Миллий жамоа билан хайрлашмаган юлдузлар А Серия афсоналарига қарши. Ўйин ва ундан аввалги тадбирлар ҳақида
Шанба, 07 Май
5513
Фото: Tribuna.uz

Ўзбек футболининг 110 йиллиги муносабати билан тадбирлар давом эттирилади. 16 май куни Тошкентга ўз вақтида «кичик жаҳон чемпионати» деб аталган Италия А Сериясида ўйнаган футбол афсоналари ташриф буюришади ва 18 майда «Пахтакор» стадионида Ўзбекистон миллий жамоасининг собиқ ўйинчилари билан ўртоқлик баҳсида майдонга тушишади.

Ушбу ўйинда «оқ бўрилар»нинг мундиалга энг яқин келган авлоди учун хайрлашув маросими ҳам ўтказилади.

6 май куни ЎФА мажлислар залида ОАВ вакиллари билан матбуот анжумани ташкил этилди. Унда ЎФА вице-президенти Равшан Эрматов, BMB Trade Group компанияси кузатув кенгаши раиси Бекзод Маматқулов ва Ўзбекистон Миллий медиа ассоциацияси раиси Шерзодхон Қудратхўжа сўзга чиқишди. Анжуманда бўлажак баҳс ва ўйинолди дастурлар ҳақида маълумотлар берилди.

«Миллий жамоамизда ўйнаган футболчиларимизни чиройли кузатиб қўймоқчимиз. Шу сабабли А Серияда тўп тепган афсоналар билан хайрлашув ўйинини ташкил этишни режалаштирганмиз.

Жаҳон юлдузлари 16 май куни учиб келишади. Улар 17 майда «Бунёдкор» стадионида ёш футболчиларимизга мастер-класс кўрсатишади. 18 май куни эса «Пахтакор» стадионида жаҳон ва ўзбек футболи афсоналари ўртасида ўртоқлик ўйини ўтказилади.

Биродар Абдураимов жамоамизга бош мураббий бўлади. Чунки футболимиздаги энг катта ютуқ — Ҳиросимадаги Осиё ўйинларидаги ғалабада айнан Биродар Ҳасанович асосий мураббийлардан эди.

Шу ўринда ўйинни стадиондан туриб Мирзаҳаким Тўхтамирзаев ва Нобель Арустамян шарҳлашини айтиб ўтмоқчиман. ТВ орқали эса, умид қиламанки, Хайрулла Ҳамидов ва Даврон Файзиев жуфтлиги шарҳлашади», — дейди Равшан Эрматов.

Шунингдек, анжуманда Эрматовдан ўйинни ўзи бошқаришини сўрашди ва собиқ ҳакам бу таклифга розилик билдирди.

Ташаббускор ҳомий — Бекзод Маматқулов бу ҳали бошланиши эканлигини, олдинда янги лойиҳалар бисёрлигини айтди.

Шерзодхон Қудратхўжа эса йиғилганларга Ўзбекистон миллий жамоаси таркибини ўқиб берди, футболдаги цитаталардан келтирди, ўзбеклар қизиққонлиги билан италияликларга ўхшашини таъкидлаб ўтди.

Шундан сўнг экранда Италия футболи афсоналари таркиби намойиш этилди. Венсан Кандела, Сержиньо, Кристиан Дзаккардо каби юлдузларнинг саломи етказилди.

Матбуот анжуманини италиялик ҳамкорлар онлайн тарзда кузатиб боришди.

Жамоалар таркиби қуйидагича:

А Серия афсоналари:

Дарвозабон — Кристиан Аббьяти

Ҳимоячилар — Лука Антонини, Дарио Шимич, Кристиан Дзаккардо, Кристиан Зенони, Сезария Эдуардо, Насименто Сантос Алдаир, Венсан Кандела.

Яримҳимоячилар — Луижи ди Бьяджо, Карбоне Анжело, Марек Янкуловски, Сержио Клаудио Дос Сантос, Людовик Жюли, Робсон Толедо Мачадо.

Ҳужумчилар — Алберто Жилардиньо, Даниеле Массаро, Винченцо Яквинта.

Ўзбекистон футбол афсоналари жамоаси:

Дарвозабонлар — Павел Бугало, Игнатий Нестеров

Ҳимоячилар — Бахтиёр Ашурматов, Виталий Денисов, Анзур Исмоилов, Шавкат Муллажонов, Акмал Шораҳмедов, Асқар Жадигеров, Ислом Иномов, Асрор Алиқулов

Яримҳимоячилар — Одил Аҳмедов, Сервер Жепаров, Темур Кападзе, Санжар Турсунов, Азиз Ҳайдаров, Жасур Ҳасанов, Элдор Магдеев

Ҳужумчилар — Александр Гейнрих, Бекзод Маматқулов, Шуҳрат Мирхолдиршоев, Носир Отақўзиев, Анвар Солиев, Неъматилло Қуттибоев.

Аъзамжон Иззатиллаев тайёрлади,

Тасвирчи ва монтаж устаси — Шерзод Эгамбердиев

Теглар

Ўхшаш янгиликлар