Энг тўғри вақт. Мбаппенинг Парижда қолиши ҳақида
Якшанба, 22 Май
11565
Фото: Getty Images

2016 йилда 25 ёшда бўлган Оскар бирданига «Челси»дан «Шанхай»га ўтиб кетганди. Катта пул эвазига. Бемалол айтиш мумкинки, Оскар ўшанда карьерасини пулга алмашган - Европада кўзга кўринган футболчи Хитойга кетса, футболдан кетди дегани - балки футбол ўйнаб юргандир, билмаймиз, кўрмаймиз. Терма жамоага чақирилмайди, голлари ижтимоий тармоқларда айланмайди, «Олтин тўп» номзодлари икки юзталигида исмини учратмаймиз. Оскар даражасидаги иқтидор учун бу футболдан кетиш эмасми?

Бир қараганда, Килиан Мбаппенинг «Реал»ни рад этиб, «ПСЖ»да қолиш қарори шу ҳолатга ўхшайдигандек туюлади. Франция жуда бир Хитой ёки АҚШ бўлмасаям, футбол жамоатчилиги эътиборидан четроқда. Ростанамда, қаранг, Франция чемпионатида «Метц» ёки «Ренн»га кўплаб гол уриб юриш мумкин, дунё қайрилиб ҳам қарамайди. Буни «Барселона»дан Парижга борган Неймар ҳам ўз танасида ҳис қилган, бир муддат ўзини бахтсиз қилиб юрганди ҳам. Наҳотки болаликдаги «Қироллик клуби» орзуси, Эл Классиколарнинг янги қаҳрамони бўлиш имкониятини қанчадир юз миллионга алмашса-я? «Ахир «Реал» ва «Барса» бу дунёни иккига бўлиб юборувчи клуб, қанақа тузсиз одамсиз-е, Киллиан!»... 

Аммо бир қараганда шундай холос. Манимча, Мбаппе агар Парижда яна ўйнаш учун ақлбовар қилмас пул олиш таклифига кўнмоқчи бўлса айни вақти ҳозир. Идеал палла.

Сабаби, бу мавсум уникал. Шу маънодаким, келаётган мавсум ўз ичига жаҳон чемпионатини олади. Мундиал мавсум бошида ёки охирида эмас, айнан мавсум ичида бўлиб ўтади. Бу нима дегани?

Биринчи ва ягона марта Франция чемпионати вакили мавсум давомида ракурсимиздан йўқолиб қолмайди. 

«ПСЖ»нинг ўз юлдузларини маҳрум қилиб қўядиган ягона статус шу эди - қанча гол уринг, қанча ассист амалга оширинг, қанчалик зўр ўйнанг, шу ишни Мбаппе қилди ҳам шу йили, барибир дунё эътиборидан четдасиз. Сизни Бензема, Салоҳ ёки ҳатто Сандро Тонали даражасида ҳам эслашмайди. Мбаппе ҳақида хабарлар фақат Чемпионлар Лигасида гол урганда ва «Реал»га ўтиши ҳақидаги миш-мишлар бўлганида ўқилди холосдек гўё. Тўғрими?

Бу сафар унақа бўлмайди. Кузда Мбаппе «ПСЖ» да ўйнамай турсаям бўлади - жаҳон чемпионати бор. Қатардаги турнирнинг ўзи футболчи учун ярим мавсумга етади. Барибир барча чемпионатлардаги биринчи давра, у ерда боксинг дэй бўладими, бошқами, фарқи йўқ, мундиал соясида қолиб кетади. Мундиал қаҳрамонлари асосий планга чиқишади.

Баҳорда эса Чемпионлар Лигаси. Катта эҳтимол билан у ерда «ПСЖ» ҳам бўлади. Бенземадан сўранг, ЕЧЛ ўйинлари ўз даражаси билан ҳар қандай чемпионатнинг чемпионлик интригаларига соя солишга қодир. Шубҳасиз.

Яъни, Мбаппе бу сафар энди «ПСЖ»да ўйнасаям, худди Бензема, Салоҳ, Де Брюйне ва бошқа, гўёки каттароқ лигалардаги ҳамкасблари бир бир қаторда кўз ўнгимизда бўлади. Қаердадир четда, Франция чемпионатида юргандек тасаввур бўлмайди.

Бошқа оддий йилларда «Реал» ёки «Барселона» Мбаппега Париж бера олмаётган нимадирни таклиф қила оларди, албатта. Аммо бу сафар эмас. 

Жаҳон чемпионати мезбонлигини ютволиб, уни қишга кўчиришга эришган қатарликлар қайсидир маънода, билмаган ҳолда, Мбаппени келажакда бир кун олиб қолишга замин ҳозирлаган бўлиб чиқишди.

Қаҳрамон Асланов

Ўхшаш янгиликлар