Миллий жамоа учун 2022 йилдаги илк расмий синов. Африканинг энг арзон жамоасига қарши ўйин олдидан
Пайшанба, 27 Январ
6552
Фото: ЎФА

Ўзбекистон миллий жамоаси бугун, 27 январь куни ФИФА кунлари доирасидаги илк расмий ўртоқлик учрашувини ўтказади. Сречко Катанец шогирдлари Япония ва Баҳрайнга қарши амалга ошмаган ўртоқлик ўйинлари ўрнига Жанубий Судан миллий жамоасига қарши саф тортади.

Миллий жамоа таркибида кимлар бор?

Ўзбекистон миллий жамоаси қишки йиғинни 11 январь кунидан Дубайда бошлаганди. Дастлабки икки ҳафтада маҳаллий футболчилардан ташкил топган жамоа БААда йиғин ўтказган бўлса, ОФК календарига мувофиқ 24 январдан Осиёда миллий жамоалар учун ФИФА кунлари бошланди ва ўзбекистонлик легионерлар ҳам миллий жамоа ихтиёрига қўшилди.

25 январь куни Элдор Шомуродов («Рома»), Жалолиддин Машарипов («Ан-Наср»), Иброҳимхалил Йўлдошев («Нижний Новгород»), Отабек Шукуров («Шаржа»), Азиз Ғаниев («Шабоб Ал-Аҳли») ва Шаҳбоз Умаров (БАТЭ) миллий жамоанинг Дубайдаги йиғинига етиб келган.

Ўзбекистон миллий жамоасининг Жанубий Судан ва Янги Зеландияга қарши таркиби:

Дарвозабонлар: Валижон Раҳимов (ОКМК), Ўткир Юсупов («Навбаҳор»), Умиджон Эргашев («Насаф»).

Ҳимоячилар: Фаррух Сайфиев («Пахтакор»), Умар Эшмуродов («Насаф»), Ҳожиакбар Алижонов («Пахтакор»), Дилшод Саитов («Насаф»), Шерзод Насруллаев («Насаф»), Ислом Қобилов («Локомотив»), Абдулла Абдуллаев («Бунёдкор»), Жалолиддин Жумабоев («Локомотив»), Иброҳимхалил Йўлдошев («Нижний Новгород»).

Яримҳимоячилар: Одилжон Ҳамробеков («Пахтакор»), Акмал Мозговой («Насаф»), Абубакр Ризо Турдалиев («Насаф»), Ҳожимат Эркинов («Пахтакор»), Ойбек Бозоров («Насаф»), Достонбек Ҳамдамов («Пахтакор»), Жавоҳир Сидиқов («Локомотив»), Сардор Собирхўжаев («Пахтакор»), Отабек Шукуров («Шаржа»), Азиз Ғаниев («Шабоб Ал-Аҳли»), Шаҳбоз Умаров (БАТЭ), Жалолиддин Машарипов («Ан Наср»).

Ҳужумчилар: Шерзод Темиров («Пахтакор»), Азизбек Амонов («Локомотив»), Элдор Шомуродов («Рома»). 

Япония ва Баҳрайн ўрнига Жанубий Судан

Ўзбекистон миллий жамоасининг 2022 йилдаги дастлабки ўйини – Японияга қарши ўртоқлик учрашуви бекор бўлгач, ЎФА дастлаб 23 январь куни «Ал-Ваҳда»га қарши норасмий назорат учрашуви ўтказган бўлса, икки кун аввал Жанубий Суданга қарши учрашув борасида келишувга эришилганини маълум қилди.

ЎФА хабарига кўра, қишки ўқув-машғулот йиғинини давомида бир нечта ўртоқлик учрашуви ўтказиши режалаштирилган. Aввалдан ушбу санада Баҳрайн миллий жамоаси билан ўйнаш борасида музокаралар олиб борилаётганди. Бироқ Баҳрайндаги эпидемиологик вазият сабабли ушбу рақиб жамоа БAAдаги йиғинини бекор қилишга мажбур бўлди. Натижада, 27 январь куни Дубайда йиғинда бўлиб турган Жанубий Судан терма жамоаси билан ўйин ўтказиш борасида ўзаро келишувга эришилган.

Африканинг энг арзон таркиби – Жанубий Судан қандай жамоа?

Италиялик мутахассис Стефано Гусин қўл остидаги Жанубий Судан Африка қитъасининг энг камтар жамоаларидан бири ҳисобланади. Мамлакат қарийб 13 миллион аҳолига эга бўлса-да, Қора қитъанинг бошқа мамлакатларидан фарқли равишда номдор ўйинчилари билан танилмаган. Жанубий Судан ФИФА рейтингида 167-ўринда бормоқда. Жамоа Африка миллатлар кубоги саралаш босқичидаёқ гуруҳда сўнгги ўринда қолган. Миллий жамоанинг энг таниқли ва қимматбаҳо футболчиси Валентино Юэль бўлиб, Австралиянинг «Ньюкасл Юнайтед Жетс» клуби яримҳимоячисининг трансфер баҳоси 300 минг еврони ташкил этади. Жанубий Судан жамоаси тўлиқ таркибининг умумий баҳоси эса Transfermarkt портали томонидан жами 425 минг еврога баҳоланган. Жанубий Судан (425 минг евро) ва Эритрея (400 минг евро) Африка қитъасининг трансфер баҳоси энг арзон икки жамоаси бўлиб турибди.

Таққослаш учун, Ўзбекистон миллий жамоасининг энг қимматбаҳо футболчиси Элдор Шомуродовнинг трансфер баҳоси 12 миллион еврони, Ўзбекистон миллий жамоасининг умумий таркиби баҳоси эса 31,8 миллион еврони ташкил этади.

Дисквалификация ва коронавирус – икки футболчи Жанубий Суданга қарши ўйинни ўтказиб юборади

Ўзбекистон миллий жамоасининг Жанубий Суданга қарши ўртоқлик баҳсида Катанец икки футболчи хизматидан фойдалана олмайди.

Ушбу учрашув халқаро мақомда экани ва ФИФА кунларида ўтказилаётгани сабабли ўйинда дисквалификацияга эга футболчилар майдонга туша олмайди. Хусусан, 15 ноябрь куни ФИФА кунлари доирасидаги Грузияга қарши ўртоқлик ўйинининг (0:1) 84-дақиқасида майдондан четлатилган Фаррух Сайфиев Дубайда ўтадиган бугунги баҳсни ўтказиб юборади. Самарқандлик чап қанот ҳимоячиси «Ал-Ваҳда»га қарши кечган 23 январь кунги норасмий ўйинда Ўзбекистон миллий жамоаси сардори сифатида тўп сурганди.

«Пахтакор»нинг чап қанот ҳимоячисидан ташқари, миллий жамоанинг яна бир чап қанот ҳимоячиси Иброҳимхалил Йўлдошев ҳам Жанубий Суданга қарши ўйинда майдонга туша олмайди. Футболчининг куни кеча коронавирусга топширган тести мусбат натижа берган.

Ўзбекистон – Жанубий Судан учрашуви трансляция қилинадими?

Ўзбекистон миллий жамоаси бугунги баҳсда тўлиқ кўк либосда ўйнайди. БААдаги учрашув соат 18:00да бошланиб, ЎФАнинг Youtube’даги каналида трансляция қилинади. Беллашув Дубай шаҳрида жойлашган «The Sevens» майдонида бўлиб ўтади.

Ўртоқлик учрашуви. БАА, Дубай.

27 январь (пайшанба)

Ўзбекистон – Жанубий Судан

Ўйин бошланиш вақти:18:00.

Трансляция: UFA Youtube канали. 

Теглар

Ўхшаш янгиликлар