Юрген Клопп Чемпионлар лигаси янги формати ҳақида фикр билдириб, УЕФА Миллатлар лигаси баҳсларини жаҳон футболидаги энг кулгули ғоялардан бири деб атади.
ЕЧЛда 2024/25 йилги мавсумдан 36та жамоа иштирок этиши ва гуруҳ босқичида ҳар бир жамоа 8тадан ўйин ўтказиши ҳам Клопп томонидан маъқулланмади.
«Ўйинлар кўплиги – ҳар доим ёмон ғоя. Бу ҳақда кўп гапирдим. Афсуски, бу ҳеч кимни қизиқтирмаяпти.
УЕФА президенти менга хабар ёзиб юборган экан. Унга ҳам бу борада қандай фикрласам, ўшани ёзиб юбордим. Шахсан мен УЕФАнинг Миллатлар лигасидек турнирдан кўра, Чемпионлар лигаси финалида кўпроқ пул ишлаб топишини истардим. Миллатлар лигаси турниридан воз кечиш керак.
Миллатлар лигаси – жаҳон футболидаги энг кулгули ғоялардан бири. Футболчилар мавсум давомида 70дан ортиқ ўйинларда майдонга тушиб, мавсум тугагач миллий жамоаларда Миллатлар лигасида тўп суришлари керак. Бу ақлга сиғмайди», - дея Клоппнинг сўзларини келтирган Daily Mail.