насаф» ҳимояси биринчи бўлиб ўз дарвозасидан гол олиб чиқди. Зафар Сафоевнинг ўз жарима майдони ёнидан тепган тўпи Иброҳим Гбадамосига келиб тушди ва у Аливуловнинг тақибидан қочиб, дарвозани ишғол этишга муваффақ бўлди. 

Аммо тинимсиз ҳужумлар тайм охирига келиб ўз самарасини берди. 36-дақиқада Ойбек Бозоров рақиб ҳимояси марказидаги пала-партишликдан унумли фойдаланиб, жарима майдони чизиғи яқинидан зарба йўллади ва тўп Сафоев дарвозаси тўсинига тегиб, тўрга бориб тушди — 1:1. 41-дақиқада эса Шароф Муҳитдинов жарима зарбасини қойилмақом ижро этиб, жамоасининг бўлимни ғолиб сифатида якунлашига сабабчи бўлди.

Иккинчи таймда «қалдирғочлар» ҳужумдаги фаолликни оширган бўлсалар-да, барибир тўп назорати «Насаф»да қолди. Бозоров 57-дақиқада яна узоқ масофадан рақиб дарвозасини ишғол қилди. Бу гал алдамчи ҳаракатлардан кейин берилган кутилмаган зарба Зафар Сафоев дарвозасининг пастки бурчагига кириб кетди. 

Шундан сўнг, вазиятни ўнглашни мақсад қилиб, олдинга ташланган «Бунёдкор» ҳимояда Бердиев шогирдларига катта бўшлиқлар яратиб берди. 69-дақиқада Ҳусайн Норчаев дарвозабонни ҳам алдаб ўтиб, гол урди ва олимпия жамоаси йиғинига бориб қўшилиш олдидан жамоаси учун яна бир гол уришга муваффақ бўлди.

Ушбу натижа бош ҳакам Шавкат Насибуллаевнинг финал ҳуштаги чалингунича ўзгармади — 1:4. 

Ушбу ғалаба орқали «Насаф» ҳисобидаги очколар сони 18тага етди ва захирасидаги 2та ўйин билан қаршиликлар Суперлига жадвалининг 2-поғонасида бормоқда. «Бунёдкор» эса 12 очко билан қолди ва 8-ўринни эгаллаб турибди. 

Қуйида ушбу учрашувдан фотогалереяни томоша қилишингиз мумкин. 

Фоторепортаж муаллифи — Абдулбасит Валихонов

Теглар

Ўхшаш янгиликлар