Тожикистон яхши ўйнаб ютқазди, Уганда посбонидан камбэк. «Лотерея»да ғолиб аниқланган баҳсдан фоторепортаж
Шанба, 26 Март
1795
Фото: Tribuna.uz

25 март куни Наманганда «Navruz Cup» турнирининг яримфинал ўйинлари ўтказилди. 

Мусобақанинг илк баҳсида — биринчи яримфиналда Уганда ва Тожикистон миллий жамоалари тўқнаш келишди. 

Беллашувни африкаликлар ташаббус билан бошлашди ва стандарт вазиятдан сўнг ҳисобни очишди. Жамоа сардори Эммануэль Окви Руслан Ятимов дарвозасини ишғол этди. Биринчи бўлим ярмидан кейин устунлик Тожикистон миллий жамоаси томонига ўта бошлади ва Петр Сегрт шогирдлари чиройли комбинациядан сўнг ҳисобни тенглаштиришга ҳам эришишди, аммо қанот ҳаками офсайд қайд этди. Босимни давом эттирган тожиклар бўлим сўнгида ўз мақсадларига эришди. Уганда посбонининг хатосидан сўнг ОКМК яримҳимоячиси Алишер Жалилов мувозанатни тиклади.

Иккинчи бўлимда жамоалар дурангга розидек ҳаракат қилишди. Ўйин асосан майдон марказида кечди. Хавфли вазиятлар борасида бироз устунлик Тожикистон тарафида бўлди. 

Асосий вақтда ғолиб аниқланмагач,  ўртоқлик турнири бўлгани боис тўғридан тўғри пенальтилар сериясига мурожаат қилинди. Унда Уганда дарвозабони Чарлес Лукваго голдаги айбини ювиб, 2та сейв амалга оширди ва жамоасини финалга олиб чиқди. 

Шу тариқа 29 март куни финалда Уганда Ўзбекистон билан ўйнаса, Тожикистон 3-ўрин учун баҳсда Қирғизистонга қарши майдонга чиқади.

Тожикистонлик мухлислар ташриф буюрган, наманганликлар ҳам Эҳсони Паншанбе ва унинг жамоадошларини қўллаб-қувватлаган ўйиндан олинган фотосуратларни кўришингиз мумкин.

Суратлар муаллифи — Боймирза Халилов

Теглар

Ўхшаш янгиликлар