Анчелотти «ПСЖ» билан ўйин ҳақида: «Бензема масаласида таваккал қилмаймиз, ахир бу ЕЧЛ финали эмас» 
Чоршанба, 02 Феврал
6289
Фото: Getty Images

«Реал» бош мураббийи Карло Анчелотти Испания кубоги 1/4 финали доирасидаги «Атлетик»га қарши учрашув олдидан жамоа ҳужумчиси Карим Бенземанинг ҳолати ҳақида гапириб, «ПСЖ» билан ўйин борасида ҳам тўхталди.

«Бенземанинг бу баҳсда иштирок эта олиши ҳали ҳам сўроқ остида. У жамоавий эмас, якка тартибда шуғулланди. Карим ўзини яхши ҳис этмоқда. Бугунги машғулотларимиздан кейин бу борада аниқ қарорга келамиз. Бензема масаласида таваккал қилмаймиз. Агар шифоколар унинг майдонга туша олмаслигини айтишса, ўрнига бошқа ўйинчи тўп суради.

- Бенземани майдонга тушириш масаласида олдинда ЕЧЛ доирасидаги баҳс кутиб тургани инобатга олинадими?
- Қароримиз бунга боғлиқ бўлмайди. Такрорлайман, Бензема билан таваккал қилмаймиз, бу Чемпионлар лигаси финали эмас. Бензема буни билади. Агар у ўзини яхши ҳис этмаса, ўйнамайди. Биз ҳали «ПСЖ»га қарши ўйин ҳақида ўйлаётганимиз йўқ», - дея Анчелотти сўзларини келтирган Marca нашри.

Маълумот учун, «Реал» эртага, 3 февраль куни Испания кубоги чоракфинали доирасида «Атлетик»га қарши майдонга тушади. ЕЧЛ 1/8 финали доирасидаги «ПСЖ»га қарши дастлабки баҳс эса 15 февраль куни ўтказилади.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар