Россиянинг Украина ҳудудига бостириб, ҳарбий ҳаракатлар бошлагани ортидан УЕФА ижроқўмнинг фавқулодда мажлисини чақирди.
УЕФА президенти Александер Чеферин Россия ва Украина ўртасидаги сўнгги 24 соат ичидаги воқеалардан кейин ташкилот ижроқўмининг навбатдан ташқари мажлисини ўтказади. Йиғилиш эртага, 25 февраль куни ўтказилиб, Россия ва Украинадаги сиёсий вазиятга баҳо берилади ва шундан кейин бир қатор қарорлар қабул қилиниши кутилмоқда.
Аввалроқ, УЕФА Россиянинг Санкт-Петербург шаҳридан Чемпионлар лигаси финали мезбонлигини тортиб олиши мумкинлиги ҳақида хабар қилинганди. Шунингдек, Россия Премьер-лигаси 19-тури қолдирилиши ҳамда Украинада чемпионат тўхтатилгани масаласига баҳо берилади.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 24 февраль куни эрталаб Владимир Путин Донбассда махсус ҳарбий операция бошланганини маълум қилди. Кўп ўтмай, Украина Россия билан дипломатик муносабатларни узганини эълон қилди. Путиннинг Донбассда ҳарбий амалиёт бошланганини эълон қилиши ортидан рус ҳарбийлари Украина ҳудудига ҳаводан ҳужумлар бошлади. Украина чегарачилари Россия қуруқликда ҳам Беларусь ёрдамида шимолдан ҳужумга ўтганини маълум қилган. Украина ерлари ва одамларини бой бермоқда.