Англияда ЕЧЛ йўлланмаси учун кураш, «Интер» - «Рома», Левандовски Ҳоландга қарши. Ҳафта ўйинлари анонси
Шанба, 23 Апрел
2753
Фото: Getty Images

Европадаги миллий чемпионатлар ўз якунига яқинлашиб қолмоқда ва шу ҳафтанинг ўзида икки чемпионатда ғолиб расман аниқланиши мумкин. Кутилганидек, бу Франция ва Германия. «ПСЖ» 5 тур қолганда асосий таъқибчисидан 15 очко олдинда турибди ва Лигада биринчи навбатда тўплар нисбати инобатга олинишини эътиборга олсак, Почеттино шогирдлари яна бир очко олиши керак бўлади. «Бавария» ҳам деярли шу ҳолатда ва чемпионликни асосий рақибига қарши ўйинда расмийлаштириши мумкин. Шунингдек, Англия ва Италияда пешқадамлар орасидаги рақобат ҳал қилувчи босқичга қадам қўймоқда.

АРСЕНАЛ – МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД (23 апрель, 16:30)

«Манчестер Юнайтед» анча тиғиз ҳафтани бошидан ўтказди. Криштиану Роналдунинг ҳет-триги ва фарзандини йўқотиши, Погбанинг жароҳати ва балки энди жамоа либосида бошқа ўйнамаслиги, «Ливерпуль»дан шармандали мағлубият, янги мураббийнинг расман эълон қилиниши... Афсуски, буларнинг барчаси жамоа атрофидаги воқеалар – агар айнан жорий мавсум ҳақида гап борса, «Манчестер Юнайтед» кучли тўртлик учун курашдан деярли чиқиб кетди. Тўғри, назарий томондан имконият бор, ёмон эмас, лекин бунинг учун Рангник шогирдлари қандайдир барқарор натижалар қайд этиб, ғалабали серияларни амалга ошираётган бўлиши керак. Агар лиганинг энг кучсиз клуби «Норвич» билан ўйинда ҳам Роналду қутқараверса, қаторасига бир нечта ғалабадан умид қилиш анча қийин.

Аммо бугунги ўйин алоҳида олиниши мумкин бўлган баҳслар тоифасига киради. «Арсенал» манчестерликларнинг азалий рақибидан бири, турнир жадвалида ҳам ёнма-ён. Бундан ташқари, ўтган ўйиндаги йирик мағлубиятдан сўнг, жамоа ўзини бошқа томондан кўрсатишга мажбур.

«Арсенал» учун ҳам ўз навбатида, ғалаба сув ва ҳаводек зарурдир. Беш йиллик танаффусдан сўнг, лондонликлар ниҳоят Чемпионлар Лигаси ўринларидан бирига даъвогарлик қилмоқда. Бу курашда у «Тоттенҳэм» билан тенг очко тўплаган ва фақат тўплар нисбати бўйича ортда бормоқда. Уч турдан сўнг, бу жамоалар ўзаро ўйинда майдонда тушишини инобатга олсак, Артета шогирдлари очко йўқотмасликлари керак. Тўртинчи ўрин учун кураш қайсидир маънода «Ливерпуль» ва «Сити» ўртасидаги чемпионлик рақобатига ўхшаб кетяпти. Қаторасига уч ўйинда ўртамиёна рақибларга ютқазиб қўйган «Арсенал» ўтган ўйинда «Челси»ни сафарда мағлуб этди ва ўзига бўлган ишончни етарлича орттириб олгани шубҳасиз.

Жароҳатларга тўхталсак, мезбонлар сафида Тирни мавсум охиригача сафдан чиққан. Шунингдек. Томас Партини ҳам келаси ой бошларигача кўрмасак керак. Меҳмонларда эса йўқотишлар кўпроқ. Юқорида тилга олинган Погбадан ташқари, Фред, Кавани, Шоу каби футболчилар ҳам шерикларига ёрдам бера олишмайди. Лекин аввалги ўйинларга нисбатан ижобий янгиликлар бор – Скотт Мактоминей ва Рафаэл Варан машғулотларга қайтишди. Криштиану Роналду ҳам кутилганидан тезроқ тушкунликдан чиқди ва у ҳам «Арсенал»га қарши ўйинга тайёр. Португалиялик ҳужумчи «Олд Траффорд»да кечган ўйинда лондонликлар дарвозасига икки гол уришнинг уддасидан чиққанди. Ўша ўйин 3:2 ҳисобида «иблислар»нинг ғалабаси билан якунланган.

ИНТЕР – РОМА (23 апрель, 21:00)

Ким нима деса, десин-у, бу мавсумда А Серия ҳаммасидан ҳам қизиқ кечмоқда. Айниқса, чемпионлик кураши. Англия ёки Испанияда ҳам қайсидир паллаларда рақобат кузатилган ёки кузатилаётган бўлиши мумкин, аммо Италия чемпионати айниқса, фаворитларнинг мунтазам ўзгариб туриши билан ҳам қизиқ бўляпти. Дастлаб, «Милан» ва «Наполи» қолганлардан яхшигина масофага ўзиб кетишди ва кураш айнан шу икки жамоа ўртасида бўлиши ҳақида тахминлар янгради. Кейин эса «Интер» қишни ажойиб ўтказди ва катта фарқ билан яққол пешқадамга айланиб олди. Барча Индзаги шогирдларининг чемпионлиги сари кетаётганда, нимадир бўлиб, жамоа очко йўқота бошлади ва «Милан» олдинга чиқди. «Қизил-қора»ларнинг икки дурангидан сўнг, энди йўқотилган очколар бўйича яна «Интер» пешқадам.

Етакчиларда барқарорлик кузатилмаётгани учун ҳаммаси яна бир неча маротаба ўзгариб кетишини ҳам эҳтимоли мавжуд. А Серияда қаторасига уч ғалабага эришган ва Италия кубогида «Милан» устидан йирик ғалаба қозониб, финалга чиққан «Интер» фаворитлик мақомини қайтариб олиш учун асосий ўйинлардан бири «Рома»га қарши бўлиши табиий. Агар тақвимга қарасак, «Интер» кейинги турларни «Болонья», «Удинезе», «Эмполи», «Кальяри» ва «Сампдория»га қарши ўтказади. Яъни мавсумда «Интер» қаршисида қолган ягона жиддий рақиб айнан «Рома»дир. Айниқса, Жозе Моуриньо бундай ўйинларга шогирдларини қандай тайёрлашини яхши биламиз. Ҳеч бўлмаса, унинг мана шу қобилияти ҳали уни тарк этмаганидан умидимиз бор.

Албатта, «Рома»нинг ҳам ўз кураши бор. Жамоа расман ҳали Чемпионлар Лигаси йўлланмасидан умидини узмаган. Тўртлик билан орадаги фарқ беш очкони ташкил қилиб турибди. Шу билан бирга таъқибчилар ҳам анойи эмас – «Рома» мавсумни 4-ўрин билан якунлаши ҳам, агар қолган ўйинлар муваффақиятсиз кечса, ҳатто 8-ўринга ҳам тушиб кетиши мумкин. Бунинг устига «Рома»нинг бўлажак рақиблари ҳам жиддий – «Фиорентина», «Торино» каби кучли рақиблар майдонига сафардан ташқари, Конференциялар кубогида «Лестер»га қарши яримфиналлар кутиб турибди.

«Рома» таркибида сўнгги пайтларда ҳужум чизиғида етакчига айланиб қолган Николо Дзаньоло майдонга туша олмайди. У «Наполи»га қарши ўйинда навбатдаги сариқ карточкасини олиб, дисквалификацияга учради. Балким шу фактор ҳам ҳамюртимиз Элдор Шомуродовнинг ҳеч бўлмаса, майдонга эртароқ тушишига сабаб бўлиши ҳам эҳтимол.

БАВАРИЯ – БОРУССИЯ Д (23 апрель, 21:30)

«Бавария» чемпионлик масаласини, «Боруссия» эса Чемпионлар Лигасига бериладиган ўрнини деярли ҳал қилган бўлса-да, бу икки жамоа ўртасидаги ўйин Бундеслига классикаси саналади. Германиядаги бошқа ҳеч қайси тўқнашувда биз майдонда бу қадар кўп юқори савиядаги юлдузлар тўқнашувига гувоҳ бўлмаймиз.

Бундан ташқари, бугунги баҳснинг расмий туси ҳам бор. Ҳозирда «Бавария» 30 ўйиндан сўнг, 72 очкога эга, «Боруссия»да эса шунча ўйиндан кейин 63 очко мавжуд. Мавсум якунланишига атиги 4 тур қолганини эътиборга олсак, «Бавария» агар бугун мағлубиятга учрамаса, чемпионлик масаласини расман ҳал қилган бўлади. Чемпионликни ўз майдонида, бунинг устига, ашаддий рақиб устидан қозонилган ғалаба билан нишонлаш, албатта, ўзига хос байрам тусини беради. Мана шу омилнинг ўзи бугун Мюнхенда катта ўйин бўлишига далолат қилса керак.

Биринчи даврадаги ўйин 3:2 ҳисобида меҳмонларнинг ғалабаси билан якунланганди. Умуман суперкубок учрашувларини ҳам қўшсак, қаторасига 7 ўйиндан бери «Бавария»нинг қўли баланд келмоқда. Бундеслигада эса дортмундликлар 2018 йилнинг ноябрида ғалаба қозонишган. Айнан Мюнхендаги ўйинларни инобатга олсак, «Боруссия» охирги марта 2014 йилда сафарда ғалаба қозонган. Ўша ўйинда жамоаларни бошқарган Гвардиола ва Клопп ҳозирда бошқа лигада, бошқа даражада орани очиқ қилишмоқда.

Мезбонлар сафида йўқотишлар деярли йўқ. Толиссо ва Командан ташқари барча ижрочилар чемпионлик баҳсига тайёр. «Боруссия» лазаретини санасак, яхшигина Европа клубининг асосий таркиби бўлади. Азар, Менье, Хуммельс, Шмалцер, Дауд, Рейна, Мален, Витцел – бугун майдонга туша олмайдиган футболчилар рўйхати. Шундай бўлса-да, ўтган турда «Вольфсбург» каби кучли жамоани 6:1 ҳисобида мағлубиятга учратган Розе шогирдлари жуда яхши спорт формада эканини ва «Бавария» чемпионлигини ҳеч бўлмаса, бир турга кечиктириш мумкинлигидан умид қилсак бўлади.

ЛИВЕРПУЛЬ – ЭВЕРТОН (24 апрель, 20:30)

Уч йил муқаддам «Ливерпуль» «Манчестер Сити» билан ҳудди ҳозиргидек чемпионлик рақобатида қатнашган ва сўнгги тургача таъқиб қилгани эсингизда бўлса керак. Аслида ўша мавсум ўрталарида Клопп шогирдлари яққол пешқадам бўлишган ва «Манчестер Сити»дан 7 очко ўзиб кетгандилар. Аммо кейинчалик бу устунлик бой берилди. Аввалига «шаҳарликлар» билан ўзаро ўйин бой берилди, кейин эса «Манчестер Юнайтед» ва «Эвертон» билан дуранглар қайд этилди. Яъни, қайсидир маънода, ўша мавсумда «Эвертон» «Ливерпуль»ни совринсиз қолдирган жамоалардан бири бўлганди. Табиийки, дербидаги ашаддий душманини совринсиз қолдириш «Эвертон»га жуда ёққан.

Ҳозир ҳам деярли шунақа ҳолат. «Эвертон» навбатдаги маротаба «Ливерпуль»ни чалиб қолиш имкониятига эга. Аммо тан олиш керакки, бугунги «Эвертон» балким яқин 10-20 йиллардаги энг кучсиз «Эвертон»дир. Шу даражадаки, жамоа 17-ўринда бормоқда ва хавфли зонадан атиги 1 очко ажратиб турибди холос. Яхшиямки, янаям ёмон ҳолатда бўлган «Юнайтед» устидан ғалаба қозонилди, акс ҳолда ҳозирда Лэмпард шогирдлари умуман 18-ўринга тушиб кетишлари аниқ эди. Ёмон томони, «Эвертон» кейинги ҳафталарда «Челси» ва «Арсенал» билан ўйнайди, «Лестер»га ва асосий рақиблардан бири «Уотфорд»га сафар қилади. Ҳар бир ўйинда очко қўлга киритиш ўта қийин тақвимда бугунги ўйин «Эвертон» учун икки томонлама муҳим. Ҳам режалаштирилмаган очкони қўлга киритиб, АПЛда қолиш имкониятини оширади, ҳам «Ливерпуль»ни тўхтатиб, чемпионлик рақобатига таъсир қилгани жамоа сифатида яна барчанинг эътиборига тушиши мумкин. Хуллас бу сафарги дерби олдингилардан ҳам фарқ қилиши шубҳасиз.

Агар статистикага эътибор берсак, айниқса, сўнгги йиллардаги дербилар «Ливерпуль»нинг яққол устунлигида ўтмоқда. Охирги 25 ўйинда атиги 2 маротаба «Эвертон» ғалаба қозонган холос. Қизиғи, бу ғалабаларнинг биринчиси мана шу 25 та ўйиннинг илк ўйинига, иккинчиси «Энфилд»даги охирги учрашувга тўғри келади. Эсингизда бўлса, ўтган мавсумнинг январь-февраль ойларини «Ливерпуль» жуда ёмон ўтказган, айниқса, «Энфилд»даги баҳсларда қарийб икки ой ҳатто гол ҳам ура олмаганди. Мана шу ўйинлардан бири «Эвертон»га қарши кечган ва меҳмонлар 2:0 ҳисобида устун келганди. Жорий мавсумнинг биринчи даврадаги учрашуви эса 4:1 ҳисобида «Ливерпуль»нинг ғалабаси билан якунланган.

«Ливерпуль» таркибида фақат Фирмино майдонга туша олмайди. Меҳмонлар сафида эса ҳар чизиқда аҳамиятли йўқотишлар бор. Дэйвис, Ван де Бек, Калверт-Левин, Таунсенд, ҳамда Гомешлар жароҳат туфайли дербини ўтказиб юборадилар. Ўз навбатида, бу учрашувдан уч кун ўтиб, «Ливерпуль» Чемпионлар Лигаси яримфиналида «Вильярреал»ни қабул қилишини ҳам инобатга олиш керак. Юрген Клопп қайсидир чизиқларда ротация амалга ошириши ёки ўйин тақдирини имкон қадар тезроқ ҳал қилиб, етакчиларни эртароқ алмаштиришни режалаштириши мумкин.

ЛАЦИО – МИЛАН (24 апрель, 23:45)

«Милан» жуда яхши устунликни бир ҳафтада қўлдан бой берди. Жамоа яқиндагина тўрт очколик фарқ билан яққол пешқадамлик қилаётган ва ҳатто бир ўйинда очко йўқотиш люксига ҳам эга эди. Аммо хато қилиш имкониятидан кўпроқ жиддийроқ рақиблар билан ўйинларда, масалан, «Лацио», «Фиорентина» ёки «Аталанта» билан учрашувларда фойдаланиш мумкин эди. Лекин кутилмаганда «Болонья» ва «Торино» билан ўйинларда 0:0 ҳисоби қайд этган «Милан» таъқибчи мақомига тушиб қолди. Бунинг устига «Интер»дан кўра тақвим ҳам оғирроқ – юқорида тилга олинган жамоалардан ташқари, «Сассуоло» ва «Верона»га сафарлар кутиб турибди. Хуллас, ўн йиллик танаффусдан сўнг чемпионликка қайтиш учун «Милан» катта қаҳрамонлик кўрсатиб, бир нечта оғир ўйинларда ғалаба қозониши, шу билан бирга «Интер»нинг қоқилишидан умид қилиши керак бўлади.

«Лацио» осонликча жон бермаса керак. Римликлар 33 ўйиндан сўнг, 56 очко тўплашган ва Европа Лигаси йўлланмасини берувчи ўринлардан бирига даъвогарлик қилмоқда. Биринчи даврадаги ўйинда «Милан» ўз майдонида 2:0 ҳисобида, Италия кубоги чорак финалида эса 4:0 ҳисобида ғалаба қозонган, демак ўша аламли мағлубият қасоси учун ҳам майдонга тушишади. Қизиғи, айнан Римда ўтган охирги ўйинда, ўтган йилнинг апрелида «Лацио» 3:0 ҳисобида устун келган.

«Милан» сафида йўқотишлар етарли. Кьер мавсум охиригача сафдан чиққан, уни эсламай ҳам қўйдик. Бунинг устига бошқа марказий ҳимоячи Алессио Романьоли ҳам жароҳат олди. У «Интер»га қарши кечган кубок баҳсининг 26-дақиқасида алмаштирилди. Ушбу йўқотиш «Милан» учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлиши ҳам мумкин. Шунингдек, Ребич ва Ибраҳимовичлар ҳам шерикларига ёрдам бера олишмайди. Мезбонлар сафида фақат Патрис бир неча ҳафтада сафдан чиққан.

БОШҚА ЎЙИНЛАР.

23 апрель. МАНЧЕСТЕР СИТИ – Уотфорд (19:00), ПСЖ – Ланс (23:55)

24 апрель. ЧЕЛСИ – Вест Ҳэм (18:00), Эмполи – НАПОЛИ (18:00), БАРСЕЛОНА – Райо Вальекано (23:55)

25 апрель. Сассуоло – ЮВЕНТУС (23:45).

Теглар

Ўхшаш янгиликлар