“Пахтакор”, “Нефтчи”, “Қўқон-1912” футболчилари 3 ўйинга дисквалификация қилинди, Бабаян жаримага тортилди
Чоршанба, 11 Май
6272
Фото: Tribuna.uz

Ўзбекистон футбол ассоциацияси Тартиб-интизом қўмитасининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда сўнгги турлар доирасида бўлиб ўтган учрашувлардаги интизомий ишлар кўриб чиқилди.

ОКМК — “Қўқон-1912”

Суперлига 5-тури доирасидаги ОКМК — “Қўқон-1912” учрашувида “Қўқон-1912” жамоаси футболчиси Дилшод Раҳматуллаев учрашувнинг 30-дақиқасида рақиб ўйинчисига нисбатан ўйин қоидасини жиддий тарзда бузгани учун қизил карточка билан жазоланган.

Тартиб-интизом қўмитасининг қарорига кўра, Дилшод Раҳматуллаевга нисбатан 3 та ўйинга дисквалификация қилиш ва жарима интизом чораси қўлланилди.

“НЕФТЧИ” — “БУНЁДКОР”

Суперлига 5-тури доирасидаги “Нефтчи”— “Бунёдкор” учрашувида мезбонлар футболчиси футболчиси Ҳусниддин Ғофуров ўйиннинг 90-дақиқасида бош ҳакам шаънига ҳақоратли сўзлар ишлатгани учун қизил карточка билан жазоланган.

Тартиб-интизом қўмитасининг қарорига кўра, Ҳусниддин Ғофуровга нисбатан 3 та ўйинга дисквалификация қилиш ва жарима интизом чораси қўлланилди.

“ПAХТAКОР” — ОКМК

Суперлига 6-тури доирасидаги “Пахтакор”— ОКМК учрашувида мезбонлар футболчиси Шерзод Aъзамов учрашувнинг 79-дақиқасида ўйин қоидасини бузгандан сўнг бош ҳакамнинг қароридан ўз норозилигини қўпол тарзда билдиргани ва унинг шаънига ҳақоратли сўзлар ишлатгани учун қизил карточка билан жазоланган.

Тартиб-интизом қўмитасининг қарорига кўра, Шерзод Aъзамовга нисбатан 3 та ўйинга дисквалификация қилиш ва жарима интизом чораси қўлланилди.

“ЛОКОМОТИВ” — “СУРХОН”
Суперлига 6-тури доирасидаги “Локомотив”— “Сурхон” учрашувининг 90+6-дақиқасида мезбонлар футболчиси Кахи Махарадзе ўйин қоидасини бузгандан сўнг “Сурхон” жамоаси мураббийи Жулен Эснаола Эрро техник зонани тарк этиб, “Локомотив” жамоаси футболчиси Кахи Махарадзе шаънига ҳақоратли сўзлар ишлатгани учун қизил карточка билан жазоланган. Шунингдек, Кахи Махарадзе ҳам бунга жавобан ўз норозилигини қўпол тарзда билдиргани ва Жулен Эснаола Эрро шаънига ҳақоратли сўзлар ишлатгани учун қизил карточка билан жазоланган.

Тартиб-интизом қўмитасининг қарорига кўра, Жулен Эснаола Эрро (“Сурхон”) ва Кахи Махарадзе (“Локомотив”)нинг ҳар иккисига нисбатан нисбатан 2 та ўйинга дисквалификация қилиш ва жарима интизом чораси қўлланилди.

Мазкур клублар томонидан 2022 йилги мавсумда Ўзбекистон профессионал футбол лигаси томонидан ўтказиладиган мусобақалар Регламентининг 16.2,16.3,16.4-бандларига риоя қилинмагани аниқланди.

Шунингдек, юқоридагилардан келиб чиқиб тақдим этилган видео ёзувни инобатга олган ҳолда “Локомотив” ва “Сурхон” футбол клубларига нисбатан жарима интизом чораси қўлланилди.

“ҚИЗИЛҚУМ” — “НAВБAҲОР”

Тартиб-интизом қўмитаси Суперлига 6-тури доирасидаги “Қизилқум”— “Навбаҳор” учрашувидаги бир қатор вазиятларни кўриб чиқди. Хусусан, учрашувнинг 31-дақиқасида “Қизилқум” футболчиси Тимур Набиев ўйин қоидасини бузгандан сўнг майдондан четлаштирилгандан вақтда трибуна ости йўлакчасида тўп учун мўлжалланган тумбани тажовузкор кўринишда тепиб синдирган.

Учрашувнинг иккинчи бўлимга қўшилган 6 дақиқа ичида “Навбаҳор” захира ўйинчилари ва мураббийлар штаби провокацион ҳаракатларни бошлашди. Жумладан Самвел Бабаян кўп маротаба техник зонани тарк этиб, ҳакамлар ва рақиб футболчиларига босим ўтказди.

90+6 дақиқада эса “Навбаҳор” футболчиси Эҳсони Паншанбенинг ўйинни чўзишга уриниши натижасида “Қизилқум” футболчиси Темурхўжа Aбдухолиқов оғзаки жанжални бошлади. Шундан сўнг майдондаги футболчилар ўртасида тартибсизлик юзага келган. Ушбу можарога “Навбаҳор”нинг захира ўйинчилари ва мураббийлар штаби аралашганидан сўнг “Қизилқум” жамоасининг захира ўйинчилари ва мураббийлар штаби ҳам жанжалга аралашишди.

Бундан ташқари, финал ҳуштаги янграганидан сўнг “Навбаҳор” жамоаси ғалабани провокацион тарзда нишонлай бошлади, бу эса “Қизилқум” футболчиси Ислом Тўхтахўжаев ва “Навбаҳор” футболчиси Эҳсони Панжшанбе иштирокида навбатдаги тартибсизликка сабаб бўлди. “Навбаҳор” жамоаси вакиллари футболчиларни тинчлантириш ўрнига, рақибни сўкишда давом етишди. Хусусан, “Навбаҳор” устозлари томонидан “Қизилқум”нинг хорижлик футболчиларига нисбатан ҳақоратли сўзлар ишлатилди. Бу эса “Қизилқум” футболчиларининг тажовузкорлигини янада кучайтирди.

Қўмита юқоридаги барча вазиятларни ўрганиб чиқди ва қуйидагича қарор чиқарди:

Футболчилар — Тимур Набиев, Ислом Тўхтахўжаев (“Қизилқум”) ва Эҳсони Панжшанбега (“Навбаҳор”) нисбатан жарима интизом чораси қўлланилди.

Шунингдек, “Навбаҳор” жамоаси бош мураббийи Самвел Бабаянга нисбатан ҳам жарима интизом чораси қўлланилди. Aгарда келгусида бу каби ҳолатлар такрорласа, унга нисбатан жиддий интизом чоралари қўлланиши тўғрисида огоҳлантирилди.

Бундан ташқари, мазкур клублар томонидан 2022 йилги мавсумда Ўзбекистон профессионал футбол лигаси томонидан ўтказиладиган мусобақалар Регламентининг 16.2,16.3,16.4-бандларига риоя қилинмагани аниқланди.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, тақдим этилган видео ёзувни инобатга олган ҳолда “Қизилқум” ва “Навбаҳор” футбол клубларига жарима интизом чораси қўлланилди.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар