УЕФА Россия миллий жамоалари ва клубларини 2022/23 йилги мавсумда ҳам халқаро турнирлардан четлатди
Душанба, 02 Май
2517
Фото: Getty images

УЕФА расмий сайти Россия клублари ва миллий жамоаларининг ташкилот шафелигида 2022/23 йилги мавсумда ўтадиган барча халқаро турнирлардан четлатилганини эълон қилди. 

Россия Премьер-лигаси клублари 2022/23 йилги мавсумда ҳам Чемпионлар лигаси, Европа лигаси ва Конференциялар лигасида иштирок эта олмайди. Шунингдек, рус клублари мини-футбол бўйича УЕФА байроғи остида ўтадиган мусобақаларда ҳам қатнаша олмайди. 

УЕФА Россия миллий жамоасининг Миллатлар лигаси турниридан ҳам четлатилганини маълум қилди. Футбол бўйича Россия аёллар миллий жамоаси эса Евро-2022дан четлатилиб, унинг ўрнига Португалия қитъа чемпионатида қатнашадиган бўлди.

Қолаверса, Россия U21, ёшлар, ўсмирлар миллий жамоалари ҳам кейинги мавсум учун халқаро турнирлардан дисквалификация қилингани маълум қилинган.

УЕФА матбуот хизмати хабарига кўра, Россиянинг Евро-2028 ва Евро-2032ни ўтказиш борасида топширган аризаси ҳам УЕФА ижроқўми томонидан қабул қилинмаслиги эълон қилинди.

Эслатиб ўтамиз, Россия ҳарбийлари 24 февраль куни Украина ҳудудига бостириб киргач, рус клублари ва миллий жамоаси ФИФА ва УЕФА томонидан жорий мавсумги халқаро турнирлардан четлатилган ва Россияга нисбатан турли санкциялар эълон қилинган эди.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар