«Мағлуб бўлишга ҳақли эмасдик, лекин бу футбол». Миржалол Қосимов ОКМКнинг кетма-кет мағлубияти ҳақида
Шанба, 12 Март
1537
Фото: ОКМК

Суперлига 2-тури доирасидаги «Локомотив» - ОКМК (2:1) ўйинидан кейин дастлаб меҳмонлар бош мураббийи Миржалол Қосимов фикрлари билан ўртоқлашди.

«Мағлуб бўлишга ҳақли эмасдик, лекин бу футбол. Менимча, стадионга ташриф буюрган ҳамда телевизор орқали учрашувни кузатган мухлисларга ўйин маъқул бўлди. Чунки чиройли футбол гувоҳи бўлдик. Жанговар, шиддаткор ҳамда тезкорлик жиҳатдан икки жамоа ҳам кўнгилдагидек ўйин намойиш этди. «Локомотив» бу борада омадлироқ чиқди. Уларни ғалаба билан табриклайман. 

Машаққатлар билан гол уриб, тезкор гол ўтказиб юбордик. Футболда ўзига яраша қонун-қоидалар бор. Иккинчи бўлимда ҳам яхши имкониятларга эга бўлгандик, улардан унумли фойдаланишимиз лозим эди. Футболда «Сен урмасанг, сенга уришади» деган нақл бор. Хатолар устида кўпроқ ишлашимиз керак. Жароҳатланган ҳамда дисквалификацияга учраган футболчиларимиз бизга ёрдам бера олмаётгани сабабли учрашув сўнггида ўйинимизни кучайтира олмадик. Йигитларимизнинг ёғингарчилик бўлган ҳавода толиққани кўриниб қолди.  Авваллари фаолиятимда бу қадар кўп йўқотишларга дуч келмагандим. Йўқотишлар ҳам мен учун синов, бу ҳам ўз ўстимизда кўпроқ ишлашга ундайди», - дея Миржалол Қосимов сўзларини келтирган клуб матбуот хизмати.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар