Каванидан Дибалагача. «Палермо» дунё футболига тақдим этган юлдузлар рамзий жамоаси
Душанба, 24 Январ
9774
Фото: Getty Images

Италия — иқтидорлар ўлкаси. Сицилия ороли маркази Палермода сўнгги декадада миллий чемпионатнинг энг рақобатбардош жамоаларидан бири шаклланганди. «Палермо» клуби ўз тарихидаги энг яхши 10 йилликни айнан 2010–2020 йиллар мобайнида ўтказди ва кейин инқирозга юз тутди.

2019 йилда клуб оғир молиявий ҳолатга тушиб қолди ва Италия чемпионатларидан четга чиқди. Сўнгги мавсумда иқтидорлар дояси бўлган клуб Д Серияда ғалаба қозонди ва С Серияга кўтарилишга муваффақ бўлди. Тез орада уларни яна Апеннин яриморолининг юқори дивизионларида кўришни бошласак керак. Чунки, бу қадар улкан тарих ва анъаналарга эга клуб ўз-ўзидан йўқ бўлиб кетиши мумкин эмас. Улар Европа футболига учирма қилган юлдузлар шодаси кўзингизни қамаштиради. Биз уларни бир жамоа остида бирлаштиришга ҳаракат қилдик.

Дарвозабон: Сальваторе Сиригу

Ҳозирда: «Женоа»

2005 йилда «Палермо» академиясига келиб қўшилган Сальваторе Сиригу 2009/2010 йилги мавсумдан эътиборан асосий жамоанинг биринчи рақамли дарвозабонига айланди. Клуб асосий таркибида 80та учрашув ўтказишга эришди. Сицилияликлар билан ажойиб ўйинлар намойиш этаётган кипернинг ҳаракатлари «ПСЖ» лойиҳаси ижрочиларининг эътиборини тортади. Қайд этиш лозимки, Сиригунинг хариди Париж клубининг янги эгалари томонидан амалга оширилган оқилона юришлардан бири эди.

«Парк де Пренс» эгалари сафида 13та титулни боши узра баланд кўтарган италиялик посбон бора-бора асосий таркибдаги ўрнини бой бера бошлади. Шундан сўнг, бир муддат «Осасуна» ва «Севилья» клубларида омадини излади. 2017 йилда «Торино»га кўчиб ўтгани Сиригунинг фаолиятидаги яна бир тўғри қарорларидан эди. У Турин клуби сафида 152та ўйинда дарвозани қўриқлади. Жорий мавсумни «Женоа»да бошлаган футболчи ҳозирча генуяликларнинг асосий кипери бўлиб турибди.

Марказий ҳимоячи: Андреа Бардзальи

Ҳозирда: Фаолиятини якунлаган 

Италиянинг камтарона шаҳарларидан бири — Фьезоледа туғилган Бардзальи «Палермо»гача ҳам Италиянинг бир қатор қуйи лига жамоаларида ҳам ўйнаган. Аммо 2004 йилда Сицилия пойтахтига кўчиб ўтиш унинг учун росмана омадли кечди. Андреа ушбу клубда 165та беллашувда иштирок этди. «Палермо»да ўйнаган кезларидаёқ Италия миллий жамоаси таркибида ўйнарди ва 2006 йилда жамоаси билан мундиал ғолиблигини ҳам қўлга киритган.

2008 йилда «Вольфсбург»га кўчиб ўтган Бардзальи дебют мавсумидаёқ «бўрилар» билан Бундеслига ғолиблигини қўлга киритишга муваффақ бўлди. 2011 йилда А Серияда янги гегемониясини бошлаётган «Ювентус» италиялик фулбекни ўз таркибига чорлайди. Турин клуби билан Андреа кетма-кет равишда Скудеттоларни ютди. У Кьеллини ва Бонуччи билан шерикликда ажойиб ўйнай олган ва 4 марта А Серия мавсум рамзий жамоасидан ўрин олганди.

Марказий ҳимоячи: Симон Кьер

Ҳозирда: «Милан» 

Даниянинг «Мидтьюлланд» клуби сафида ҳаракат қилаётган иқтидорли ҳимоячини ҳаммадан аввал «Палермо» пайқайди. 2008 йилда палермоликлар таркибига қўшилган Симон ўз даражасини кўрсата олди. Унинг Сицилияга олиб келиниши Бардзальининг ўрнини тўлдириш мақсадида амалга оширилганди. Ҳа, у Андреанинг ўрнини тўлалигича қоплай олмади. Лекин у итальян клубидаги ўйинлари орқали 2009 йилда Даниянинг энг зўр футболчиси, деб топилди.

Энг қизиғи, «Палермо» билан 65та ўйин ўтказган даниялик ҳимоячи Бардзальининг йўлидан кетиб, «Вольфсбург»га кўчиб ўтади. 2021 йилги «Олтин тўп» курашини 18-поғонада тугатган Кьер «Милан»гача бўлган йўлда «Рома», «Лилль», «Фенербахче» ва «Севилья» шарафини ҳимоя қилди.

Марказий ҳимоячи: Камил Глик

Ҳозирда: «Беневенто» 

«Реал»нинг 3-таркибида ҳаракат қилаётган польшалик ҳимоячини пайқаш учун қанчалик зийрак бўлиш керак, айтинг-чи?! Глик «Палермо» скаутларининг дунё футболига совға қилган ноёб совғаси эди. Ҳа, у Сицилия клуби сафида 4тагина учрашувда ўйнаган, холос. Лекин «Торино»га кўчиб ўтгач, ундаги янги қирралар бўй кўрсата бошлади.

Балки, ушбу ҳимоячини баъзилар эсидан ҳам чиқариб юборгандир. Лекин ёш Мбаппе билан бирга «Монако»ни УЕФА Чемпионлар Лигаси яримфиналига олиб чиққанлар орасида Камил ҳам бор эди. 2016/2017 йилги мавсумнинг энг яхши тўпурар ҳимоячиларидан бири бугун Б Серия вакили «Беневенто»да фаолиятининг сўнгги йилларини ўтказмоқда.

Ўнг қанот яримҳимоячиси: Маттео Дармиан

Ҳозирда: «Интер» 

«Милан» академияси тарбияланувчисига катта футбол эшикларини очганлар орасида «Палермо» ҳам бор. 2006–2010 йиллар оралиғида «Сан Сиро»дан ўз бахтини қидирган қанот футболчиси атиги 4тагина ўйинда майдонга ташланди, холос.

2010 йилда Сицилияга йўл олган Маттео бирмунча ўзини кўрсатишга эришди чоғи, келгуси мавсумдаёқ «Торино» уни ўз сафига чорлади. Турин унинг грандлар назарига тушишида катта роль ўйнади. Бу ердаги 4 мавсумидан сўнг уни «Манчестер Юнайтед» харид қилди. Ҳа, Манчестерда у алмаштириб бўлмас футболчилардан эмасди. Ўтган мавсумда «Интер»да ижара асосида ҳаракат қилган футболчининг трансфер ҳуқуқи энди «нерадзуррилар»нинг ўзига тегишли.

Марказий яримҳимоячи: Хавьер Пасторе

Ҳозирда: «Эльче»  

«Палермо» скаутларининг Жанубий Американинг турли нуқталаридаги клублар билан алоқалари жуда яхши шаклланган. Клуб Лотин Америкасининг жуда кўплаб иқтидорларига Европа футболи томон йўл очиб берган. Шундай иқтидорлардан бири — Хавьер Пасторе.

Бу футболчини ҳали жуда ёш бўлган пайтида Аргентинанинг машҳур бўлмаган «Уракан» клубидан топиб келишади. Аргентиналикларга хос ностандарт ўйин услуби билан скаутлар эътиборини қозонган Пасторе майдонни ўзгача кўз билан кўра оларди. У ҳақиқий ҳужумкор яримҳимоячи эди. «Палермо»даги тажрибали футболчилар билан курашишни бошлагач, яримҳимоячида атлетизм ҳам шаклланди.

2 йил ўтмай сицилияликлар Пасторени харид қилинган суммасидан 7 баробар қимматга (21 млн евро) «Пари Сен-Жермен»га трансфер қилишади. Париж клубининг янги даври бошланишида Хавьер ўз ҳиссасини қўша олган юқори даражали футболчилар сирасига киради.

Марказий яримҳимоячи: Франко Васкес

Ҳозирда: «Парма» 

Аргентинадан Пасторедек ажойиб футболчини топган «Палермо» раҳбарияти келгуси йилда яна бир иқтидор эгасига сармоя ажратишга қарор қилди. Шу тариқа, «Белграно»дан Франко Васкес топиб келинди.

Айниқса, ҳамюрти Хавьер Парижга йўл олгач, Франко А Серия клубига жуда катта фойда келтирди. 2016 йилда молиявий оғир шароитга тушиб бораётган «Палермо» уни «Севилья»га сотиб юборади.

Андалусияда яримҳимоячи ажойиб мавсумларни ўтказади ва жамоанинг Европа лигасидаги кетма-кет муваффақиятларида ўз ҳиссасини қўшади. Ушбу мавсум аввалида «Парма» «Севилья»да захирага ўрнашиб қолаётган Васкесни ўз таркибига чорлади ва у Италияга қайтди.

Чап қанот яримҳимоячиси: Йосип Иличич

Ҳозирда: «Аталанта» 

Келажаги порлоқ дейилган ҳар қандай футболчи палермоликлар эътиборини тортиши мумкин эди. Йосип Иличични Словения чемпионатидан топиб чиққан скаутлар клубга яна бир ёрқин келажак эгасини тақдим этган эдилар.

Чап оёқдаги кучли зарбаси, ноодатий узатмалари ва яккакурашлардаги устунлиги сабаб Иличич тез орада асосий таркибдан муқим ўрин эгаллайди. Клуб таркибида ўтказган 107та учрашувида у 25та гол ва 18та ассист амалга оширишга муваффақ бўлади. Вингер сифатида ҳаракат қилувчи А Серия ўртамиёна клуби футболчиси учун бу жуда яхши кўрсаткич.

2013 йилда «Фиорентина», 2017 йилда эса «Аталанта»га ўтган Иличич бугун бутун Европа футболида юлдузлар қаторида эътироф этилади. У Бергамо клуби билан Чемпионлар Лигасида ҳам бирмунча ишончли ўйинлар ўтказишга эришди.

Ҳужумчи: Пауло Дибала

Ҳозирда: «Ювентус»

Дибаланинг «Палермо»дан етишиб чиққанини жуда кўпчилик яхши эслаб қолган. Итальян клуби скаутлари уни Аргентина иккинчи дивизиони вакили «Институто»дан топиб олишади ва клуб тарихидаги рекорд сумма – 10 млн фунт-стерлинг эвазига трансфер қилишади.

Клубнинг ўша вақтдаги раҳбари Маурицио Дзампарини ушбу трансферни изоҳлар экан: «Биз янги Серхио Агуэрони харид қилдик», – деб айтганди.

Кўп ўтмай, унга Европанинг кўплаб грандлари қизиқиб қолади. «Ювентус» 2015 йилда 40 млн евро эвазига уни ўз таркибига қўшиб олади ва туринликлар учун ҳам бу жуда яхши трансфер бўлди.

Ҳужумчи: Эдинсон Кавани

Ҳозирда: «Манчестер Юнайтед»

Жанубий Америкадан топиб келинган яна бир жавоҳир. Фақат бу гал «Палермо» скаутлари Уругвайдан иқтидорли ҳужумчи топиб олишади. 2007 йилда «Палермо» «Данубио» футболчисига 5 млн евро сарфлайди.

Ҳа, Эдинсоннинг Сицилиядаги ишлари у қадар ажойиб чиқмаган. У дастлабки 40та беллашувида 7тагина гол уради, холос. Лекин келгуси икки мавсумда умумий 27та тўп киритади ва «Наполи» уни ижарага олишга қарор қилади. «ПСЖ»га «Наполи» тарихидаги энг қиммат футболчи (64,5 млн евро) сифатида кетишидани аввал Неаполь клубида 104та ўйин ўтказиб, 138та голга муаллифлик қилади. Қайд этиш жоизки, уругвайлик ҳужумчи «Наполи»нинг қайта гранд клубга айланишида катта роль ўйнаган. «ПСЖ»да эса у клуб тарихидаги энг яхши тўпурар унвонини Златан Иброҳимовичдан тортиб олишга эришганди.

Ҳужумчи: Андреа Белотти

Ҳозирда: «Торино»

2014 йилда А Серияга кўтарилган «Палермо» ҳужумини кучайтириш мақсадида «Албинолеффе» ҳужумчиси Андреа Белоттини ижарага олади. Палермодаги фаолияти у қадар ёрқин чиқмайди ва шунинг учун ҳам Белоттининг Сицилиядаги йиллари кўпчиликнинг эсида йўқ.

64та баҳсда 16та гол уришга эришган форварднинг натижаси «Торино» эътиборини тортиши учун етарли бўлди. Турин клуби эса келажакда унинг уйига айланди.

«Палермо»даги йиллари у қадар омадли кечмагани ўша даврлардаги иқтидорлар билан боғлиқ. Ҳужумда Васкес ва Дибала каби ёрқин ижрочилар бўлган пайтда Белоттининг ишлари юришмагани тушунарли, назаримда.

Абдулбасит Валихонов тайёрлади.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар