«Фри ёки бургер бойларнинг фарзандлари учун эди». Жоржиньонинг ҳаяжонли ҳикояси
Пайшанба, 03 Феврал
2937

Ўтган йилда «Олтин тўп» учун кураш асосан Месси ёки Левандовски каби юлдузлар орасида кечган бўлса-да, яна бир ном борки, унинг номзоди ҳеч кимда камида эътироз уйғотмади. «Челси»нинг ЕЧЛдаги ғалабасида қаҳрамонлар кўп бўлса-да, Жоржиньо Италия терма жамоасида ҳам асосий фигуралардан бири эди. Манчини уни финал куни, ҳатто жароҳат билан ҳам майдонда сақлаб тургани, футболчининг жамоада нақадар муҳим ўрин тутганини билдиради. Йилнинг ҳар икки буюк ғалабасини умумлаштирувчи ягона футболчи – Жоржиньо.

Уни пайқаш осон эмас. Лекин рад ҳам эта олмайсиз. Бунга йўл қўймайди. Футболчининг ҳаёт ҳикоясини тингласангиз, янада амин бўласиз.

Хоналаримиз ифлос эди. Айни овқатни кунда уч маҳал ер эдик. Ювиниш хоналарида иссиқ сув бўлмасди. Ҳатто қишда ҳам. Ташқарида эса маҳаллий безорилар бизни тўнаш пайида бўлишарди. Бу - Бразилияда, Гуабирубедаги футбол лагерим. Оиламдан юз мил узоқликда яшаганман. У пайтларда ёшим атиги ўн учда эди, дўстим.

Бу худди армияга ўхшарди. Кунига икки маҳалдан машғулот, кейин эса ўқиш. Бу ерга келишимдан олдин Сан-Паулудаги уч клубда синовдан ўтдим, аммо барчаси мени рад қилгач, она шаҳрим бўлмиш Имбитубуга қайтгандим. Ўша ерда бир италиялик агент мени ўзи бошқарадиган лагерга таклиф қилди. Унинг айтишича, ўзини яхши кўрсата олган болаларда Италияга бориш учун кичик имконият пайдо бўлар экан. Қайси болакай Европага боришни истамайди?

Балки ҳайрон қолишингиз мумкин, лекин лагердаги қийин ҳаёт мен учун нормага айланиб ҳам қолганди. Ўзим учун кашф қилдим-ки, шароит ҳар қанча оғир бўлмасин, инсон унга мослаша олар экан. Агар бошқа танлов имконияти бўлмас экан, ҳар қандай ҳолатга чидай оласан.

Биласизми, беш ёшимда отам мендан катта бўлганимда ким бўлишимни сўраганида, «футболчи» деб жавоб берганман.

«Аммо футболчи бўлиш сен телевизорда кўрганингдек, осон иш эмас» – деганди у, - «Жуда кўп қийналасан, йиғлайсан, ҳаётингни олиб қўйишади. Уйга кетгинг келади, мағлуб бўлишни тан олишга мажбур бўлишинг мумкин. Хўш, катта бўлганингда ким бўласан?»

«Футболчи» – дедим мен яна бир марта.

Мен ҳаммасига тайёр эдим. Бир куни лагерга онам кўргани келди. Ювиниш хонамизга кириб чиққач, менга нарсаларимни йиғиштиришни, уйга кетишимизни айтди.

«Ойи, мен ҳеч қаерга кетмайман», – дедим.

«Биламан, бу сенинг орзунг. Лекин менинг ўғлим бундай шароитда яшамайди».

Мен унга агар уйга мажбуран олиб кетилсам, кейин футболчи бўла олмаслигимни ва келажакда унинг виждони қийналишини айтдим. Ойим йиғлаб юборди.

«Бу мен учун имконият. Қийинчиликларга дуч келишим мени хавотирга солмайди. Бир овқатни ўн кунлаб ейишим мумкин, ҳар куни ифлос ҳожатхонага боришим мумкин. Ҳеч нарса қилмайди».

Онам жиддийлигимдан амин бўлди, лекин йиғлаб лагерни тарк этди. Бу ҳаётимдаги энг оғир ҳолатлардан бири бўлганди. Биласизми, бу онам учун қандай эканини тушунаман – у футболга қизиқмайдиган бошқа оналардан эмас. Йўқ, дўстим. Бутун истеъдодим ундан ўтган. Тўғри, ҳозир отам хафа бўлиши мумкин, лекин, дада, биласан-ку, бу ҳақиқат! Онам футболчилар оиласи вакили ва ҳалигача ўйнайди. Беш ёшимдан у мен билан пляжда тўп тепган. Биз шунчаки, кўнгилхушлик қилар, лекин бирор нарсани нотўғри амалга оширсам, дарҳол тўғриларди.

У жуда қаттиққўл эди. Агар бир неча бор оддий пасларни бера олмасам, ташланиб ҳам қоларди. Эй, Худо, мен атиги беш ёшдаман, секинроқ, дердим ўзимга, ҳа-ҳа-ҳа!

Аммо у менга энг яхши нарсаларни истарди, тушуняпсизми? Шунинг учун уйга қайтмаслигимни айтганимда, қаттиқ азият чекканди. Жуда кўп иқтидорли болалар таслим бўлиб, лагерни тарк этганини кўргандим.

У ерда икки йил ўтказдим. Хайриятки, ҳаммаси бежиз кетмади ва 15 ёшимда «Верона» мен билан шартнома имзолади. Бизни эски бир ибодатхонага жойлаштиришди. Олти нафар ўсмирлар эдик, кичиккина хонага учта икки қаватли каравот олиб киришди. Бу ҳали ҳеч нарса эмас, лекин қаттиқ ҳаяжонда эдим.

Италия! Энди ҳаммасининг имкони бор.

Дастлабки уч ой зўр ўтди. Аммо кейин қийнала бошладим, чунки, қачон уйга қайтишим мумкинлиги ҳақида ҳеч нарса билмасдим. Мени лагерга таклиф қилган агент ҳафтасига 20 евро берар ва шу пулни етказишим керак эди. Бу пулларни деярли бир хил сарфлардим: беш еврони Бразилияга қўнғироқ қилиш, ойим билан гаплашишга ишлатаман, шампунь, дезодорант ва тиш пастаси учун бир неча евро, қолганини эса, дам олиш кунлари интернет кафега тўлаб, дўстларим ва оилам билан MSN орқали гаплашиб ўтирардим.

Баъзида ўзимни меҳмон қилгим келар ва Веронадаги асосий кўчага бориб, McDonald’s’нинг сутли коктейлидан сотиб олардим. Нархи бир евро турарди. Фрими? Бургер? Эҳ, унут буларни, дўстим. Happy Meals фақат бойларнинг фарзандлари учун эди. Ўшанда мен кўча бурчагидаги зинага ўтириб олардим ва шунчаки... томоша қилардим. Одамларнинг уёқдан буёққа ўтишини, қушларни, туристларни... Шунчаки хаёлларимга эрк берардим. Шанба оқшомларини одатда мана шундай ўтказардим.

Аслида бу ёлғизлик эди. Шу тариқа, бир ярим йил яшадим ва 17 ёшимда Веронада профессионаллар билан шуғулланишни бошлаган пайтларда агентим билан уришиб қолдим. Бу ҳақида кўп гапиришни истамайман, лекин ҳаммаси ёмон эди. Мен деярли бўлакларга бўлиниб кетдим.

Бразилиядаги ифлос футбол лагеридаги икки йил қийинчиликлар, бир ярим йил Италияда ҳафтасига 20 еврога яшаш, оқибати шуми?

Йиғлаб онамга телефон қилдим.

«Ойи, барчаси тугади. Жонимга тегди. Сени соғиндим, уйга қайтаман». Имбитубу ҳақида ўйлай ҳам бошлагандим.

«Эшик ёпиқ бўлади» – қатъий жавоб қилди у.

«Нима?»

«Уйга қайтмайсан. Агар эшим олдида пайдо бўлсанг, очмайман»

Шокка тушиб қолдим. Ўз онангиз мана шундай дейишини тасаввур қила оласизми? Кейин отам билан гаплашдим. Улар ажрашган эди ва балки маълум вақт отам билан яшаш ҳақида ўйладим. Аммо у ҳам айни жавобни берди.

Кейин улар биргаликда менга телефон қилиб, ҳаммасини тушунтиришга ҳаракат қилишди.

«Хорхе, сен профессионаллар билан шуғулланяпсан ва ҳаммасини ҳозир ташламоқчимисан? Шунча қийинчиликлардан кейин-а? Бунда маъно йўқ. Ҳаракат қилишда давом эт ва орзуингга етасан!»

Опамнинг айтишича, ўша суҳбатдан кейин трубкани қўйгач, онам йиғлаб юборган экан.

Худога шукрки, ота-онам керак бўлганда кучли бўла олишганди. Хайриятки, уларга қулоқ солганман. Янги агент Жуан Сантосни топдим ва у ҳозиргача мен билан бирга. Шунингдек, жамоа дарвозабони, акамдек бўлиб қолган Рафаэлга ҳам миннатдорчилик билдиришим керак. Ўша 20 еврога яшаб юрган пайтларимда, у мени уйига олиб бориб, егулик ва кийимлар олиб берганди. Жуан ва Рафаэл 2011 йилда «Верона»нинг асосий таркибига кириб олишимда муҳим аҳамият касб этишган. Ҳеч қачон унутмайман.

2014 йилнинг январида Неаполга келдим – умуман бошқача шаҳар. Неаполликларнинг қандай одамлар эканини жуда яхши биламиз-ку, тўғрими? Эҳтирос! Улар ўз футболчиларига худди маъбудлардек муомала қилишади. У ерда мен супермаркетга бора олмасдим. Паркда айланишнинг иложи йўқ. Имконсиз! Кўзимга кепкани тушириб, толстовка кийиб олардим. Отамнинг айтишича, қочқинларга ўхшаб қолардим. 

Бир куни дўстим кўргани келди. Одатда якшанба кунлари ўйнардик, ўшанда ўйинимиз шанбага белгилангани учун кунларни адаштириб юбордим. Мен дўстимни шаҳар марказига олиб бордим. У ердаги одамларни, ҳаракатни кўриб, ҳайрон қолдим. Нега душанба куни бунақа?

Кимдандир қандай кун эканини сўрадим – «Якшанба». Йўўўўўўўқ!!! Энди нима бўлади? Мени кўриб қолишса-чи?

Эҳтиёткорлик билан ҳаракат қила бошладик. Кепкани бостирдим ва тор йўлак бўйлаб дўстимнинг орқасидан кета бошладим. Пьяцца дель Плебисцито майдонига эсон-омон келиб олдик ва бир барнинг орқа тарафига ўтирдик. Ҳеч ким сезмади.

Бироз ўтиб, келган йўлимиздан қайтаётганимизда, бардан чиқишимиз ҳамоно, тахмин қилингчи, бизни ким сезиб қолиб, расмга тушмоқчи бўлди? Официант!

Эй, Худо, деярли қутулгандик, бардан чиқиб ҳам бўлгандик. Тавба, ичкарида шуни айтса, бўлмасмиди?

«Нега шу дардингни ичкарида айтмадинг, бро» – дейман мен.

«Агар ичкарида сўраганимда, ишдан ҳайдаб юборишарди»

Хуллас, кўча одамлар билан тўла, лекин қоронғи туша бошлагани учун ўзимни хавфсиз ҳис қила бошладим. Майли, биргина официант сезиб қолди, расмга тушамиз ва кетамиз. Кейин нима бўлди, денг! Официантнинг расмга олиш чироғи ёниқ экан. Кнопка босилди, бутун ёруғлик менинг юзимга тушди. Тамом! Бутун майдон ўгирилди ва бақириб юборишди: «Жоржиньо!!!». Даҳшат!

Ҳамма менинг исмимни айта бошлади. Ҳатто кимлигимни билмаганлар ҳам расмга тушишга ошиқарди. Масалан, бундай – «Фото! Фото! Эй, ким ўзи бу?!». Ха-ха-ха!

Ишонаверинг, ҳар қадамда камида уч марталаб расмга тушдим. Кимдирдан «Илтимос» ёки «Расмга тушсак майлими?» деган гаплар кутишни унутинг. Неаполь Лондон эмас, дўстим. Улар мени итаришар, ўзларига тортишар, мен ҳеч қачон уйимга етиб бормайдигандек эдим. Ярим соатда кўчанинг ярмини босиб ўтдик.

Ниҳоят кимдир мени қутқариб қолди. Бақувват бир йигит, адашмасам, Неаполдаги уюшган фан-гуруҳнинг аъзоси эди. «Уни уйига қўйиб юборинглар» деди ва мени тўполондан олиб чиқиб кетди.

«Сизга катта раҳмат» – дедим мен.

«Аммо энди менинг навбатим, кел, бирга расмга тушиб қўяйлик» – деб тиржайиб турибди.

«Акахон, мени қутқариб қолдинг, керак бўлса, ўнта расмга тушамиз».

Неаполь – тентак шаҳар. Лекин мен уни севдим. Неаполликларни севдим. Тўрт ярим йил ўтиб, кетиш жуда қийин бўлганди.

«Челси»даги илк даврларимда у шаҳарни кўпроқ соғиндим. Мен ҳақимда нималар дейишгани эсингиздадир? Мен жуда секин ўйнар эканман. Ҳаддан ташқари нимжонман. Мен Саррининг эркатойи эканман. Буларнинг барчаси жаҳлимни чиқарарди.

Лекин, биласизми, улар мени тўғри баҳолай олишмаган. Умуман, ҳар доим , ҳар бир клубда мен ёмон бошлаганман. Қизиқ. Веронага келганимда, мени ҳеч ким хоҳламади ва тўртинчи дивизионга ижарага беришди. Лекин меҳнат қилишда давом этдим ва эътироф қозондим. Веронага қайтиб, А Серияга йўлланма олдик. «Наполи»да ҳам дастлабки йил қийин ўтди, кейин Сарри келгач, ҳаммасини ўзгартирган. «Челси»дачи? Бу танқидлар менга ёрдам берди. Ўзимга айтардимки, «Бу одамлар ҳали уялиб қолишади».

Энди эса, бу ерда Европа Лигаси ва Чемпионлар Лигаси кубоги билан ўтирибман. Барча танқидчиларга бир нарса дейишим мумкин – Раҳмат. Ростан ҳам, барчаси учун раҳмат!

Евро Лигаси совринини ютишимиз жуда ҳаяжонли бўлганди. Бокудаги меҳмонхоналардан бирида, ҳамма ўз оиласи билан байрам қилдик. Бир пайт ойимни йўқотиб қўйдим. Қарасам, денгиз ва шаҳар кўриниб турган балконга чиқиб олганди. Тонгги соат беш, қуёш энди чиқа бошлаганди.

«Ойи, йиғлаяпсанми?» – сўрадим мен.

«Бу шунчаки, қувонч кўз ёшлари».

Шундан сўнг, у гапира бошлади. Қай даражага етиб келганим, оилам мендан фахрланиши, Имбитубадаги бир болакайнинг бу нарсаларга эришиши ажойиб экани ҳақида. У доим жуда ҳиссиётли эди. Уни зўрға тўхтатдим, агар давом этганини мен ҳам йиғлаб юборардим. Ростан ҳам, буларнинг ҳаммасига ишониш қийин эди.

Чемпионлар Лигаси финали куни ҳеч нарса емадим. Қаттиқ ҳаяжонда эдим. Ҳар сония соатлардек ўтарди. Ҳаётимдаги энг узун давом этган кун. Лекин ўйин бошланганида фақат нима қилиш кераклигини ўйлайсиз, тамом. Кейин Кай гол уради, ҳакам финал ҳуштагини чалади ва мияда бир савол айланади: нималар бўляпти?

Буни тушунтириш қийин. Бирданига бир неча ҳиссиётни бошдан кечирасиз. Мен йиғлаб юбордим. Худди онам каби. Буниси энди ортиқча... Очиғи, ҳаммасини ўйлаб кўришга вақт ҳам бўлмади кейин, чунки бизни Евро кутиб турарди.

Италия учун ўйнаш мен учун алоҳида туйғу. Италияни танлаш қийин бўлмаган. Бразилияда орзуларим амалга ошмади, Италия эса, у ерда туғилмаган бўлсам-да, улар учун ўйнашимни истади. Бунинг устига, катта бувам италиялик бўлган. Мен ҳаётимнинг ярмини шу ерда ўтказганман, бу мамлакатни кундан кунга янада яхши кўриб боряпман. Менга ёрдам керак бўлганида Италия қўллаганини ҳеч қачон унутмайман. Нега Италияга ёрдамим керак бўлганда, рад қилишим керак?

Хайриятки, мундиалга чиқа олмаганимиздан сўнг, Манчинининг ёрдами билан қайта оёққа тура олдик. Баъзи мураббийлар футболчиларни ўз услуби ва қарашларига мослаштиришга уринади, Манчини эса, ўз услубини футболчилардан келиб чиқиб танлади. У бизнинг жисмоний томондан у қадар кучли эмаслигимизни сезди, аммо кўпроқ ҳаракат ва ўйин ёрдамида кучая олишимизни кўра олди. Айтишим мумкинки, ҳаммаси яхши уддаланди. 

Финалда пенальтини ура олишимга ишонардим. Ўз услубим бор эди, тўғрими? Буни мен «Наполи»да, Энрике билан машғулотларда қўллай бошлагандим. Лекин Пикфорд мени яхши ўрганган экан, қойил қолиш керак. Бутун миллатга панд бериш нима эканини тушунтириш қийин. Мен дуо қилдим фақат. Жижио мени қутқарди. Ўшанда мен ўзимни ерга ташладим. Биз Европа чемпионимиз, ишониш қийин.

Табиий, ютганимиздан сўнг, менинг хатом мазмунини йўқотди. Лекин, ростини айтсам, ўзим ҳеч қачон унута олмайман. Пенальтини ура олмаслик ёмон, агар бу финалда содир бўлсачи? Ишонинг, кимдир бундай хатони унутганини айтса, ёлғон.

Нима бўлгандаям, жуда бахтли эдим. Табиийки, онам яна йиғлади. Албатта, ҳаммаям орзу қилади, лекин бу қадар узоқларга етиб келишни ўйламайсиз ҳам. Ниҳоят, етиб келганингизда, ҳаммаси ғаройиб туюлади. Қаердан келганингиз, қандай қийин йўлни босиб ўтганингиз кўзингиз олдидан ўта бошлайди.

Футбол лагери.

Ибодатхона.

Онага қўнғироқ.

Энди эса, Европа забт этилди? Икки марта?

Фантастика. Бечора отам. Финалдан кейин менга «Хорхе, бундай қилишга ҳаққинг йўқ, кардиологга учрашим керак» деди. Умид қиламанки, у ҳазиллашган. Албатта, у ва онамсиз у ерда бўлмас эдим, тушунаман. Балки Имбитубуга қайтиб, футболни телевизорда кўрардим. Албатта, бу орзулар йўлида охиригача ҳаракат қилиш ҳикояси, аммо атрофингизда сиз учун энг яхшисини тиловчи яхши инсонлар бўлиши ҳам муҳим. Ҳар қандай даражада зўр бўлишинг мумкин, лекин футболда ҳам, ҳаётда ҳам якка ҳолда чўққига чиқа олмайсиз. Бу имконсиз!

Евродан кейинги ҳафталар ажойиб ўтди. Маълум вақтга Веронага бордим, ўзим яшаган ибодатхонани зиёрат қилдим. Афсуски, ҳамма таътилда экан, лекин 14 йил аввалги уйимни кўриш ўзгача ҳиссиётларни тақдим этди.

Сўнг марказий кўчага бордим, «Макдональдс»га кириб, сутли коктейл сотиб олдим. Ўсмирлик пайтида жуда кўп кунларимни ўтказган бурчакдаги зинага бориб ўтирдим ва... шунчаки кузатдим.

Кўзларимни юмиб, ўша кунларга қайтдим. Бу худдики, ёнимда ўзимнинг ўн беш ёшдаги ўсмирлигимни учратиб қолгандек эди. Ёнгинамда ўтирарди. Унга ҳеч ким эътибор бермас, ҳеч ким унинг уй соғинчи ёки онаси билан телефон суҳбатларини билмасди ҳам.

У шунчаки, бир еврога сутли коктейлни сотиб олган уятчан ва нозик бола...

Аммо мен унинг барча қийинчиликларини ва олдинга кутиб турган синовларни билар эдим. Шунинг учун эгилдим-да, қулоқларига гўёки ўз орзулари кетидан қуваётган ҳар қандай болакайга айтишим мумкин бўлган сўзларни пичирладим:

«Таслим бўлма, йигитча»

Ҳар не бўлганда ҳам, таслим бўлманг!

Жоржиньо

ThePlayersTribune

Теглар

Ўхшаш янгиликлар