Осиё Чемпионлар лигаси Ғарб минтақаси гуруҳ босқич ўйинлари бир неча мамлакат эмас, битта мамлакатда ўтиши кутилмоқда.
Маълумотларга кўра, ОЧЛ гуруҳ босқич иштирокчиси «Пахтакор» ўз гуруҳи ўйинларини Тошкентда ўтказишга тайёрлигини маълум қилиб, мезбонлик борасида ОФКга таклиф жўнатган. Шунингдек, «Насаф» ҳам гуруҳ босқичига йўлланма олса, ўз гуруҳидаги ўйинларни Қаршида ўтказишга тайёр. Аммо ОФК ОЧЛ гуруҳ босқич ўйинларини 5та мамлакат эмас, битта мамлакатда ўтказмоқчи. Ташкилот 3 турдан иборат гуруҳ ўйинларини марказлашган ҳолда катта эҳтимол билан Саудия Арабистонида ўтказиши мумкин.
Маълумот учун, Ўзбекистон чемпиони «Пахтакор» «Дуҳайл», «Сепахон» клублари билан D гуруҳидан ўрин олди. Гуруҳдаги тўртинчи жамоа «Ат Тавун» ва «Ал Жаиш» ўртасидаги плей-офф баҳсида аниқланади.
Агар «Насаф» 15 март куни ўтиш ўйинида сафарда «Банияс» (БАА) устидан ғалаба қозонса, Е гуруҳидан жой олади ва Суперлигада 2-ўринни олган «Сўғдиёна»га ОФК Кубоги йўлланмасини тақдим этади. Аксинча, Қарши клуби мағлуб бўлса, ўзи ОФК Кубогида қатнашади.
Эслатиб ўтамиз, янги мавсумдан бошлаб турнир «куз-баҳор» тизимида ўтказилади. Гуруҳ босқичи 2022 йил апрел ойида, плей-офф баҳслари ва финал 2023 йил февралида бўлиб ўтади.