«Барселона» футболчиси Усмон Дембеле Каталония клуби билан шартномани узайтириш борасидаги гап-сўзларга жавоб қайтарди.
«Мана 4 йилдирки мен ҳақимда нималар гапирилаётганни ўқиб бораман, аммо ҳеч қачон ўзимни ҳаттоки, оқлашга ҳам уринмаганман. Одамлар тўрт йилдирки мен ҳақимда ёлғон тарқатишади, мақсад битта – менга зарар етказиш. Аммо мен ҳеч бир танқид ва ёмон сўзларга жавоб қайтармаганман.
Бу хато бўлдими? Шубҳасиз. Бугундан бошлаб менга туҳмат қилмасликлари учун ҳам ўзим ҳақимдаги барча гап-сўзларга очиқ жавоб бермоқчиман. 24 ёшдаман, барча қатори менда ҳам хато ва камчиликлар бор. Қийин даврлар бўлди, жароҳатлар, коронавирусни бошдан кечирдим.
Ҳаттоки машғулот ҳам ўтказмаганимда мураббий мени майдонга туширмоқчи эканлигини айтганида, доим рози бўлганман. Ҳар доим шундай бўлган, чунки бу футболга бўлган иштиёқимдир. Жаҳондаги энг яхши иш билан машғул бўлиш бобида менга нечоғлик омад кулиб боққанини жуда яхши англайман.
Бу борада мурожаат қилаётганимдан мақсадим аниқ – спорт лойиҳалардаги иштироким ҳақидаги хабарларни рад этаман. Мен ҳақида ёлғон тарқатаётганларни, мен ўзимга ишонгандек ишонадиган агентим номидан турли бўҳтонлар тарқатаётганларни қоралайман.
«Барселона» билан амалдаги шартномам бор ва унга кўра мен тўлиқ клуб ва мураббий ихтиёридаман. Мухлислар, жамоадошларим учун ҳам ҳар доим майдонда боримни берганман ва шундай бўлиб қолади. Мен бировларни алдайдиганлардан эмасман ва менга нисбатан шантажларга ҳам берилмайман.
Хабарингиз бор, ҳозирда музокаралар давом этмоқда ва бу борада агентларим ишламоқда. Менинг вазифам – футбол ўйнаб, бундан мухлислар ва жамоадошларим билан бирга баҳра олиш. Энг асосийси, бор эътиборни ғалабаларга қаратиш керак. Ўзингиз ва яқинларингизни эҳтиёт қилинг», - дея ёзади Дембеле инстаграмдаги саҳифасида.
Аввалроқ, «Барселона» ижрочи-директори Матеу Алемани «Барса»га содиқ футболчилар керак, Усмонга жамоадан имкон қадар тезроқ кетиши лозимлигини айтдик», деганди. Жамоа бош мураббийи Хави эса Дембеле клубда қолиш учун ҳаракат қилмаётганини айтиб, уни «Атлетик»га қарши Испания кубоги доирасидаги учрашув қайдномасига киритмаган эди.
Франциялик футболчи Ла Лига жорий мавсумида 6 ўйинда майдонга тушиб, 2та голли узатмага муаллифлик қилган.
Эслатиб ўтамиз, Дембеле 2017 йилги мавсумда Каталония клубига «Боруссия»дан 105 миллион евро эвазига ўтганди.