«Пахтакор» Қаршида 1 очко ишлаган беллашувдан фоторепортаж
Якшанба, 08 Май
1183
Фото: Tribuna.uz

Ўзбекистон Суперлигаси 7-турининг сўнгги беллашуви Қаршидаги «Марказий» стадионида «Насаф» ва «Пахтакор» жамоалари ўртасида кечди. 

Саудия Арабистонида Осиё Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичида иштирок этиб қайтган икки жамоанинг ўзаро баҳси мухлисларда катта қизиқиш уйғотганди. Ўзбек футболининг 110 йиллигига бағишлаб Қашқадарёда ўтказилган футбол фестивали Суперлиганинг энг яхши қарама-қаршиликларидан бирига уланиб кетди. 

Ўйиннинг дастлабки дақиқасидан сўнгги сониясигача «Насаф» ўйинда устунликка эришди. Айниқса, биринчи бўлимнинг бошланғич қисмида амалдаги чемпионлар ўз яриммайдонларидан айтарли чиқа олишмади. «Аждарлар»нинг прессинги таъсирида ҳимоячилар тўпни шунчаки тепиб юборишдан нарига ўтишмади ва қаршиликлар қайта ва қайта ҳужумларни амалга оширишди. 15-дақиқада Ҳусайн Норчаев Санжар Қувватов қўриқлаётган дарвозага гол уришга ҳам эришганди. Аммо ён ҳакам байроқчасини кўтариб, офсайд ҳолати борлигини маълум қилди. ВАР орқали вазият кўриб чиқилгач, дарҳақиқат Норчаев тўп узатилаётган пайтда рақиб ҳимоясининг сўнгги чизиғидан бир неча сантиметрга олдинда бўлгани аниқ бўлди. 

Шундан сўнг, «Пахтакор» ўйинни ўз жарима майдонидан узоқлаштиришга эришди. 30-дақиқаларга келиб, «шерлар»да ҳам 2та қулай вазият юзага келди, аммо ҳужумчилар дарвозага аниқ ва кучли зарба бера олишмади. 

Иккинчи таймда жамоалар бирмунча тенг кураш олиб боришган бўлса-да, кичик устунлик «Насаф» тарафида бўлди. Аммо беллашув якунигача таблодаги ҳисоб ўзгаришсиз қолди — 0:0. 

Ушбу дурангдан сўнг, «Пахтакор» 7-тур якунига кўра «Навбаҳор»ни қувиб ўтиш имконини қўлдан бой бериб, 4-ўринда қолди — 12 очко. Славче Войнески шогирдларидабитта захира ўйин мавжуд. «Насаф» эса очколарини 9тага етказиб, 7-ўринга жойлашди. Қаршиликлар ҳисобида яна 2та ўйин мавжуд ва ушбу учрашувларда ғалабага эришган тақдирда, жадвалдаги ҳолатларини яхшилаб олишлари мумкин.

Қуйида ушбу тўқнашувдан фоторепортажни томоша қилишингиз мумкин. 

Суратлар муаллифлари — Азимжон Воҳидов ва Абдулбасит Валихонов

Теглар

Ўхшаш янгиликлар