«Менимча, футболни тушунмас эканмиз...». Миржалол Қосимов Бекободдаги мағлубият ва четлатишлар ҳақида
Жума, 04 Март
10625
Фото: Tribuna.uz

Суперлига 1-тури доирасидаги «Металлург» - ОКМК (1:0) учрашувидан кейин дастлаб меҳмонлар устози Миржалол Қосимов фикрлари билан ўртоқлашди.

«Фикрим барибир қизиқ эмас... Авваламбор, чемпионат очилиши билан ҳаммани табриклайман. Нима ҳам дейман энди? Ўйинга гувоҳ бўлдинглар, футболни бизлардан ҳам яхши тушунасизлар-ку! Менимча, биз футболни тушунмас эканмиз... «Металлург» жамоасини ғалаба билан табриклайман. Шу нарса бўлиши керак экан. Бу кунлар ҳам ўтади, бу (мағлубият) бизни янада кучайтиради. Яхши ниятда келгандик. Олмалиқдан келган мухлисларга раҳмат. Йигитларга ҳам раҳмат, камчиликда қолиб ҳам ўйин охиригача курашдик. Энг асосийси жамоада жанговарлик бор. Четлатишлар бўйича қандай қарор қабул қилишади, нечта ўйинда майдонга тушишмайди, билмайман. Биз янада кучли бўлиб қайтамиз. 

Сардор Раҳмоновнинг четлатилиши? Футболда ҳамма хато қилади. Бе айб Парвардигор. Бундай ҳолатлар футболда кўп учраб туради. Сардорни ёшлигидан биламан, у атайин бундай қилмайди. 

Жамоа бир кишига қараб қолмаган, жамоа бир-бирига ёрдам бериб, бир-бирини қўллаб-қувватлайди. 

Ҳозирги «Металлург» билан аввалгисини фарқи? Бошқа жамоа ҳақида гапиришни хоҳламайман. Ҳозир ўзимизни жамоадаги жароҳатлар, четлатишлар, кейинги ўйин ҳақидаги муаммолар ўйлантиряпти», - дейди Миржалол Қосимов ўйиндан кейин.

Эслатиб ўтамиз, ушбу баҳсда олмалиқликларнинг икки футболчиси Сардор Раҳмонов 1-бўлимда, Шоҳрух Гадоев эса иккинчи бўлимда майдондан четлатилгач, Қосимов шогирдлари ўйинни 9 киши бўлиб якунлашди.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар