«Насаф» 1/8 финал ўйинини Қаршида ўтказиши мумкинми? ОФК мутахассиси жавоб берди
Пайшанба, 28 Апрел
13344
Фото: Насаф ФК

Осиё Чемпионлар лигаси гуруҳ босқич ўйинлари якунига кўра, «Насаф» клуби гуруҳда 9 очко билан 2-ўринни қўлга киритиб, ўз тарихида илк бор ОЧЛ плей-оффига йўлланма олди.

Қарши клуби 1/8 финалда В гуруҳи ғолиби – Саудия Арабистонининг «Аш Шабоб» клуби билан тўқнаш келади. 1/8 финал ўйинлари Ғарб минтақаси клублари учун жаҳон чемпионатидан кейин – 2023 йилнинг 3-4 февраль кунлари бўлиб ўтиши режалаштирилган.

ОФК мусобақаларни ўтказиш бўлими бошлиғи, ўзбекистонлик мутахассис Аваз Бердиқуловнинг Tribuna.uz сайтига маълум қилишича, нимчоракфиналдан сўнг чоракфинал ва яримфинал ҳам битта ўйиндан иборат бўлади. 1/8 финал, чоракфинал ва яримфинал ўйинлари марказлашган тартибда битта мамлакатда ўтказилади. Мезбон мамлакат иштирокчи клублар орасидан танлаб олинади.

ОЧЛ кейинги босқич ўйинлари санаси:

3-4 февраль (2023 йил): 1/8 финал ўйинлари

5 февраль: Чоракфинал ва яримфинал жуфтликларини аниқлаш учун қуръа

7 февраль: Чоракфинал ўйинлари

10 февраль: Яримфинал ўйинлари.

«Насаф» плей-офф босқич ўйинларига мезбонлик қилиши мумкинми?

ОФК мусобақаларни ўтказиш бўлими бошлиғи Аваз Бердиқуловнинг айтишича, Қарши клуби мезбонлик учун ариза бериши мумкин, бироқ марказлашган турнирга Ўзбекистон мезбонлик қилиши имконияти паст.

«Насаф» бу ўйинларга мезбонлик қилиш учун ариза бериши мумкин, лекин февралдаги об-ҳаво ва иқлим шароитини инобатга олсак, марказлашган ўйинларга Ўзбекистоннинг мезбонлик қилиш имконияти жуда паст.

Aгар «Насаф» финалгача етиб борса, финалнинг биринчи ўйинини ўз майдонида қабул қилиши мумкин», - дейди ОФК мутахассиси.

Маълумот учун, ОЧЛда финал икки ўйиндан иборат бўлади ва биринчи ўйинга Ғарб минтақаси жамоаси, жавоб ўйинига Шарқ минтақаси вакили мезбонлик қилади.

19 февраль, 2023: ОЧЛ финали биринчи ўйин («Ғарб» мезбонлик қилади)

26 февраль, 2023: ОЧЛ финали жавоб ўйини («Шарқ» мезбонлик қилади)

Шарқ минтақаси:

1/8 финал – 18-19 август

1/4 финал – 22 август

1/2 финал – 25 август.

Ғарб минтақаси ўйинлари нега кейинги йилга қолдирилди?

Аваз Бердиқуловнинг маълум қилишича, ОФК Ғарб минтақасининг плей-офф ўйинларини ҳам шу йилнинг ўзи ўтказмоқчи бўлган, аммо минтақага аъзо федерациялар ЖЧ-2022 сабабли плей-офф ўйинларини 2023 йилга қолдиришни сўраган.

«Аслида Ғарб минтақаси ўйинларини ҳам Шарқ минтақаси сингари август ойида ўтказмоқчи эдик, аммо Ғарб минтақаси федерациялари рози бўлишмади. «Жаҳон чемпионатига тайёрланамиз, келаси йилгача дам беринглар», дейишди.

ОФК кубоги? Бу турнирни финаллари билан 2022 йилнинг ўзида ўтказамиз», - дейди Осиё футбол конфедерацияси вакили.

Маълумот учун, Жиззахнинг «Сўғдиёна» клуби гуруҳ ўйинларини 24-30 июнь кунлари Тожикистон пойтахти Душанбеда ўтказади. Минтақавий финал 17 август, минтақалараро яримфинал 6 сентябрь, минтақаларқаро финал 5 октябрь, ОФК кубоги финали эса 22 октябрь санасига белгиланган. 

Теглар

Ўхшаш янгиликлар