ОФК «Насаф»ни 28 минг АҚШ доллари миқдорида жаримага тортди 
Жума, 28 Январ
16394
Фото: Tribuna.uz

Осиё футбол конфедерацияси тартиб-интизом қўмитаси ОФК шафелигида ўтган турнирларда кузатилган қоидабузарликлар бўйича жарима чораларини эълон қилди.

Унга кўра, 2021 йилда ОФК кубогида қатнашган Қаршининг «Насаф» жамоаси ҳам молиявий жаримага тортилди. ОФК кубоги минтақалараро плей-офф баҳси доирасида ўтган «Насаф» ҳамда Ҳонгконгнинг «Ли Ман» клуби ўртасидаги учрашувда (3:2) мезбон жамоа томошабинларнинг хатти-ҳаракати ва ОФКнинг мусобақаларини ўтказиш қўлланмаси бузилган ҳолатлар бўйича мезбон клубга жарима қўлланган.

1. «Насаф» 64.1 ва 65.1-моддаларни бузганлиги учун 28 минг АҚШ доллари миқдорида жарима тўлайди (ОФК интизом ва ахлоқ кодекси, 22.2-банди).

2. Клуб кодекснинг 34.1 ва 34.3 бандларини бузгани учун шартли равишда 21 минг АҚШ доллари миқдорида жаримага тортилди – ушбу банд бундай ҳолат кейинги икки йилда яна такрорланса, фаоллашади.

3. Кодекснинг 1-банди бўйича клуб 90 кун ичида 7 минг АҚШ доллари тўлаши шарт.

Аввалроқ, «Насаф» клуби «Ли Ман»га қарши баҳсда захира футболчилари ўтирган секторда 320 нафар томошабинни киритгани, 2 нафар мухлис ўйиндан кейин майдонга тушгани, клуб хавфсизлик масаласида вазифаларини таъминламагани, майдон атрофида аккредитацияси бўлмаган шахслар юргани ҳамда томошабинлар стадионда тамаки чеккани сабабли жаримага тортилиши ҳақида огоҳлантирилган. 

Эслатиб ўтамиз, Рўзиқул Бердиев мураббийлигидаги жамоа ОФК кубоги-2021 вице-чемпиони сифатида ОФК томонидан 750 минг АҚШ доллари миқдорида мукофот пулига эга бўлганди.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар