Артета: «Шармандалик. Шундай ўйин йўқ қилинди. Ўйлаганларимни айтсам, 6 ойга дисквалификация қилишади»
Жума, 13 Май
9359

«Арсенал» бош мураббийи Микель Артета Премьер-лиганинг 22-туридан ўрин олган «Тоттенҳэм» (0:3) билан қолдирилган баҳсдан сўнг ҳакамни танқид қилди.

Жамоа биринчи бўлимда камчиликда қолди — бош ҳакам Пол Тирни «тўпчилар» ҳимоячиси Роб Ҳолдингга 26 ва 33-дақиқаларда иккита сариқ карточка кўрсатиб, майдондан четлатди. 23-дақиқада эса Сон Ҳён Миннинг йиқилгани учун пенальти белгиланди ва уни Ҳарри Кейн голга айлантирди. 

«Агар ўз фикримни айтсам, 6 ойга дисквалификация қилишади. Ёлғон гапира олмайман. Ўйлаганимни айтмасликни афзал кўраман. Нима деб ўйлаётганимни айта олмайман. 

Футболчиларимнинг ҳаракатларидан хафа эмасман. Улар билан фахрланаман. Ҳакамнинг камералар олдига чиқиб, қарорларини тушунтиришини хоҳлайман. Бу — шармандалик. Шундай чиройли ўйин йўқ қилинди. 

Қарор қабул қилинди. Биз уни ўзгартира олмаймиз. Футболда ҳакам қарор қилади. 

Бу ўйин тарихга айланди. Кейинги баҳс «Ньюкасл» билан. Иккала жамоада иккитадан ўйин бор. Ҳаммаси ўзимизга боғлиқ. Ўз ишимизни қилишимиз керак», — дея Артетанинг сўзларини келтиради BBC. 

Маълумот учун, «Арсенал» (66) ва «Тоттенҳэм» (65) ЕЧЛ йўлланмасини берадиган 4-ўрин учун курашмоқда. Ҳозирча Артета жамоаси ҳамшаҳаридан 1 очкога олдинда.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар