Суперлига 1-тур учрашувлари доирасидан ўрин олган “Бунёдкор” – “Сўғдиёна” баҳси 3 март, пайшанба куни “Бунёдкор” стадионида ўтказилиши режалаштирилган эди.
“Шу йилнинг июнь ойида Ўзбекистонда U-23 Осиё чемпионати бўлиб ўтади ва мазкур мусобақанинг ҳал қилувчи ўйинлари айнан “Бунёдкор” стадионида ташкиллаштирилиши режалаштирилган. Стадион майсасига масъул мутахассисларнинг ўрганиш натижаларига кўра, майдон майсаси ҳали учрашувларни тўлиқ қабул қилишга тайёр эмас ва ҳозир ўйин ўтказилиши чимга зиён етказиши мумкин.
Шуни инобатга олган ҳолда “Бунёдкор” – “Сўғдиёна” учрашуви “Локомотив” стадионида ўтказиладиган бўлди”, - дея хабар берган ПФЛ матбуот хизмати.
Маълумот учун, ушбу учрашув эртага, 3 март куни соат 18:30да бошланади.