Бабаян «Пахтакор»да мағлуб, Черан яна қаҳрамон: бу қандай содир бўлди?
Шанба, 02 Апрел
6291
Фото: Tribuna.uz

Ўзбекистон чемпионатида 4-турнинг марказий ўйини Тошкентда ўтказилди. Амалдаги чемпион «Пахтакор» собиқ бош мураббийи Самвел Бабаян бошчилигидаги «Навбаҳор»ни қабул қилди.

«Пахтакор» охирги йилларда Драган Черанга шунчалик боғланиб қолганки, у майдонга тушмаган ўйинларда бошқача жамоага айланиб қолмоқда. «Навбаҳор» билан ўйинда ҳам унинг ягона голи «Пахтакор»га ғалаба келтирди. Аммо энг қизиғи голнинг нишонланиши бўлди. «Пахтакор» футболчилари наманганликлар дарвозасига урилган голдан шунчалик хурсанд бўлишдики, кўпчилик ниҳоят амалдаги чемпионга арзирли рақиб пайдо бўлгани ҳақида ўйлай бошлади. Ўтган йилларда «Пахтакор» исталган жамоа устидан ғалабани оддийгина қабул қиларди.

Ўйинда урлган ягона голга ҳам алоҳида тўхталиш керак, чунки бунақа голлар топ даражадаги ўйинлардагина бўлади. Аввалига Ҳожимат Эркинов чап қанотдан олдинга борди ва Даврон Ҳошимовдан ўтказиб тўпни Шаркичга узатди. Англия майдонларида ўйнаб келган Шаркич эса «Пахтакор»га келганидан буён илк марта ўзини кўрсатиб, Жамшид Болтабоевни нозик ҳаракати билан доғда қолдирди-да, очилиб келаётган Черанга голли узатмани амалга оширди. Черан ўзига хос совуққонлик билан ҳимоячининг боши ва тўсин ўртасидаги бўшлиққа тўпни михлаб қўйди.

Тўғриси, Черан бу зарбаси билан Ўзбекистон чемпионатида ҳамон унинг даражасига ҳатто яқинлаша оладиган футболчи йўқлигини яна бир бор исботлади. Аммо ҳужумчи камтарлик қилишни ҳам унутмади: голда асосй ишни Шаркич қилганини айтди.

Шундай ажойиб гол урилган ўйиннинг марказий воқеаси эса барибир жанжал бўлди. «Пахтакор» мухлисларидан бири майдонга тушиб тўпни тепиб юборди, ўйин якунилангач, «Навбаҳор» посбони Ўткир Юсупов мухлисга Контана услубида ташланди, уруш кийиниш хонасига кираверишда ҳам давом этди.

Ўйиндан кейин ҳам у ҳақда хабарлар тўхтамади: «Навбаҳор» мухлисларидан бирининг тиши сингани маълум бўлди, ИИБ ўйиндаги воқеалар юзасидан иш очди. Учрашувдаги энг қайноқ ҳолатларни эса Tribuna.uz фотомухбири кадрга жойлади. Қуйида ўйиндан тайёрланган фоторепортажни томоша қилишингиз мумкин.

Суратлар муаллифи – Муҳаммаджон Ғаниев.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар