«Чақирув олганимдан энг кўп ота-онам хурсанд бўлишди». Шерзод Насруллаев миллий жамоадаги дебюти, Катанец билан суҳбат ва таклифлар ҳақида
Чоршанба, 26 Январ
3502
Фото: ЎФА

Ўзбекистон миллий жамоаси Дубайда ўқув-йиғин машғулотларини ўтказмоқда. Бу галги йиғинга бир нечта ёш ва умидли футболчилар жалб этилган. Хусусан, якунланган мавсумда «Насаф» жамоасидаги ёрқин ўйинлари сабаб Шерзод Насруллаев ҳам Сречко Катанецнинг эътиборига тушди ва миллий жамоадан илк марта чақирув олди. 23 январь куни «Ал-Ваҳда»га қарши ўйинда миллий жамоа сафида дебютни ўтказган Насруллаев ЎФА медиа бўлими саволларига жавоб қайтарди.

— Шерзод, миллий жамоага биринчи марта чақирув олганингизни эшитганингизда нималарни ҳис қилдингиз?

— Ҳар бир футболчи учун миллий жамоада ўйнаш орзу ва шараф ҳисобланади. Албатта, мен ҳам Ўзбекистон миллий жамоасида ўйнашни орзу қилганман. Болалигимдан бошлаб ўз олдимга мақсад қўйиб, бу йўлда тинмай меҳнат қилдим. Чунки миллий жамоага фақат ўз позициясида етакчи бўлган футболчилар чақирилади. Шунинг учун ҳам натижаларим орқали жамоага муносиблигимни исботлашга ҳаракат қилдим.

Кун келиб бош жамоамиз аъзосига айланишимга, биринчи навбатда, ота-онам ишонарди, улар ҳар доим мени қўллаб-қувватлаб келишган. Илк чақирув қоғозини олганимдаги уларни хурсандчилигини таърифлаб бўлмасди.

Умид қиламанки, яқинларим, мураббийларим ва мухлисларни ишончини оқлай оламан. Миллий жамоага эса қўлимдан келганича ёрдам беришга тайёрман.

— Машғулотлар жараёнлари қандай кечмоқда? Унда, асосан, нималарга урғу бериляпти?

— Машғулотлар одатда ҳар куни икки маҳалдан бўлиб ўтади. Эрталаб жисмоний ҳолатимизни тиклаш учун машғулот олиб боряпмиз. Кечки машғулотларда эса техника ва тактик машқларга эътибор қаратилади.

— «Насаф» таркибида 2021 йилги мавсумда мазмунли ўйин кўрсата олдингиз. Шундан кейин сизга хориж клубларидан таклифлар бўлдими?

— Тўғри айтдингиз, «Насаф» ўтган мавсумда ажойиб ўйинлар кўрсатиб, мухлислар меҳрини қозона олди. Бизда яхши жамоа шаклланган. Якунланган мавсумда кўплаб футболчилар ўзини кўрсатди. Ўзимга келадиган бўлсак, 4та гол киритиб, 16та голга ассистентлик қилдим. Менимча, бу — ҳимоячи учун яхши натижа бўлса керак. Умуман олганда, жамоамнинг ғалабаларига ҳисса қўша олаётганимдан хурсандман.

Трансфер ҳақида гап кетганда, тўғри, кўплаб агентлар алоқага чиқиб, бир қанча клублар менга қизиқаётганини айтишди. Аммо ҳозирда «Насаф» билан шартномам мавжуд. Билмадим, агарда Европа жамоаларидан таклифлар келса, легионерга айланишим ҳам мумкин.

— Сиз дебют ўйиндаёқ 90 дақиқа ўйнадингиз. Миллий жамоа либосидаги илк учрашув қандай кечди, нималарни ҳис қилдингиз?

— Тўғрисини айтсам, бу орзуларнинг ушалиши эди. Ўзимни эркин ҳис қилдим, ҳаяжон сезилмади, десам ҳам бўлади.

— Сречко Катанец билан бирга ишлаш қандай бўлди, у сиз билан суҳбатлашдими?

— Катанец билан «Ал-Ваҳда»га қарши ўйин олдидан гаплашдим. Ўша ўйинда мени марказий ҳимояда синаб кўрди. Бу мен учун янгилик бўлди, чунки аввал бу позицияда ўйнамаган эдим. Бош мураббийимиз учрашувдан кейин яхши ўйнаганимни, ўйинимдан қониқиш ҳис қилганини айтди.

— Умуман олганда, миллий жамоанинг «Ал-Ваҳда»га қарши учрашуви ҳақида нималар дея оласиз?

— Ўйин бироз мураккаб ўтди. Рақибларимиз бизга муносиб қаршилик кўрсата олишди. «Ал-Ваҳда», асосан, тўпни кўпроқ ушлаб, шунинг атрофида ўйин ташкил қилар экан. Бундан ташқари, уларда яхши жамоа шаклланган, футболчилари жисмонан бақувват ва бўйдор, ўйин пайти ўзаро бир-бирини тушуниб ҳаракат қилишади.

Ўйин давомида кўплаб ҳужумлар ташкил этдик, бироқ вазиятларда бизга омад келмади. Учрашув якунига етай деб қолганда Азизбек Амонов қулай вазиятга чиқиб бораётган эди, аммо унга нисбатан қўполлик ишлатилди ва пенальти белгиланди. Амонов совуққонлик билан пенальтини голга айлантира олди. Менимча, шу куни ғалабага ҳақиқатан ҳам ҳақли эдик, - дея Шерзод Насруллаев.

Маълумот учун, Ўзбекистон миллий жамоаси 27 январь куни Жанубий Судан, 1 февраль куни Янги Зеландияга қарши майдонга тушади.

Ўхшаш янгиликлар