Рўзиқул Бердиев: «Чемпионлик ҳақида гапиришга ҳали эрта»
Сешанба, 24 Май
11749
Фото: Tribuna.uz

Ўзбекистон Суперлигаси 10-туридан ўрин олган «Бунёдкор» — «Насаф» учрашувидан сўнг, қаршиликлар бош мураббийи Рўзиқул Бердиев ўйин ҳақидаги фикрларини билдириб ўтди. 

«Аввало, ассалому алайкум. Таъкидлаб ўтмоқчиман, бугунги ўйин жуда ажойиб муҳитда ўтди. Ғалабадан ҳам кўра, стадионга келган мухлисларимиз кўплигидан хурсанд бўлдик. 

Ўйинни хато билан бошладик. Лекин асабийлашмасдан хатони тўғриладик ва бундай ғалабаларнинг қадри яна ҳам баланд. 

«Бунёдкор»нинг ўйини билан эмас, ўз футболимиз билан шуғулланишни мақсад қилгандик. Чунки уларга ўйнаш имкониятини берсак, катта қаршилик кўрсатиши мумкин эди. 

Ҳали чемпионлик ҳақида ўйлаганимиз йўқ. Футболчиларимга ҳар бир ўйинда ғалаба учун майдонга тушишни айтяпмиз. Албатта, олий натижани мақсад қиламиз. Аммо ҳозирча чемпионлик ҳақида гапиришга эрта. 

Ўтган мавсумларда етакчиларимиз бошқа клубларга ўтиб кетиб, анча қийин аҳволга тушиб қолардик. Бу гал асосий футболчиларимиз билан шартномаларни узоқ муддатга тузиб қўйгандик ва шу жиҳатдан таркибнинг ўзагини сақлаб қолишга муваффақ бўлдик», — деди Бердиев.

Эслатиб ўтамиз, ушбу ғалаба орқали «аждарлар» онлайн жадвалда 2-ўринга кўтарилиб олди.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар