«Самарқандда тўп суриш ҳеч бир жамоамга осон бўлмаган». Бабаян «Навбаҳор»нинг пешқадамга айлангани ва Рустам Ашурматов ҳақида
Чоршанба, 11 Май
5682

Суперлига 8-тури доирасидаги «Динамо» - «Навбаҳор» (0:1) учрашувидан кейин наманганликлар бош мураббийи Самвел Бабаян матбуот анжуманида қатнашиб, журналистлар саволларига жавоб қайтарди.

- Бугунги ўйин чемпионатнинг муросасиз курашлар остида ўтаётганини яна бир карра исботлади. Ўйинда савия жиҳатдан рақибдан устун эканимизни кўрсатганимизга қарамай, сўнгги сонияларга қадар икки жамоа ҳам босимда тўп суриб, дуранг қайд этилаётган эди. Аммо барибир маҳорат, ижрочилар даражаси ўз сўзини айтди. Бундан жуда ҳам бахтиёрмиз. Йигитларга катта раҳмат. Ўйлайманки, ўйиндан-ўйинга ўсишда давом этамиз. Чемпионат янада қизғин кўриниш олади.

- «Навбаҳор» пешқадамга айланган бўлса-да, «Динамо»га қарши қанчалик ўйинини кўрсата олди?

- Чин қалбдан айтишни истардим, ҳозир Самарқандда эканлигимдан бахтиёрман. Самарқанд – футбол шаҳри, Суперлига бу шаҳарга қайтганидан жуда ҳам хурсандман. Қайси клубда ишламай, Самарқандда тўп суриш ҳеч бир жамоамга осон бўлмаган. Бу стадиондаги муҳитдан исталган таркибдаги жамоа рақибга қарши охиригача курашади. «Динамо»нинг ҳозирги таркиби ҳам бундан мустасно эмас. Ҳозирги Суперлигада ҳеч кимда қандайдир устунлик бор деб гапириш қийин, ҳар қандай жамоалар ўзаро баҳсларда қийналишмоқда. Чемпионат шуниси билан ҳам қизиқ.

«Динамо» таркибида жарангдор номлар йўқ, аммо ўйинда мураббийнинг имзоси кўриниб турибди. Айниқса, «Динамо»нинг ҳимоя чизиғи бугун жуда тартибли ўйин намойиш этди. Фикримча, бу мавсум ҳеч бир жамоага Самарқандда осон бўлмайди. Бугун эса кучли жамоа ютди, бу – факт.

- Рустам Ашурматов кетма-кет иккинчи сафар ўйинида сўнгги дақиқаларда «Навбаҳор»га ғалаба келтирмоқда. Унинг ўйини ҳақида...

- Ашурматовнинг мавсум бошланишидан аввал жамоамизга келиб қўшилганидан жуда ҳам хурсандмиз. Рустам – савияли ўйинчи, у миллий жамоа даражасидаги футболчи, - дея Самвел Бабаяннинг сўзларини келтиради Tribuna.uz мухбири.

Қайд этиш жоиз, учрашув давомида Самвел Бабаян «Динамо» бош мураббийи билан оғзаки жангга киришгач, бу маҳаллий мухлисларнинг норозилигига сабаб бўлди. Ўйиннинг сўнгги дақиқаларида «Динамо» футболчиси жароҳат сабабли тўпни майдонга чиқариб юборгач, Бабаян «Навбаҳор» футболчиларига тўпни қайтармай, ўйинни давом эттиришни сўрагани, Предраг Роганнинг эътирозларига сабаб бўлди.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар