«Реал» реванш илинжида, Эмери «Ливерпул»га қарши чора топа оладими? ЕЧЛда яримфинал жавоб ўйинлари олдидан
Сешанба, 03 Май
8555
Фото: Getty images

Чемпионлар лигаси яримфинал дастлабки ўйинлари доирасида Манчестер ва Ливерпулда ўтказилган тўқнашувлардан бир ҳафта ўтиб, жамоалар Испанияда ҳисоб-китобни якунлашади. Сешанба оқшомида «Ливерпуль» «Вильярреал» меҳмони бўлса, чоршанба оқшомида «Манчестер Сити» Мадридда «Реал»га қарши саф тортади. Навбатдаги қарама-қаршиликлар превьюси билан танишинг. 

Клопп ва «Ливерпуль» «олтин покер» сари қадам ташлай оладими?

«Ливерпуль» жорий мавсум Англия лига кубогини қўлга киритишга улгурди, 14 май куни уларни «Челси»га қарши Англия кубоги финали кутиб турибди. Бундан ташқари, Клопп шогирдлари «Сити» билан Премьер-лига чемпионлиги учун ҳам кураш олиб боришмоқда. Халқаро майдондаги чемпионлик учун ҳам имконият пайдо бўлиши учун эса, мерсисайдликлар сешанба оқшомида Испаниядан ЕЧЛ финали йўлланмаси билан қайтишлари зарур. 

 

«Ливерпуль» яримфиналнинг дастлабки ўйинида «Энфилд Роад»да «сариқ субмарина»ни «чўктирди» – 2:0. Натижада Испаниядаги ўйинга фаворит сифатида бормоқда. «Вильярреал»га қарши баҳсда ливерпулликлар сафида Фирминони айтмаса, жиддий йўқотиш йўқ. Шундай экан, Клопп ва унинг жамоаси «олтин покер» сари навбатдаги дадил қадамни ташлаши мумкин. Бунгача Европада фақат битта клуб - «Селтик» 1966/67 йилги мавсумда «олтин покер» қайд эта олган. 

Уйида деворлар ҳам ёрдам берадиган «Вильяреал»

«Эстадио-де-ла-Керамика»даги ўйин умуман бошқача бўлади», - дея ваъда берганди «Вильярреал» устози Унаи Эмери «Энфилд»даги баҳсдан кейин.  

 

«Сариқ сув ости кемаси» ўз майдонида 5 ойдан буён мағлубият нималигини билмаяпти. Мухлислари қаршисидаги ўйин майдон эгаларига қўшимча куч ва ишонч бағишламоқда. «Ливерпуль» сингари «Бавария» ҳам Испаниядаги баҳсга фаворит сифатида йўл олган ва мағлубият сабаб якунда турнирни тарк этган эди. Ўша ўйинда ҳисоб йирик кўриниш олмагани мюнхенликларнинг омади сифатида қайд этилганди. Бу сафар Эмери шогирдларини айнан йирик ҳисобли ғалаба финалга олиб чиқиши мумкин. 

«Сити» ва бой берилган вазиятлар

«Риёд, Риёд...», - дея бақирган эди Гвардиола Маҳрез ҳисобни 3:0 кўринишига келтириш учун пайдо бўлган ажойиб вазиятни кўкка совурганида. Ўша вазиятда Риёд тўпни бўш дарвоза қаршисида турган Фил Фоденга узатмаганди. Умуман, дастлабки бўлимни ўзида Маҳрез ҳет-трик қайд этиш имкониятига эга эди. 

Кимда қанча вазият бўлгани рақамларда ҳам намоён: «Сити» «Реал»га қарши ўйинда 77та ҳужум яратган, меҳмонларда эса бу кўрсаткич – 28тага тенг. 

«Ўйинни зўр бошлагандик ва интригани ўлдиришимиз мумкин эди. Бундай катта ўйинларда вазиятлардан фойдаланиш шарт», - деди Фоден ўйиндан кейин. Кўрамиз, унинг мақсади «Сантьяго Бернабеу»даги баҳсда амалга ошармикан. 

Бензема Роналду рекордини такрорлашга яқин

Бу мавсумга қадар Карим Бензема ҳеч қачон ЕЧЛнинг бир мавсумида 7тадан кўп гол кирита олмаган эди. «Манчестер Сити»га қарши яримфиналдаги дублдан кейин эса франциялик форвард ҳисобида аллақачон 14та гол бор ва у Левандовскини ортда қолдирган ҳолда ЕЧЛ 2021/22 мавсумининг тўпурарлар курашида яққол пешқадамга айланиб олди. Плей-офф ўйинларида бир мавсумда энг кўп гол уриш бўйича рекорд Роналдуга (10) тегишли бўлиб, Бензема битта гол билан унинг натижасини такрорлаши мумкин. 

Бир мавсумда энг кўп гол киритган тўпурарлар рўйхатида ҳам Роналду (17) рекордчи саналади. Бензема яна учта гол киритиб, Криштианунинг ҳам ўзгармаётган рекордини такрорлаш имкониятига эга. Жоау Канселу ва Кайл Уокернинг «Реал»га қарши ўйнаши сўроқ остида эканини инобатга олсак, Карим «Бернабеу»да яна катта саҳнага чиқса, ажабмас. 

ЕЧЛ. Яримфинал. Жавоб учрашувлари

3 май (сешанба)

«ВИЛЬЯРРЕАЛ» - «ЛИВЕРПУЛЬ»

Ўйин бошланиш вақти: 23:59

ТВ-трансляция: Спорт

«Вильярреал»: Рульи; Фойт, Альбиоль, Пау Торрес, Эступиньян; Парехо, Капу, Коклен; Ло Чельсо, Жерар Морено, Пако Алькасер

Ўйнамайди: Альберто Морено (колено), Пино (мышца)

Сўроқ остида: Жерар Морено (мушак), Альбиоль (мушак), Коклен (мушак), Данджума (мушак)

«Ливерпуль»: Алиссон; Александер-Арнолд, Конате, ван Дейк, Робертсон; Ҳендерсон, Фабиньо, Тьяго Алькантара; Салоҳ, Мане, Диас

Ўйнамайди: Фирмино (тўпиқ).

Биринчи ўйин: 0:2 

4 май (чоршанба)

«РЕАЛ» - «МАНЧЕСТЕР СИТИ»

Ўйин бошланиш вақти: 23:59

ТВ-трансляция: Спорт

«Реал»: Куртуа; Карвахаль, Эдер Милитао, Начо, Менди; Модрич, Каземиро, Кроос; Вальверде, Бензема, Винисиус Жуниор

Ўйнамайди: Азар (жароҳат)

Сўроқ остида: Алаба (мушак), Бейл (бел)

«Манчестер Сити»: Эдерсон; Жоау Канселу, Рубен Диаш, Лапорт, Зинченко; де Брюйне, Родри, Бернарду Силва; Маҳрез, Жезус, Фоден

Ўйнамайди: Уокер (жароҳат)

Сўроқ остида: Стоунз (мушак), Аке (жароҳат).

Биринчи ўйин: 3:4.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар