«Бавария» президенти Левандовскининг клубни тарк этиши ҳақидаги хабарларга муносабат билдирди
Жума, 13 Май
6391
Фото: Getty images

«Бавария» президенти Герберт Ҳайнер жамоа ҳужумчиси Роберт Левандовскининг ёзда клубни тарк этиши ҳақидаги хабарларни рад этди.

«Роберт Левандовскининг «Бавария» билан амалдаги шартномаси 2023 йилнинг июнь ойига қадар имзоланган. У бу келишувни бажаради», – дея Герберт Ҳайнернинг сўзларини келтирган Bild.

Инсайдер Фабрицио Романонинг ёзишича, Мюнхен клуби польшалик голеадорнинг агенти Пини Захавига ҳам Левандовски билан мавсумлар оралиғида хайрлашмоқчи эмаслигини маълум қилган.

Аввалроқ, Левандовски Германия чемпиони сафини тарк этишга қарор қилгани ва фаолиятини «Барселона»да давом эттиришни истаётгани ҳақида хабар қилинган эди. У клуб билан янги шартнома борасида келишувга кела олмагач, яна бир йил жамоада қолишни хоҳламаяпти.

Маълумот учун, Роберт жорий мавсум мюнхенликлар сафида Бундеслигада 33 ўйинда 34та гол, ЕЧЛда эса 10 баҳсда 13та голга муаллифлик қилган.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар