АПЛдаги рекорд трансферлар. Кимлар ўзини оқлади ва кимларга ҳали вақт бериш лозим?
Чоршанба, 18 Май
11470
Фото: Getty images

Ҳали ҳаво исимасдан ёзнинг энг катта трансфери амалга ошиб бўлди, дейиш мумкин. Эрлинг Ҳоланд «Манчестер Сити» аъзосига айланди – инглиз клуби норвегиялик ҳужумчи учун 60 миллион евро тўлади. Ҳозирги бозор шароитида камтарона нарх, бу ҳатто «Манчестер Сити» трансферлари рейтингида ҳам 9-ўринда туради. Яъни келаси мавсумда шундай таркиб тузиш мумкинки, майдонда Ҳоланд жамоадошлари ичида энг арзон икки футболчидан бири бўлади.

АПЛда эса 23 марта бир футболчи учун Эрлингга қараганда кўпроқ пул сарфлашган. Бу трансферлар ичида ўзини тўлиқ оқлаб, жамоага турли совринлар олиб келгани ҳам, бутунлай акс ҳолатлар ҳам етарлича. Қуйида айнан шу ракурс билан Англиянинг қимматбаҳо трансферларини таснифлаб кўрамиз. Табиийки, таснифлашда, бундай катта пул сарфланган футболчи жамоада энг етакчи футболчилардан бири бўлиш керак, деган ўлчовни асос қилиб оламиз.

ТЎЛИҚ ОҚЛАГАНЛАР

Табиийки, нидерландиялик марказий ҳимоячини Англияда сўнгги беш йилдаги энг фойдали трансфер деб ҳам айтиш мумкин. Виржийл нафақат «Ливерпуль»даги муаммоли позицияни ёпди, балки тизимнинг муҳим бўлагига айландики, айнан унинг устунликлари эвазига Юрген Клопп қанот ҳимоячиларидан янада ҳужумкорликни талаб қила олади. Ҳозирча бир марта чемпионлик ҳамда сўнгги беш йилда учинчи бор ЕЧЛ финалига чиқишда ушбу ҳимоя қўрғонининг ҳиссаси катта.

Виржийлдан олти ой ўтиб трансфер қилинган Алиссон Бекер ҳақида ҳам юқоридаги фикрларни такрорлаш мумкин. Унинг сейвларидан ташқари, анча олдинга чиқиб ҳаракатланадиган ўйин услуби жамоада ҳужумкор ўйнаш ва прессинг қилиш имкониятини янада оширади. Алиссон керакли пайтда сўнгги ҳимоячидек ҳаракат қила олиш қобилияти жуда кўп вазиятларда рақибнинг қарши ҳужумларига барҳам берган. Ўтган йилги омадсиз мавсумдан ЕЧЛ йўлланмасини юлиб олишда эса, Алиссоннинг «Вест Бромвич» дарвозасига урган голи муҳим рол ўйнаганини ҳам ёддан чиқармаслик керак.

Муваффақиятли трансферлар сафида албатта Кевин Де Брюйнени алоҳида эътироф этиш даркор. Пеп Гвардиола Манчестерга келганида, кўпроқ вертикал ҳужумларда ва кроссларда беназир бўлган бельгиялик яримҳимоячи бироз сояда қолиши тахмин қилинганди. Аммо Де Брюйне Пеп жамоасининг ҳам муҳим мурватига айлана олди. Агар Месси ва Роналду бўлмаганида, қайсидир йили айнан Кевинни ҳам «Олтин тўп» соврини билан кўришимиз аниқ эди.

«Манчестер Сити» ҳимоясини алоҳида даражага кўтарган Рубен Диаш ҳамда айнан Гвардиола қўл остида Европада ҳеч кимга ўхшамайдиган услубга асос солган Жоау Конселу (трансфернинг бир қисми Данилони бериш билан тўланган) ва албатта, муаммоли жамоага келиб ҳам, топ-футболчилар қаторида голли статистикани намойиш этиб келаётган Бруно Фернандеш ҳақида бемалол ўз пулини оқлади, деб баҳо беришимиз мумкин.

ЧИДАСА БЎЛАДИ:

Одатда Пеп Гвардиола савдони бозордан эмас, супермаркетдан қилади. Яъни салоҳияти шубҳали бўлган футболчилар билан кўп ўралашиб юришни истамайди, маълум даражадан юқори бўлган ижрочиларни яхшигина нархга сотиб олади. Бир пайтлар Пол Погба рекорд нархга «Юнайтед»га ўтиб, футбол жамоатчилиги бу нарх ҳақида танқидий фикрлар билдира бошлаганда, Жозе Моуриньо шундай деганди:

- Погба ёки Неймар каби футболчилар дунёда битта ёки иккита бўлади, яъни уларга ҳар қанча нарх белгиласангиз ҳам, трансфер бозорига катта таъсир ўтказмайди. Яхшиси, «Манчестер Сити»га қаранг, оддий қанот ҳимоячиларига 50 миллиондан кўп пул сарфланиши чиндан ҳам бозорни кўтариб юбормоқда.

Ҳа, Грилишгача «Манчестер Сити» трансфер рекордига яқинлашмаган бўлса-да, бугунги рўйхатда айнан «шаҳарликлар» амалга оширган харидлар кўп учрайди. Табиийки, Гвардиола ўз тизими учун мос футболчини олиб келишга уриниши туфайли, одатда, бундай трансферлар у қадар муваффақиятсиз чиқмайди. «Чидаса бўлади» бўлими ҳам шунинг учун «Манчестер Сити» вакилларидан ташкил топган. Юқорида номлар сарфланган пулни қайсидир маънода оқлашган, жамоанинг асосий таркиб футболчилари саналишади, аммо шу билан бирга, Де Брюйне ёки Диаш билан ҳам солиштириб ҳам бўлмайди. Бу футболчиларсиз ҳам «Манчестер Сити» бугунги даражасидан пасайиб кетмаган бўларди, тахминимизча.

Бу рўйхатда Пьер Эмерик Обамеянг ҳам жой олган. Унинг ўз вақтида «Арсенал»ни ўз ортидан эргаштиргани, айнан унинг голлари жамоага бир неча совринларни олиб келгани ҳам бор гап. Шунчаки, сўнгги мавсумдаги зиддиятлар туфайли уни топ-трансферлар қаторига қўша олмадик. Ромелу Лукаку эса, аслида, Моуриньо истаган натижани олиб келмаган, Сульшер даврида умуман захира ўйинчисига айланиб қолган бўлса-да, биргина сабаб туфайли ишончни оқламаганлар сафида эмас – «Манчестер Юнайтед» Лукакуни «Интер»га яхши нархга сотган ва трансфернинг қарийб 80 фоизини қоплаган.

ҲАЛИ ВАҚТ БОР

Жек Грилиш учун илк йил ўтиш мавсуми бўлди ва бемалол айта оламизки, Гвардиола бир футболчи учун бежиз бу қадар катта суммани сарфламайди. Демак, Грилишнинг «Сити» тизимига адаптацияси давом этади ва айниқса, Ҳоланд келгач, англиялик яримҳимоячининг ўйин услуби ва кросслари янада самарали бўлиши мумкин.

Санчо шундай пайтда келдики, нафақат АПЛ, ҳатто «Юнайтед»га мослашиб улгурган футболчилар ҳам ўз даражаларида ўйнай олишмади. Уларнинг фонида Жейдоннинг илк мавсумига чидаса бўлади. Эрик Тен Ҳаг ҳаммасини оқ қоғоздан бошлашини инобатга олсак, шундоқ ҳам савияли ижрочиларга эҳтиёж сезилаётган пайтда Санчонинг бўлиши мураббий учун ҳам бонус.

«Челси» яримҳимоячиси эса, айниқса, Тухел келганидан кейин «алдамчи тўққизлик» позициясида фойдалироқ бўла бошлади, ҳатто Ромелу Лукакуни асосий таркибдан чиқариб юборди. Ҳаверц ҳамон «Челси»нинг алмаштириб бўлмас аъзосидек таассурот уйғотмаяпти, тўғри, лекин янги позициядаги ўсиш ҳамда Чемпионлар Лигаси финалидаги ғалаба голи унга яна вақт бериш лозимлигини англатади.

ОҚЛАНМАГАН

Энг қизиқ бўлимга етиб келдик. Толстой бахтли оилалар ўхшаш, бахтсизлар фарқли бўлади, деганидек, бу рўйхатдагиларнинг ҳар бирида алоҳида ҳикоя бор.

Ромелу Лукаку ёмон футболчи эмас, лекин тан олиш керак, «Челси» усиз яхшироқ ҳаракат қиляпти. Бельгиялик ҳужумчи эса, характер жиҳатидан Жиру ёки Жезус сингари захира варианти бўлишни истамайди. Оқибатда унинг таркибда бўлиши доим муаммоларга сабаб бўлиши мумкин.

Кристиан Пулишич баъзи ўйинларда фойдали ҳаракат қилаётган бўлса-да, унга берилган статус трансфер пайтидагидан кўра анча пасайганини тан олиш лозим. «Челси»даги ҳужумкор яримҳимоячиларни қисқартириш ишлари амалга ошириладиган бўлса, айнан Пулишич ва Зиёш дастлабки номзодлар бўлади. Олтмиш миллиондан кўпроқ пул тўланган футболчи учун бу қониқарли позиция эмас, албатта.

«Манчестер Юнайтед»нинг омадсиз трансферлари-ку, умуман комедия. Пол Погба сўнгги 10 йилликдаги «МЮ» менежментининг энг шармандали кейси ролини ўйнаб беради. Дастлаб Фергюсон у билан шартнома имзоламади, текинга «Ювентус» аъзосига айланган ёш футболчи юлдузлардек ўйнай бошлагач, ҳамма «Юнайтед» устидан кулди. Кейин «МЮ» бир пайтлар текинга кетган тарбияланувчисини дунё рекорди нархида қайтариб сотиб олди ва яна дунё клуб устидан кулди. Энди эса, беш йилда беш марта чинакамига нархига яраша ўйин кўрсатган Погба яна текинга жамоани тарк этмоқда. Яна кулги.

Кулги деганда, Ҳарри Магуайрни ҳам эсламай иложи йўқ. «Ливерпуль»нинг Ван Дейк билан амалга оширган «трюки»ни такрорламоқчи бўлган «МЮ» Магуайр учун ҳимоячилар учун рекорд нарх тўлади ва «Орзулар театри» «Армонлар цирки»га айланиб кетди.

Умуман оқланмаган трансферлар рўйхатида дунёдаги энг қимматбаҳо ҳимоячи ва энг қимматбаҳо дарвозабон (Кепа) бўлиши чиндан ҳам қизиқ ҳолат.

Алваро Моратани «Челси» Антонио Контега Лукаку трансфери амалга ошмай қолгач, юпатиш учун олиб берганди. Табиийки, яхшигина пул тўланган бўлса-да, испаниялик ҳужумчидан кўп нарса кутилмаган.

Николя Пепе эса, умуман «Арсенал»нинг рекорд трансфери, аммо ҳозирда клуб тарбияланувчиларига рақобатда бой бермоқда.

Анхел Ди Мария ё Луи ван Ҳаалга ёки АПЛга мос келмади. Майдон ташқарисидаги воқеалар, масалан, унинг уйига босқинчилар киргани ҳам ўз таъсирини ўтказмай қолмади, албатта. Тўланган трансфер нархидан сезиларли қисми «ПСЖ»дан чиқариб олинган бўлса-да, одатда «Олд Траффорд»да ўйини чиқмаган футболчиларни ҳам кейинчалик, қарсак билан кутиб оладиган мухлислар ҳали ҳам Ди Марияга ҳуштак чалишини инобатга олсак, трансферни фақат салбий баҳолай оламиз, холос.

Албатта, юқорида берилган баҳолар эртага ўзгариб кетиши ҳам мумкин. Чунки санаб ўтилган 23 футболчидан 18 нафари учун ушбу трансфер якунига етмаган ва улар ўзини кўрсатиш имкониятини сақлаб қолмоқда. Уларга бу йўлда омад тилаган ҳолда, фақат биргина хулоса билан якунлаш мумкин. Эътибор берган бўлсангиз, омадсиз трансферлар асосан сўнгги йилларда беқарор ва мураббийларни алмаштираётган «Челси» ва «Манчестер Юнайтед» томонидан амалга оширилган. Аксинча, кучли тизим ва муваффақиятли даврни бошидан кечираётган «Манчестер Сити» ва «Ливерпуль»да ҳар қандай трансфер ўзини оқлаган.

Ёки тескарисими? Трансферлар ўзини оқлагани учун баъзи клублар барқарор, ўхшамай қолгани учун бошқалари омадсизми? Бу худди товуқ олдин пайдо бўлганми ёки тухумми, дейилганидек, биз жавоб топишга бироз қийналадиган масалалар.

Қаҳрамон Асланов

Теглар

Ўхшаш янгиликлар