Алишер Қодиров «Сўғдиёна» клуби номи ва логотипини ўзгартиришни маслаҳат берди
Жума, 13 Май
9907
Фото: Kun.uz

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Спикери ўринбосари,  «Миллий тикланиш» демократик партияси МК раиси Алишер Қодиров Ўзбекистон Суперлигаси 8-туридан ўрин олган «Сўғдиёна» — «Насаф» (1:2) баҳсидан сўнг ўз фикрларини билдирди.

«Жиззах жамоасининг ашаддий мухлисиман. «Насаф»ни эса яхши кўраман, зўр жамоа.

Бир пайтлар Қашқадарёда футболни фундаментал ривожлантириш учун раҳматли Нуриддин Зайниевнинг қилган ишларини энди Эргаш Салиев Жиззахда амалга оширяпти. Футболни яхши кўрадиган ва шу ёшда (66) ҳам шахсан футбол ўйнайдиган амалдаги ҳокимни мен танимайман. Футбол Жиззахда фундаментал ривожланяпти, бу — факт. Лекин ҳозирча ортдамиз, 1:2.

Улуғбек Бақоевга эса маҳаллийчилик қилиш эмас, маҳаллий истеъдодларни кўпроқ тарбиялашни маслаҳат бераман. Жиззахда ёш қобилиётлардан фақат Халилов кўриняпти. «Насаф»дагиларни эса санаб тугатиб бўлмайди… Бугун чемпион бўлолмасмиз, эртага даъвогар бўлишимиз учун ягона йўл — шу! 

Яна бир гап. «Сўғдиёна» деган номни Жиззахга умуман алоқаси йўқ. Бу — Самарқанд ҳудудидаги қадимги давлат. Жиззах бу ҳудудга ҳеч қачон тааллуқли бўлмаган. Жиззах қадимги Уструшона давлатидаги Дузарк эди.

Жамоанинг номини «Жиззах» деб ўзгартириш керак. Бу — вилоятни самарали реклама қилиш учун ҳам тайёр пиар ресурс. Масалан, Милан, Манчестер, Лестер, Марсель. Туркиядаги ҳатто маҳаллалар номини ҳам дунёда яхши билишади: Галатасарой, Бешиктош, Фенербаҳче. 

Жиззах клубининг ушбу мавсумда илк бор халқаро турнирда иштирок этиши ҳисобга олинса, бу — айни муддао. 

Логотип масаласида… 
Бўри ва «Рома» — бу қадимий ривоятга таянади. Лекин бўри ва Жиззах жуда беўхшов. Ўйлашимиз керак. «Ювентус»никига ўхшаган Жиззах вилоятининг логотипи жуда зўр чиққан, аслида, нега шу лого ишлатилмайди — аниқ, машҳур ва тушунарли. «Ювентус»дек бўлиб кетармидик.

Умуман олганда Ўзбекистонда футбол ўзгарди. Томошабоп ва адолатли ўйинлар бўляпти. Мен шахсан ҳамма ўйиндан завқ оляпман. 

Жамоаларни тезроқ хусусийлаштирсак ва ислоҳотларни шу шаклда давом эттирсак, жиддий натижалар узоқда эмас», — дейди Қодиров ўз телеграм каналида.

Ўхшаш янгиликлар