«Реал» юлдузига Англияда харидор бор, «Барса»да тозалаш. Трансферлар ойнасидаги асосий интригалар
Пайшанба, 20 Январ
14190

Европадаги топ-клубларда қандай ўзгаришлар кутилмоқда?

Европада қишки трансферлар ойнаси ёпилишига икки ҳафтадан камроқ вақт қолди. Топ-клублар таркибларини кучайтириш учун турли вариантларни кўриб чиқмоқда. Қуйида трансферлар бозорида кузатилаётган вазият ҳақида.

«Ман Сити»да ҳужум чизиғи учун янги вариант пайдо бўлди

«Манчестер Сити» янги ҳужумчи қидирмоқда. Аввалига инглиз клуби Эрлинг Ҳоландни қўлга киритишни режалаштираётгани хабар қилинганди, аммо энди вазият бироз ўзгарган. Хабарларга кўра, «Боруссия» ҳужумчиси «Реал»га ўтиш вариантини кўриб чиқмоқда. The Athletic нашрининг ёзишича, «Ман Сити» бош мураббийи Хосеп Гвардиола муқобил вариантни ҳам белгилаб олган. У «Реал»нинг ёш ҳужумчиси Винисиусни жамоасида кўрмоқчи.

Бу масала кўп жиҳатдан Килиане Мбаппега боғлиқ. Агар «Реал» уни ёзги трансферларда сафга қўшиб олса, маошига ва шартнома имзолангани учун бонусга катта пул сарфлашига тўғри келади. Бундай шароитда Мадрид клуби Ҳоландни ҳам таркибга қўшиб олишини тасаввур қилиш қийин бўлади. Агар норвегиялик форвард сотиб олинмайдиган бўлса, ўз-ўзидан «Реал»да Винисиусни сотишга ҳожат қолмайди. Бошқа томондан «Сити» футболчи учун яхши маблағ таклиф этса, бу мадридликларга Мбаппе учун харажатларни қоплаш имконини беради.

Серб жавоҳирига ким эга чиқади?

«Фиорентина» ҳужумчиси Душан Влаҳович — сўнгги йилларда энг самарали футболчилардан бўлмоқда. Унинг хизматларига бир неча клуб жиддий қизиқиш билдираётгани ҳайрон қоларли ҳолат эмас. «Арсенал» сербиялик футболчини яқин кунлар ичида таркибга қўшиб олиш ҳақида ўйламоқда. La Nazione манбаси маълумотига кўра, Лондон клуби форвард учун 70 млн евро тўлайди. Transfermarkt портали Влаҳовичнинг трансфер қийматини айнан шунчага баҳолаган.

«Арсенал»да асосий ҳужумчи Пьер-Эмерик Обамеянг билан муаммолар юзага келган. Габонлик ҳужумчи аввалига интизомсизлиги учун сардорлик боғичидан маҳрум этилди, кейин у ковидга чалинди ва анча вақтдан буён жамоа ўйинларида майдонга тушмаяпти. Бироз олдинроқ у Африка Кубогида иштирок этаётган Габон термаси базасини тарк этди - коронавирусдан кейин унинг юрагида муаммо пайдо бўлгани айтилди. Шунингдек, ОАВ маълумотига кўра, у ва габонликларнинг АПЛда иштирок этувчи яна бир вакили Лемина клуб меҳмонхонасига маст ҳолатда ва бир гуруҳ қизлар билан келган. Sky Sports маълумотига кўра, Обамеянгга Саудия Арабистонининг «Ан-Наср» клубидан таклиф бор. Ар-риёзликлар 32 ёшли футболчини мавсум якунига қадар ижарага олиб, ёзда 7-8 млн еврога сотиб олишни мўлжаллаган. 

Влаҳовичнинг статистикасига қараб, у инглиз клубида африкалик футболчи ўрнини бемалол эгаллай олишини айтиш мумкин. Жорий мавсумда Душан А Сериянинг 21 ўйинида 17 гол уришга улгурди.

«Арсенал» Италиядан яна бир футболчи олиб келиши мумкин. «Ювентус» Миралем Пьяничнинг «Барселона»га Артур Мело эвазига бериб юборилиши хато трансфер бўлганини тан олмоқда. Босниялик футболчи Каталонияда ўзини кўрсата олмади ва «Бешиктош»га жўнатилди, Артур эса ҳамон туринликлар захира ўриндиғи чангини тозаламоқда. Бу вақтда «Арсенал»дан бўлаётган таклиф айни муддао. «Канонирлар» 25 ёшли бразилияликни ижарага олмоқчи, «Ювентус» унга ўринбосар топса, трансферга рози бўлади. Клуб «Челси»дан Рубен Лофтус-Чикни сафга қўшиб олиши мумкин.

«Ювентус» Дибалани қўйиб юборадими?
Пауло Дибаланинг «Ювентус» билан янги шартнома бўйича музокаралари ҳозирча муваффақиятли кечмаяпти. Sky Sport Italia нашри ёзишича, клуб раҳбарияти футболчи маоши қисқаришига рози бўлишини хоҳлаяпти. Агар Дибала рад қилса, жамоани эркин агент сифатида тарк этади. Унинг амалдаги шартномаси жорий мавсум охирига қадар тузилган. Ўз навбатида, «Ювентус» унга ўринбосар сифатида «Рома»нинг ҳужумкор яримҳимоячиси Николо Дзаньоло вариантини кўриб чиқмоқда. Римликлар етакчи футболчиси билан шартномани янгилашга ҳаракат қилмоқда, аммо футболчи «Юве»нинг қизиқишини инобатга олган ҳолда музокараларда танаффус қилиши мумкин.

Суарес АПЛга қайтадими?

«Атлетико» ҳужумчиси Луис Суарес Бразилия клубларидан бўлган уч таклифни рад этди. Бундан ташқари, Саудия Арабистони жамоаларидан бирига рад жавобини берди. Журналист Жерар Ромеронинг маълумотига кўра, 34 ёшли футболчи «Астон Вилла»га ўтишга қизиқмоқда. Ҳозирда бу клубни Суарес билан «Ливерпуль» сафида бирга ўйнаган Стивен Жеррард бошқармоқда. Мураббий форвардни янги клубига таклиф қилмоқда ва Луисни ҳам бундай вариант тўла қаноатлантиради. Бу трансфер қишда амалга ошишини кутиш қийин, мавсум якунида эса Суарес АПЛга эркин агент мақомида қайтиши мумкин бўлади.

Эриксен АПЛга қайтадими?

Даниялик футболчи Қатардаги жаҳон чемпионатига боришни хоҳламоқда. Бунинг учун эса етарли ўйин амалиёти талаб этилади, яримҳимоячи эса Евро-2020даги воқеадан кейин расмий ўйинларда майдонга тушмаган. Ўшанда Кристиан гуруҳ босқичининг илк ўйинида ҳушини йўқотиб, газонга қулаган ва футбол мухлисларини қўрқитиб юборганди. Шифокорлар Эриксенни ҳаётга қайтаришган, аммо у клубсиз қолганди - «Интер» у билан шартномани бекор қилишга мажбур бўлди. Кристианда А Серияда ҳеч қандай истиқбол йўқ эди, бу ерда дефибриллятор билан (футболчига Евродаги воқеадан кейин ўрнатилган мослама) ўйнашга рухсат йўқ.

The Athletic маълумотига кўра, «Брентфорд» (АПЛда 14-ўринда) данияликка шартнома таклиф қилган. АПЛ дебютанти яна бир йилга узайтириш шарти билан мавсум якунига қадар шартнома имзолашни таклиф этмоқда. «Брентфорд» бош мураббийи Томас Франк ўз вақтида Дания ўсмирлар жамоасини бошқарганида Кристиан билан ишлаган. Журналист Николо Шира твиттерида ёзишича, футболчига «Аякс» ҳам талабгор. Эриксен амстердамликлар клубида 2009 йилдан 2013 йилгача тўп сурган ва «Тоттенҳэм»га кетганди.

«Шпорлар» ҳам уни ортга қайтаришга қарши эмас. Жамоанинг янги бош мураббийи, «Интер»да Эриксенга устозлик қилган Антонио Конте данияликнинг Англияга қайтиши мумкинлиги ҳақидаги хабарларга муносабат билдирди: «Ёзда бўлган воқеа — ёқимсиз ҳолат эди. Бу Эриксен билан ишлаганлар, уни яқиндан билганлар учун ҳам ёмон ҳолат эди. Мен ўшанда қўрқиб кетгандим. У яна майдонга чиқишга тайёрланаётганини кўриш ажойиб, бу зўр янгилик. Ўйлайманки, Кристиан учун эшиклар ҳамиша очиқ».

«Барса» Дембелега хайр деди

Ҳеч кимга сир эмас, «Барселона»да молиявий вазият яхши эмас. Каталонлар «Манчестер Сити»дан 55 миллион еврога Ферран Торресни харид қилди, бу трансфер бўйича биринчи транш фақат июлга бориб амалга оширилади. Аммо клуб катта режаларни кўзлаган, бу режаларни амалга ошириш учун эса клуб кераксиз футболчилардан қутулиши керак. Самюэль Умтити маоши камайишига рози бўлди, Филиппе Коутиньо «Астон Вилла»га ижарага берилди, Усмон Дембеле билан эса вингернинг космик талаблари туфайли шартнома узайтирилмайдиган бўлди.

Марка-Андре тер Штеген ва Френки Де Йонг ҳам сотилиши ҳақида гаплар чиққан. «Барса» ёзда Эрлинг Ҳоландни трансфер қилмоқчи, шу туфайли қишдаёқ бир неча футболчи билан хайрлашишга тўғри келади.

Аввалроқ, Хави Дембеле шартномани узайтиришни истамаса, жамоадан кетиши ҳақида айтганди. Сўнгги хабарларга кўра, Дембеленинг кетиши аниқ бўлиб улгурган. «Биз унинг «Барса»да қолишни истамаслигини тўғри тушунамиз ва Усмонга ҳам ўз қароримиз ҳақида маълум қилганмиз. Бизга клубга содиқ футболчилар керак. Унга имкон қадар тезроқ жамоадан кетиши лозимлигини айтдик», деган «Барселона» клуби ижрочи директори Матеу Алемани. 

«Барса» Дембелега ўринбосарларни ўз тарбияланувчилари орасидан қидирмоқда. Diario Sport хабарига кўра, 25 ёшли Адама Траоре «Барселона»га қайтишга қарши эмас. Каталонлар клуби футболчининг агенти Жорже Мендеш ҳамда футболчининг ҳозирги клуби «Вулверҳэмптон» билан яхши алоқаларга эга. «Барса» Франсиску Тринканни бериш орқали (у ҳозирда ижара асосида «Вулвз»да ўйнамоқда) трансфер нархини арзонлаштириши мумкин.

Погба «ПСЖ»да Месси билан бирга ўйнаш учун рекорд даражадаги шартномадан воз кечди
Франциялик яримҳимоячи Поль Погба ёзда «Манчестер Юнайтед»ни тарк этмоқчи. Қатор манбалар, жумладан The Times ва Le Parisien ҳам шу ҳақда ёзган. Унинг учун устувор вариант — «ПСЖ». Аввалроқ «МЮ» Погбани АПЛнинг энг юқори маош тўланувчи футболчисига айлантиришга тайёр экани ҳақида хабарлар тарқалганди. The Sun маълумотига кўра, манчестерликлар раҳбарияти Полга ҳафтасига 600 минг тўлашга рози. Афтидан, Погба рекорд даражадаги шартномадан бош тортган.

«Ювентус» ва «Манчестер Юнайтед» Марсиял бўйича келиша олмаяпти
Икки клуб музокаралари боши берк кўчага кириб қолган. «Ювентус» футболчини мавсум охирига қадар ижарага олмоқчи, «МЮ» жса франциялик форвардини фақат бир шарт билан қўйиб юборишга рози бўлади. Бунинг учун итальян клуби Марсиялнинг шартномаси бўйича барча шартларни зиммасига олиши даркор. «Юве» бош директори Маурицио Арривабене бундай шартлар клубни қониқтирмаслигини маълум қилган. Инсайдер Фабрицио Романо «Юве» раҳбариятидаги манбасига асосланиб ёзишича, «Манчестер Юнайтед» ён бермоқчи эмас. Марсиялнинг ўзи эса бошқа клубга кетишни хоҳламоқда.

«Челси» ва чап қанот ҳимоячиси
АПЛнинг 12 туридан кейин Томас Тухел жамоаси атиги беш гол ўтказганди. «Кўклар»нинг сўнгги 11 ўйинида эса фақат битта ўйинда дарвоза дахлсизлиги сақлаб қолинди. Асосий сабаблардан бири — жароҳатлар, жумладан қанот футболчиларининг сафдан чиқишидир. Ўнгда Рис Жеймс ўрнини тажрибали Сезар Аспиликуэта тўлдириши мумкин бўлса-да, чап қанотда Бен Чиллуэлнинг жароҳатидан кейин «Челси»да жиддий муаммолар юзага келди. Баъзи ўйинларда Маркос Алонсодан ташқари бу нуқтада ҳатто вингер Каллум Ҳадсон-Одои ҳам ўйнашига тўғри келди.

Кўклар Люк Динни сафга қўшиб олмоқчи эди, аммо француз «Эвертон»ни «Астон Вилла»га алмаштирди. «Лион» «Челси»дан ижарага олинган Эмерсонни қайтаришни истамаяпти, чунки у француз клубида айни вақтда асосий таркибнинг муҳим футболчисига айланган. «ПСЖ»нинг асосий таркибидан тушиб қолган Леван Курзава ҳақида ҳам гаплар бор, аммо булар ҳозирча миш-мишлар. «Челси» январдаги трансферлар ойнаси охиригача чап қанотга футболчи топа оладими - бу ҳамон сўроқ остида қолмоқда.

«Ньюкасл»нинг харидлари
Англияда яна бир топ-клуб тузишмоқчи. Саудия Арабистонидан келган инвесторлар билан «Ньюкасл» Англия футболининг элитасига чиқиши мумкин. Аммо бунинг учун «қарғалар» жорий мавсумда АПЛда қолиш вазифасини уддалаши керак бўлади.

Бунинг учун «Атлетико» билан Испания чемпиони бўлган Киран Триппьер Англияга қайтарилди, шунингдек «Бёрнли»дан Крис Вуд сотиб олинди — 30 ёшли янги зеландиялик учун 25 миллион фунт тўланган. Sky Sport Italia маълумотига кўра, «Аталанта»нинг германиялик ҳимоячиси Робин Гозенс ҳам «Ньюкасл» билан келишувга эришган - унга 2025 йилга қадар амал қилувчи шартнома ва йилига 3,5 миллион евро миқдорида маош таклиф этилган. Шунингдек Жоржиньо Вайналдумни «ПСЖ»дан ва Донни ван де Бекни «Манчестер Юнайтед»дан ижарага олиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар